Қоракўлда пресс-тур ўтказилди

2021-03-24T14:14:53+05:0024 Mart, 2021|Бухоро вил.|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Бухоро вилоят бўлими, Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда Қоракўл туман давлат хизматлари марказида оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар учун пресс-тур   ташкил этилди. Пресс-тур давомида улар жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва марказда фуқаролар учун яратилган шароитлар билан танишишди.

Пресс-тур доирасида республикамиздада илк бор «Давлат хизматлари сайли» ўтказилди. Сайлда аҳолига «Ўзимиз келдик акцияси» сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Айниқса, Халқ қабулхонаси, Бош вазир қабулхонаси, “Мадад” ҳуқуқий маслаҳат бюроси ва давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотларнинг сайлга жалб қилинганлиги қоракўлликларнинг долзарб муаммоларини ҳал этилишида алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Шу куни фуқароларга 300 га яқин давлат хизматлари кўрсатилди.

–Сайлда қатнашиш учун келдим,–дейди Осиё МФЙда яшовчи Мухтор ака Каримов. – 2 та масалада мурожаат қилгандим, иккаласи ҳам ижобий ҳал қилинди. Бундан хурсандман. Оворагарчиликларсиз ишларимиз ўз вақтида мутасаддилар томонидан ижобий ҳал этилмоқда дейди суҳбатдошимиз. Ўткир ака Собиров эса “Давлат хизматлари сайли”да уйининг кадастр паспортини шакллантириш учун ариза бериб, баҳонада мириқиб маданий ҳордиқ олди.

Давлат хизматлари сайли бир бирига кўнгил қўйиб, тақдир йўлларини бирлаштиришни ният қилган  ёшларнинг ҳам бир умр ёдида қоладиган бўлди. Чунки айнан сайл куни 5 та никоҳ қайд этилди. Нусратилаа ва Гавҳархон бир ой олдин туман ФҲДЁ бўлимига никоҳларини қонуний қайд эттириш учун ариза билан мурожаат қилишган эди. Бўлим томондан берилган йўлланмалар асосида тиббий кўриклардан ўтилди. Барча қўйилган қонуний талаблар бажарилгач ниҳоят кутилган дақиқалар етиб келди. Бўлим ходимлари “Давлат хизматлари сайли”да ёшларнинг никоҳларини қонуний қайд этишди.

Шунингдек, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил қилиниб, уста ҳунармандлар «Давлат хизматлари сайли»да ўз маҳсулотларини сотиш имкониятига эга бўлишди. Шундай ҳунармандлардан бири Дилдора Ҳасанова. Бир неча йилдан буён каштачилик ва зардўзлик билан шуғулланиб келаяпти. Бугунги сайлда маҳсулотлар кўргазмасини ташкил этиб, уларни сотиш имкониятига ҳам эга бўлди.

Сайлда “Сиз давлат хизматлари ҳақида нималарни биласиз?” викторинаси ва “Давлат хизматлари мен учун” расмлар танлови ҳам ўтказилди. Ўз суратида Қоракўл туман Давлат хизматлари маркази биносини акс эттирган Севинчхоннинг ижодий иши “Энг яхши” деб топилди.

Қоракўллик хушовоз хонандалар сайлга байрамона кайфият қўшиб, репертуарларидаги энг сара куй ва қўшиқлар билан йиғилганлар кўнглини хушнуд қилишди.

ЎзЖИУ Бухоро вилоят бўлими