Устоз Саъдулла Ҳакимов таваллудининг 70 йиллигига

2021-03-24T14:18:48+05:0024 Mart, 2021|Умумий янгиликлар|

Саъдулла акани  хотирлаб

       2007 йилнинг кузи эди, янглишмасам.   Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондида  лойиҳа раҳбари  бўлиб ишлардим. Республика конференцияси ўтказаётгандик.  Мавзу долзарб: таҳририятлар фаолиятини замон  талаблари асосида такомиллаштириш масалалари.

Саъдулла ака ўшанда Туркистон-пресс нодавлат ахборот агентлиги бош директори эди. У кишига ҳам сўз навбати келди.

– Дунёни манфаат бошқаради, – деб бошлади сўзини Саъдулла ака. – Агар журналистнинг манфаати қондирилса, унга ишлаш, ижод қилиш учун  моддий ва маънавий рағбат берилса, шунда таҳририятнинг иши юради, шунда газета-журналларимиз нуфузи ошади, ўқишли материаллар кўпаяди.Ахир ҳозир уч-тўрт нашрни ҳисобга олмаса, қайси газетада ходимлар  кун  ўтказишга етарли  маош оляпти.

Саъдулла аканинг сўзлари даврани жонлантирди. Баҳс-мунозаралар бошланиб кетди.  Аслида бу сўзлар ҳамманинг дилида эди, аммо  хали у вақтларда  дилдаги ҳар доим ҳам тилга чиқавермас, муаммолар тагзамини кўп ҳолларда  юрак тубида  қолиб кетаверарди.

*      *     *

    Орадан йиллар ўтди, 2016 йилнинг сўнгги кунларида республика журналистлари конференциясида Саъдулла ака Журналистлар ижодий уюшмасига раис этиб сайланди.

Янги раҳбар келганда  ҳар кимнинг кўнглида бироз безовталик  бўлади: бу одам билан ишлаб кета олармикинман?

– Мен сизлар билан  ишлайман. Аниқроғи, сизлардан иш ўрганаман, чунки, уюшма фаолиятини мендан яхши биласизлар. Лекин менинг ҳам сизларга ўргатадиган  тажрибам йўқ эмас. Хуллас, бирга, бир-биримиздан ўрганиб ишлаймиз, деб айтдилар Саъдулла ака биринчи мажлисимизда.

Мен аввал ҳам бир неча раҳбарлар билан ишлаганман, лекин ҳеч кимдан бундай сўзларни эшитмаган эдим. Бошқалар ҳам шундай ҳолатда. Кўнгилдаги  безовталик мумдай эриб кетди, енгиллик ҳис қилдик.

Саъдулла ака уюшма ва бизнинг  ҳаётимизга шундай кириб келди. У кишига  тез ўргандик, гўё неча йиллардан бери бирга ишлаб келгандек қадрдон бўлиб қолдик..

Саъдулла ака билан  ишлаш жуда кўнгилли  ва осон эди.  Ҳеч вақт овозини баланд кўтармас, фасоҳат билан сўзлар,  хатто койишларини эшитиш ҳам дилга  оғир ботмасди.

Янги раҳбар уюшма фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни тартибга солиш, уларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, уюшма низомини шахсан  ўзи жиддий   кўриб чиқди, таниқли журналист Сафар ака Остонов билан уни қайта ишлашди, ҳуқуқшунослар назаридан ўтказишди. Қиёмига етгандан кейин  республика конференцияси кун тартибига қўйилди ва  берилган таклифларни инобатга олган ҳолда янги таҳрирда қабул қилинди.

Саъдулла  ака   ишга келган дастлабки кунлариданоқ, уюшманинг ўз молиявий манбаини юзага келтириш масаласини бирламчи вазифа сифатида қўйдилар. Чиндан ҳам Журналистлар ижодий уюшмаси 2004 йили ташкил этилган, орадан шунча вақт ўтган бўлишига қарамай, ўз молиявий манбаига эга эмасди. “Олтин қалам” Миллий мукофоти, “Йилнинг энг фаол журналисти” каби  машҳур ва катта маблағ талаб этиладиган   танловлар  ўтказиб келадиган  уюшманинг ўзи фақирона кун ўтказар, ходимлар ойлик маоши жуда кам,  бунинг устига пул топилмай қолса,  бир неча ойлаб маошсиз қолган  пайтларимиз ҳам бўлганди. Хуллас, вазият пишиб етилганди, лекин, биз молиявий манбага эга бўлишимиз мумкинлигига ишонқирамай қарардик. Чунки. шу вақтга қадар ҳам бу борада кўп ҳаракат қилиб кўрилганди. Йўқ, Саъдулла ака ишга жиддий киришдилар.

– Ёзувчиларда “Ижод” фонди бор, бизники эса   “Илҳом”  бўлади, деб  тушунтирдилар ўз  ғояларини.

Бунинг ўзи бўлармиди, озмунча елиб-югурмадилар. Озмунча тажрибаларни ўрганмадилар. Фонд низоми лойиҳаси тайёрланди. Ниҳоят, зудлик билан Фонд ташкил этилиши  бўйича ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ олинди.

Мен шунда Саъдулла ака қанчалик   завқ билан ишлашларини кўрдим. Ўша куни атрофларига ҳамкасб дўстлари ва шогирдларини тўпладилар. Гуруҳда кимлар йўқ дейсиз. Сафар ака Остонов, Ўктам Мирзаёров, Халим Саидов… яна мен билган ва билмаган бошқа журналист ва мутахассислар. Шу куни кабинетлари гавжум, бахс-мунозара қизғин бўлди. Мен эса уларга  керакли  маълумотларни топиб етказиб турибман. Айтмоқчи, оқшом чўккач, бир файзли дастурхон ҳам ёзилди. Кеч  соат ўнга яқинлашгач, Саъдулла ака менга жавоб  бердилар. Ўзлари қолишди.

Эрта билан   ишга келсам, эшикбон:

– Сизникилар яқинда кетишди, тинчликми?-деб қолди.

Бунисига қойил қолдим!  Роса ишлашибди-да.

Шу куни Саъдулла ака тушга яқин  келдилар.

– Кеча тугатдингларми?- деб ҳол-аҳвол сўрагандим.

– Ҳа, мана,  сиз ҳам бир ўқиб кўринг-чи?- деб  компьютеримга электрон нусҳасини ташлаб бердилар.

Ўқиб чиқиб, хавасим келди, жуда мукаммал ишланганди.

Тўғри, ҳужжат  қабул қилиниш жараёнида ўзгарди ва фонд  фақат Журналистлар уюшмаси эмас, балки  бизга ўхшаш  молиявий манбага эга бўлмаган бир қатор бошқа тузилмалар фаолиятини  ҳам молиялаштирадиган бўлди ва бу адолатли қарор эди. Аммо, ўша кунги иш жараёни менинг хотирамга бир умр муҳрланди.

Шу тарзда уюшмамиз ўз молиявий манбаига эга бўлганди. Айтмоқчи, давлат раҳбарининг  бу  ҳақдаги қарори  эълон қилинишини кутиб юрган пайтларимизда яна бир оламшумул воқеа юз берди: 2017 йил 3 август куни мамлакат Президенти республика ижодкор зиёлилари вакиллари  билан  тарихий учрашув ўтказиб, унинг давомида ижодий тузилмаларга бақувват  компания ва молия ташкилотлари ҳомий сифатида бириктирилди. Улар ўртасида Дўстлар клублари  тузиладиган бўлди. .Уюшмага Республика товар-хом ашё биржаси ҳомий этиб бириктирилди.. Буниси янада қувончли бўлди. Энди эркин нафас олиб, соҳани ривожлантириш, журналистларни  қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари ҳақида  астойдил ҳаракат қилиш вақти келди. Бу борада  ишлар бошлаб юборилди. Улар самараси сифатида ёш журналистларнинг сара асарларидан жамланган “Ёш юраклар садоси” тўпламини ҳам кўриш мумкин.

Шу ўринда бу тўпламга  Саъдулла ака ўзлари  ном қўйганларини, унга киритилган ҳар бир материални диққат билан ўқиганларини, ўзларига кўпроқ манзур бўлганларини алоҳида қайд этиб қўйганларини айтиш жоиз. Китоб муқоваси дизайнини танлаш ҳам осон бўлмади.  Дизайнерлар кўп таклифлар беришди, бироқ, уларнинг ҳеч бири устозга маъқул  келмади. Охири ўзлари  ғоя бердилар ва шу ғоя асосида яратилган дизайн  жуда чиройли ва  китобга мос бўлди. Китоб кейинчалик  туркумга айлантирилди ва яқинда  иккинчи тўплам – ёш журналистларнинг пандемия  вақтидаги  асарларидан таркиб топган  “Умид ёғдуси” нашрдан чиқди. Унинг биринчи саҳифасида “Ғоя муаллифи – Саъдулла Ҳакимов” деб ёзиб қўйилган.

Фаҳрийлар, эҳтиёжманд журналистларни моддий қўллаб-қувватлашга, саломатликларини тиклашга алоҳида эътибор қаратилди.   Наврўз, Хотира ва қадрлаш куни, Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни, Мустақиллик байрами ва бошқа байрам саналари  арафасида совға-саломлар билан улар холидан хабар олинадиган бўлди.

Яна  уюшма тарихида илк бор   кенг кўламда халқаро  алоқаларни йўлга қўйишга эътибор қаратилди. Хусусан, Россия Журналистлар уюшмаси, Корея Журналистлар ассоциацияси, Бутунхитой Журналистлар ассоциацияси каби нуфузли ташкилотлар билан  келишувлар имзоланди, уларга кўра бу мамлакатлар  журналистик ташкилотлари билан ўзаро борди-келдиларни йўлга қўйиш, ёш журналистларни бу мамлакатларга малака оширишга юбориш, хорижлик таниқли  медиа экспертлар иштирокида тренинглар ташкил этиш каби чора-тадбирлар  режалаштирилди ва бу борада  муайян ишлар бошлаб юборилди.

*     *    *

     Бир куни кабинетларига кирсам, хаёлчан ўтирган эканлар. Ноутбук экранига имо қилдилар: ям-яшил  оддийгина қишлоқ, адирликлар  манзараси акс этганди.

– Мен шу ерда туғилиб-ўсганман,- овозларида соғинч аралаш ғурур сезилди.

Чиндан ҳам оддий  ва файзли ўзбек қишлоғи.. Мен бу ерда ҳеч бўлмаган эсам-да, унинг кенгликларини ҳис қилдим. Дилимдан ўтди: Саъдулла акадаги  бағрикенглик, самимият, эҳтимолки, мана шу  манзаралар   таъсиридир.

Аксарият ишхоналар каби биз ҳам таваллуд кунларимизни  ўз даврамизда камтарона нишонлаб юрамиз. Табрик сўзини эса табиийки, Саъдулла ака  айтадилар, айтганда ҳам дилни  ёриштириб сўзлайдилар.

Менинг туғилган кунимдаги табрик сўзлари ҳам одатдагидек чиройли ва бетакрор бўлди. Сўзлари орасида “Мавжуда менинг синглим” дедилар. Аслида бу сўзлар  туғилган  кунда айтиладиган оддий сўзлардан бўлса-да, уни шунчалик меҳр  ва самимият билан айтдиларки,  сингиллик мартабаси кўнглимни кўкларга кўтарди, кимларнинг(аёллар) нигоҳида эса рашк ўти учқунлади. Кейинчалик   бирон сабаб билан мени мақтаб қўйсалар,  “албатта, ахир у сизнинг синглингиз-ку”, – деб хазил аралаш чимдиб қўядиганлар топиларди.

*       *      *

    Кундалик фаолият югур-югурлари, гоҳ қувонч, гоҳ ташвишлари билан банд, бироқ тинч-осуда ҳаётимизга 2020 йили машъум коронавирус  балоси раҳна солди. Йил бошида тузилган режалар издан чиқди, начора, юртга келган тўй… карантин шароитидан келиб чиқиб он-лайн ишлашга ўтдик. Устувор мақсад  пандемия шароитида алоҳида фаоллик кўрсатаётган ОАВ ходимларини  рағбатлантириш, эҳтиёжманд фаҳрийлар ва журналистларни қўллаб-қувватлашга қаратилди. Хусусан, 3 май Жаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида шифокорлар каби бошқа касб эгалари сингари ҳаётини хавф остига қўйиб ишлаётган 50 нафар журналист қимматли совғалар билан тақдирланди. 27 июнь, Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни 27 нафар йилнинг энг фаол журналистлари аниқланиб  мукофотланди. Шу билан бирга  республика миқёсида кам таъминланган, эҳтиёжманд фаҳрий журналистлар холидан хабар олинди. Шу ўринда бир гап, Саъдулла ака  эҳтиёжманд  журналистлар ва фахрийларга кўрсатилган моддий ёрдам ҳақида ОАВга материал  берилишини истамасдилар: “бундай нарсалар  гапирилмайди, одамнинг кўнгли нозик бўлади. Агар лозим топса ўзлари гапиришар,”- деб қўярдилар.

Саъдулла ака бизни ижодий фаол бўлишга чақирар, бунда ўзлари ўрнак эдилар, бир дақиқа бўлсин, ижоддан тўхтамадилар. Телевидение орқали қилган долзарб мавзулардаги ўнлаб чиқишлари, газеталарда эълон қилинган мақолалари билан дунё бошида турган бу балога қарши курашдилар.  Бу даврда  кўп гўзал  шеърлар ҳам ёздилар. Айтмоқчи, “Муҳаббат ва Бунёд” достони айни шу карантин кунлари яралди  ва муҳлисларга тақдим этилди.

Саъдулла ака шеърий асарлари газета-журналларда чоп этилса, бир нечтасини олиб бизга улашиш одатлари бор эди. Бугун қарасам жовонимда анчагина газета йиғилиб қолган экан. Саъдулла ака билан ишлаган  маъсуд кунларимиздан хотира….

*     *     *

   Сардоба воқеаси Саъдулла акани қаттиқ  қайғуга  солди. Ёдимда, ўша куни эрта билан уйга қўнғироқ қилдилар.

– Сардобани эшитдингизми?-телефон гўшагидан овозларидаги титроқ яққол сезилди.

Карантин эмасми, уйда у-бу ишга чалғиб, хали интернетга  киришга улгурмагандим. Лекин  одатда хотиржам  сўзлашадиган Саъдулла аканинг овозларидаги титроқдан аҳвол оғирлигини тушундим.

–  Ишқилиб одамлар…

– Билмадим. Ёмон фожиа бўлганга  ўхшайди. Қариндошлар ҳам бор эди у ёқда. Уларнинг ҳоли нима кечди экан. Боғлана олмадим…

Карантин бўлишига қарамай, биринчи имконият туғилиши билан Сардоба томон йўл олдилар.У ердаги аҳвол билан танишдилар, жабрдийдалар билан суҳбатлашдилар. Булар кўп ўтмай газеталардаги ҳароратли мақолалари, телевидениедаги чиқишларида  ўз аксини топди.

*         *       *

     Куз кунлари. Карантин анча юмшаган, аҳоли сал эркин нафас ола бошлаган бир  пайтда Саъдулла аканинг тоблари қочди:  ковид…Касалхонага ётдилар. Аввалига хавотирга ўрин йўқдек туюлди, негаки, Саъдулла ака биз суянган, ишонган бақувват  чинор эдилар. Бу чинорнинг қулашини тасаввур қила олмас эдик. Бошқалар  каби бир муддат  даволаниб, яна сафимизга қайтадилар, деб ўйлаган эканмиз биз хом сут эмган бандалар. Ғофиллигимизнинг яна бир сабаби: кейинги вақтларда атрофимизда кўпчилик ковид билан оғриган,  даволаниб соғайиб чиққан эди.

Тез-тез телефон орқали ҳол-аҳвол сўрашиб турдик. Дастлабки кунлар  аҳволлари у қадар оғир эмасдек эди. Аниқроғи, буни сездирмасликка ҳаракат қилдилар, касалхонада ҳам ноутбуклари ёнларида,  ижод қилдилар.

Биринчи октябрь –Ўқитувчи ва мураббийлар  куни  олдидан давлатимиз раҳбари  ўз нутқида болалар  матбуотини ривожлантиришга  алоҳида тўхталди. Ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Бу фикрлар  Саъдулла акага қаттиқ таъсир қилди чоғи, бир пайт қўнғироқ  қилиб қолдилар:

– Президентимизнинг кечаги чиқишларига муносабат билдирмасак бўлмайди. Матбуот ҳақида куйиниб гапирдилар. Яхши таклифлар билдирдилар. Мен бир мақола ёздим. Бир-икки жойига кўп  нуқталар қўйганман. Уюшмага оид ўзингизда бор маълумот, рақамлар билан тўлдириб беринг.

Овозлари бўғиқ,хаста эди.

– Тузукмисиз? Овозингиз бўғилибди…

– Ҳа. шу ўтиб кетмаяпти. Тузук бўлиб қолар…

Бетоб ҳолатда ёзганларига қарамай, мақола  мукаммал, ўқишли эди. Айтилган жойларни бир-икки  маълумот  ва рақамлар  билан тўлдирдим. Икки  кун ўтмай мақола “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилди.

Бу Саъдулла аканинг охирги мақолалари эди…

Кейин аҳволлари оғирлашди…

Биз суянган, ишонган чинор …. қулади, дейишга тил бормайди. Орадан неча ойлар ўтди, бироқ,  бунга кўниш  хануз оғир. Хануз  у кишини эсламаган, номларини тилга олмаган кунимиз йўқ.

Наздимда, узун йўлак бошида баланд  бўй-бастлари кўрингандек бўлади. Кабинетлари  эшигини очгим, ноутбукда ўзларига хос  берилиб, диққат билан ишлаб ўтирганларини кўргим келади…

Не қилардик, Яратганнинг иродаси…

*    *    *

  Саъдулла ака кўнгилларимизга чироқ ёқиб  кетдилар. Бу  чироқ бизга кўрсатган устозлик меҳри, самимият, ҳар биримизга қилган  яхшиликлари, оталарча ўгит-насиҳатлари  бўлиб  шуъла сочади.

Мавжуда Йўлдошева,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари в.б