«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-24T18:36:26+05:0024 Mart, 2021|Олтин қалам|

ЭСИЗ, 11 ЙИЛ ЗОЕ КЕТДИ-Я…

НЕГАКИ 2020 ЙИЛИ 12 ТА МАКТАБНИНГ ЖАМИ 495 НАФАР БИТИРУВЧИСИДАН 31 НАФАРИ ОЛИЙГОҲ ТАЛАБАСИ БЎЛДИ ХОЛОС

 

«Деҳқоннинг меҳнати 1 йилдаёқ кўринади. Ўқитувчи меҳнатининг натижасини эса 10 йилда сарҳисоб қилинади» деган гапларни кўп бор эшитганмиз ва ҳар йили яратилган хирмонни илгариги йилларга таққослаймиз. Тарози тош босса қувонамиз, кўрсаткич пасайган бўлса, турли баҳоналарни рўкач қилиб тасалли берамиз ўзимизга. 2020 йилда туманимиз деҳқонларининг ҳосил чўғи чўнг бўлди. Мингбулоқлик одам борки, қувончининг чеки йўқ. Ўзлари айтмоқчи, «ҳосил»и 10 йилда кўринадиган ўқитувчиларимизнинг аксарияти ҳам хурсанд. Айниқса, 13-ДИМИ, 14, 21, 43 каби қатор мактабларнинг педагоглари, уларда ўқиган ўқувчилар ва ота-оналари. Негаки битирувчиларнинг кўп қисмига олийгоҳларнинг талабаси бўлишлик бахти насиб этганди-да.

Фермер хўжаликларининг экин ҳосилдорлигида кўрсаткичлар турлича бўлгани каби мактаблар эришган натижалар ҳам ҳар хил, албатта. Юксак марраларни забт этганлари қаторида кўчатларининг сонига маҳлиё бўлиб юраверган пахтакорлар ер чизиб қолишганидек, ўқувчилари миқдорини ҳисоблагану билимига эътибор бермаган мактаблар раҳбарлари ҳам мулзам. Улардан 12 таси ўтган ўқув йилида битирган 11-синф ўқувчилари олий таълим муассасаларига киришлари бў­йича ҚИЗИЛ мактаб рўйхатидан жой олган. Булар орасида ташкилотчилиги, янгиликка интилувчанлиги билан муносиб мавқега эга бўлган 5, 27, 45-мактаблар борлигига жудаям ачиндим. Афсус. Лекин билимнинг ўрни бошқача экан. Қозонда бори чўмичга чиқаркан.

«Қизил» тоифасига тушганлардан бири 34-мактаб. 2017 йилдан буён унга Муҳаммадсобир Тошматов директор. Якунланган ўқув йилида 27 нафар ўқувчи мактабни битирган. Улардан 1 нафаригина олийгоҳ талабаси бўлди.

Буларнинг асл сабаблари нимада?

Биринчиси – Президентимиз таълим тизимига, ўқитувчиларга беқиёс эътибор қаратиб, бемисл ғамхўрликлар кўрсатаётганини чуқур ҳис этмаган ҳолда ишланаётгани. Бундай ғамхўрликларга амалий иш билан жавоб қайтаришдек руҳ, шижоатни сезмадик жамоада. Муқаддам қандай иш юритилган бўлса, шу зайлда ишланаверди. Маошлару мукофотларни вақтида олишаётган, имтиёзлардан ҳамма қатори баҳраманд бўлишаётган бўлса, ошиқча жон куйдиришдан не наф уларга?

Иккинчиси – ўқитувчиларнинг касб маҳоратларини ошириш борасидаги фаолиятлари етарли даражада эмас. Ўқувчиларнинг фан олимпиадаларида иштироклари қониқарсиз аҳволда. Ўтган йили бирор нафар ўқувчи ҳатто туман босқичида ўрин эгалламаган.

