Таниқли шоир, меҳрибон устоз Саъдулла Ҳакимовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда

2021-03-25T14:38:55+05:0025 Mart, 2021|Умумий янгиликлар|

ЁДНОМА!

Бугун Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси собиқ (марҳум) раиси Саъдулла Ҳакимов таваллуд топган кун. Шоир ҳаёт бўлганларида бугун қутлуғ 70 ёшни қаршилаган бўлар эди.

Саъдулла Ҳакимов 1951 йил 25 мартда Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилган. 1977 йили Тошкент давлат (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлаган.

У ўзининг ижодий ва меҳнат фаолиятини Ғаллаорол туманида ўқитувчиликдан бошлаган. Кейинчалик, “Ўзбекистонда социал таъминот” журнали масъул котиби, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бўлим мудири, масъул котиб, бош муҳаррир, “Маърифат” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари, “Туркистон-пресс” нодавлат ахборот агентлиги бош директори, каби вазифаларида самарали меҳнат қилди.
Саъдулла Ҳакимов ўзининг сермазмун, бадиий юксак шеър ва достонлари, драматик асарларида она юртимиз ва халқимизга, миллий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғусини катта маҳорат билан тараннум этди. Унинг бетакрор ижодининг миллий руҳи ва халқчиллиги, ҳаётийлиги билан адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади.

Шоирнинг “Ҳамал тонглари” (1981), “Сен кутган баҳор” (1986), “Ёз оқшоми” (1996), “Она сўз” (2000), “Сайланма” (2001), “Кўнгил юзи” (2006), “Кўҳна нақл” (2011) шеърий китоблари адабиёт ихлосмандларига яхши таниш.

У моҳир таржимон сифатида Гёте, Пушкин, Лермонтов, Есенин, Юнус Эмро каби таниқли немис, рус ва турк шоирларининг асарларини ўзбек тилига ўгириб, миллий адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшди.

Саъдулла Ҳакимовнинг сўнгги йилларда нашр этилган “Сайланма”, “Бола Ботир”, “Кўнгил юзи”, “Кўҳна нақл”, “Оқсарой” номли китоблари ҳамда вақтли матбуотда чоп этилган шеър ва достонларида истиқлолнинг халқимиз ҳаётидаги тарихий аҳамияти авж пардаларда тараннум этилган.

Саъдулла Ҳаким Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси сифатида мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соҳа ходимларига зарур шарт-шароитлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратиб келди.

Саъдулла Ҳакимов 1996 йилдан 2000 йилга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ахборот маркази раҳбарининг ўринбосари, раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича Давлат маслаҳатчиси ўринбосари каби масъул лавозимларда самарали фаолият олиб борди.

У тажрибали ижодкор, жонкуяр ташкилотчи сифатида кўплаб ёш истеъдод эгаларига устозлик қилди.

Саъдулла Ҳакимов Ватан ва юрт олдидаги хизматлари учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, “Меҳнат шуҳрати”ордени билан тақдирланган.
Таниқли шоир, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Саъдулла Ҳакимовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси