«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-24T11:56:15+05:0024 Mart, 2021|Олтин қалам|

МАЪНАВИЯТИМИЗ КЕМТИКЛАРИ

 

ОТА – ОНА ДУОСИ

МИЛЛИЙ ҒОЯНИНГ БИР БЎЛАГИДИР

Ёшларимизнинг у ёки бу соҳада эришаётган мувафаққиятлари барчамизни қувонтиради, қалбларда фахр-ифтихор туйғусини жўш урдиради. Бироқ бу ютуқлар билан кифояланиб қолмаслигимиз учун миллий ғоя тарғиботи ва маънавий маърифий ишларимиз самарадорлигини ошириш масаласи олдимизда турган муҳим вазифа эканлигини ҳам унутмаслигимиз зарур. Ҳўш, миллий ғоя тарғиботи қаердан бошланиши мумкин? Бу билан аввало кимлар шуғулланишлари даркор?!

Бундан бир неча йил муқаддам вилоят ташкилотларининг бирида раҳбарлик қилаётган киши ўзаро суҳбат асносида бир маъноли фикр билдирганди: “Мен имкон қадар ҳеч бўлмаса эрталабки нонуштани фарзандларим даврасида қилишга ҳаракат қиламан. Чунки, дастурхон атрофидаги кичик бир мулоҳаза ва насиҳатларим фарзандларимнинг комил инсон бўлиб тарбияланишида асқотиштга умид боғлайман. Шукур, гарчи раҳбар сифатида хонадонимда кам бўлсам-да, ўғил-қизларим мен кутгандек вояга етишаяпти”, дегани хали-ҳануз ёдимдан чиқмайди. Ҳақиқатдан ҳам таъбир жоиз бўлса, миллий ғоя тарғиботини энг аввало оиладан бошлаш лозимлигини таҳлил қилишга тўғри келади, чоғи.

Бугун ота-она дастурхон атрофида зурриёдининг эртанги порлоқ келажаги, жамиятда тутган ўрни хусусида фикр юритмаса, у нимага эришиши мумкин? Ёки бунинг бошқа ижобий томонига эътибор берайлик. Ота-она дуога қўл очиб: “Илоҳим юртимиз тинч ва осойишта бўлсин. Фарзандларимизга инсоф бергин, иймонли ва виждонли бўлишсин. Мартабалари улуғ бўлсин…” сингари эринмай ҳар куни қилинган дуо фарзандларнинг комил инсон бўлишига туртки бўлмайдими?! Балки, дуо- миллий ғоя тарғиботининг бир бўлаги сифатида қўлланилаётганлигига кўпчилигимиз аҳамият ҳам бермагандирмиз. Тўғри, яна кимдир фарзандига у ёки бу топшириқни бериш билан ўз ота-оналик бурчини бажаряпкан, деб ҳисоблар, ўзини. Аммо ёш авлод онгига Ватанга муҳаббат туйғусини, миллий ва умумбашарий қадирятларни сингдиришда дастлаб ота-она, кексаларнинг дуоси ғоятда катта ахамият касб этади.

Ёнингиздан ўтаётган ёш авлоднинг оддийгина саломига алик олиб, “Отангизга раҳмат! Балли!”, дея катталарнинг рағбатлантириши ҳам бола дунёқарашига ижобий таъсир этиши шубҳасиздир. Демак, миллий ғоя тарғиботи ва маънавий – маърифий ишларимиз самарадорлигини ошириш вазифаси фақат зиёлиларгагина эмас, балки ота-оналар, кенг жамоатчиликка ҳам тегишлидир. Онги ва шуурига миллий қадрятларимиз, Ватанга муҳаббат туйғулари сингиб кетган ёшларимиз эришаётган муваффақиятлар салмоғининг тобора кенг қулоч ёйишида албатта, айнан яхши тарбия берган ота-онанинг ҳам катта ўрни борлигини унутмаслигимиз керак. Бугун мамлакат раҳбари, ҳукуматимиз томонидан ёшларнинг баркамол вояга етишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, кенг имкониятлардан асосан оилада яхши тарбия олган фарзандларгина тўғри фойдаланиб, муваффақиятларга эришаётганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Бас шундай экан, фарзанднинг порлоқ камолини кўрмоқни истаган ҳар бир ота-она аввало, оилада соғлом муҳитни шакиллантиришга жиддий эътибор бериши зарур. Шундагина ёшларимиз эришаётган ютуқларнинг салмоғи ҳам янада кўпаяверади. Фарзандларимизнинг биздан кўра билимли, кучли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари учун бугун вақт ажратишдан эринмайлик. БУГУН ИҚТИСОДИЁТИМИЗ ҚАНЧАЛИК ЗАЛВОРЛИ БЎЛМАСИН, АГАРКИ МАЪНАВИЯТИМИЗ БУТ БЎЛМАСА БУ -ИҚТИСОДИЁТНИНГ УМРИ ҚИСҚАЛИГИГА ШУБҲА ТУҒДИРАДИ.

Одилжон МУҲАММАД,

журналист.

Одилжон МУҲАММАД ва facebookдаги «ЖУРЪАТ» саҳифасида ёритилган

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3 / 5. Baholaganlar soni: 4

OAV nomi va parolini kiriting!