Учинчиси – маънавий-маърифий ишлар ўлда-жўлда…

Бахтиёр Хатамов (9), Муҳаммаджон Ҳусанов (27), Муҳаббат Эргашева (29), Донохон Хўжанова (45), Рўзибой Атаханов (46) директорлик қилаётган мактабларнинг ҳам атиги 1 нафардан, Ҳошимжон Бўронов (5), Илҳомжон Ас­қаров (18) директорлик қилаётган мактабларда 2 нафардангина ўқувчи олийгоҳ талабаси бўлишган. Директорлардан Ўғилхон Дадажонова (1), Раҳима Шаропова (4), Абдуқаҳҳор Нажмиддинов (12), Каромат Долимжонова (13)лар эса битирувчиларнинг бор-йўғи 8-9,75 фоизи ОТМларга киришига эришганликларини қандай баҳолаш мумкин? Бир мактабнинг 100 нафар ўқувчисидан 5 нафаригина талаба бўлганлиги ниҳоятда ажабланарли эмасми?

1, 18, 29, 45-мактаблардан бирор нафар ҳам ўқувчи фан олимпиадаларининг вилоят босқичида қатнашмаган. Номлари саналган мактаблардан қатнашган ўқувчиларнинг барчаси вилоят босқичида туманда эришган натижасидан паст балл тўплагани жудаям таажжубланарлидир.

Ўқитувчиларнинг тоифаси бўйича 1, 4, 9, 27-мактаблар туман бўйича 30-ўриндан юқорида. 1, 18, 27, 46-мактабларда бирор нафар ҳам ўқитувчи олий тоифага эга эмас. Бу рақамлар мазкур илм масканлари ўқитувчиларининг билим даражалари қандайлигини яққол кўрсатиб турибди.

Яна бир мулоҳаза. Ушбу мактаблар ўқитувчиларининг олийгоҳларга ҳужжат топширган фарзандлари ҳам бордир? Лоақал ўз жигарбандларини олийгоҳларга киритиш ҳаракатини қилишганида ҳам кўрсаткич анча ошармиди?

«Қизил» тоифасидаги 12 та мактабда жами 434 нафар ўқитувчи ишларкан. Улардан 14 нафари олий, 89 нафари 1 ва 147 нафари 2-тоифага эга. Лоақал олий ва биринчи тоифали ўқитувчиларнинг ҳар бири 1 нафардан ўқувчисини олийгоҳга тайёрлаганида ҳам 103 нафар ўқувчини олийгоҳга киритилган бўларди. 184 нафар мутахассисни-ку қўя турайлик.

Фан олимпиадалари масаласида ҳам шундай фикр. Ҳар бир фан ўқитувчиси ҳеч бўлмаганда бир нафардан ўқувчиси ёки фарзандини олимпиадага тайёрлаши ҳам мумкин эди-ку!

Булардан кўриняптики, кўплаб ўқитувчиларимиз нафақат ўқувчилари ва ҳатто ўз фарзандлари тақдири билан қизиқишмаган. Юқори натижаларга эришиш учун ўзларида кучли хоҳиш, ғайрат-шижоат, жасорат топмаганлар. Янаям аниқроғи «Кун тинч ўтсагина бўлди» қабилида ишлашган. Бу ёш авлод умри ва келажагига хиёнат билан баробар эмасми?

Ўқитувчилар «ҳосил»и 10 эмас, 11 йилда ҳам  тарози босмаганлиги, қозондагиси чўмичга чиқмаганлигининг асосий омиллари ана шулардир…

Мақоламизни Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги қуйидаги сўзлар билан мухтасар қилишни лозим топдик: «Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим.

Ушбу мақсад йўлида ёшларимиз ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришишлари учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – барчамиз учун энг устувор вазифа бўлиши зарур. Шундагина фарзандларимиз халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли кучга айланади».

ТАҲРИРИЯТДАН: Туман халқ таълими бўлими (Ҳ. Мақсудова) билан Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмаси (А. Якубов)нинг кенгайтирилган таркибдаги қўшма йиғилишида мактабларнинг барча раҳбарлари иштирокида мазкур масала атрофлича муҳокама этилди. Талаблар даражасида фаолият юритмаганликлари, ўқувчиларга таълим беришни етарли ташкил этмаганликлари, ўқувчиларнинг билим доираларини кенгайтиришга ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга панжа орасидан қараганликлари учун номлари зикр этилган директорларнинг ўринбосарларига айбларига яраша тегишли чоралар кўрилди. Директорларга нисбатан қандай чора кўриш эса халқ депутатлари туман Кенгашига ҳавола.

Қосимжон АКБАРОВ,

«Мингбулоқ» газетаси муҳаррири.

2021 йил 4 февраль №3

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.8 / 5. Baholaganlar soni: 5

OAV nomi va parolini kiriting!