«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-23T14:39:11+05:0023 Mart, 2021|Олтин қалам|

МАЪНАВИЯТИМИЗ КЕМТИКЛАРИ БИЗ ЎЗ  ЎРНИМИЗНИ БИЛАЯПМИЗМИ?!

Болалигимизда  маҳаллада  икки-уч  нафар  оқсоқол  кўчада  турган  бўлса,  четроқдан  бир  амаллаб  саломлашиб  ўтардик.  Негаки,  маҳалла  нуронийларининг  ўзгача  сир-синоатлари,  салобати  босганми,  ўзбекона  ийманиш  дейсизми,  ҳар  биримизнинг  шууримизга  сингиб  қолганди.  Ёки  сигарет  чекувчи  баъзи  бир  тенгдошларимиз  нафақат  ота-онаси,  яқинлари,  балки,  кўча-кўйда  бирон  бир  ёши  улуғ  кишига  кўзи  тушгудек  бўлса,  дарҳол  қўлидаги  тутаётган  папиросни  яширарди.  Ҳозир  эса  аксинча,  етмишдан  ўтган  нуронийнинг  ҳам  олдида  нафақат  чекиш,  балки  исталган  мавзуда  улар  билан  суҳбат  қураётган  ёшларни  кўп  учратиш  мумкин.  Хўш,  ёшлар тарбияси,  қўйинки,  юракларда  бундай  санчиқларни  пайдо  бўлишининг  боиси  нимада?!  Бунга  ким  сабабчи:  ёшларми  ёки  катталар?!

Очиғи,  кейинги  пайтда  нафақа  ёшидаги  айрим  катталар  (60 -70  ёшдагилар)  чамаси  ўз  ўрниларини,  ҳурматларини  шаклланиб  келаётган  авлод  олдида  бирмунча  йўқотиб  қўйишганини  кузатиш  мумкиндек туюлади.  Бундай ёши  улуғ  юртдошларимизнинг  ўз  обрў  ва  эътиборларига  фарзанди  ёки  набираси  тенгқур  ёшлар  билан  маҳалла-куйдаги  ўзаро  оддий  мулоқотлари  чоғидаги  хатолари  бунга  сабаб  бўлмаяптими?!  Яъни  панд-насиҳат,  ота-боболаримизнинг меҳр-оқибатли,  диёнатли  бўлишганликлари, Ватанга  муҳаббат,  атроф-муҳит  озодалиги, уни  асраб  авайлаш  каби  пурмаъно  фикр-мулоҳазалар  бериш  ўрнига  қайсидир  раҳбарнинг  “шудгорига  тош  отиш”,  амалга  оширилаётган  туб  ислоҳотларни  тўла  тўкис  тушунмаган  ҳолда  ўйламай – нетмай  жўн  муҳокама  қилиш,  соғлом  фикр  билдирмаслик    таъсирида ҳурмат йўқолмаяптими?! Чамаси,  шу каби холатлар  ўзининг  салбий  натижасини   бугун  айрим вазиятларда яққол  кўрсатмоқда.

Хўш,  ўша  катталар  ўз  ўрнини  билмагач,  қандай  қилиб  энди  ёш  авлоддан  ўзбекона  одоб-аҳлоқ  доирасидаги  “ассалому  алайкум” ни  кутишимиз  мумкин?!  Тез-тез  маза-матрасасиз  суҳбатларни  эшитган  ўспирин  эртага  катталар  билан  худди  ўртоқдек  саломлашади,  кечаги  тутуруқсиз  мулоқот  учун  энди  ёшларнинг ўзи   мавзу  очишда  “ташаббускорлик”  қилади.  Ҳурматини  йўқотиб  бўлган  ўша  кекса  киши  қўшни  боланинг  тарбияси  хусусида  гап  очиб  кўрсинчи,  балога  қолиши  турган  гап.  Чунки,  жўяли  панд-насиҳат беришга  ожизлик  қилган  каттанинг на  ҳурмати,  на  обрўси  бор!…

Чортоқ – Наманган  йўналишида  жамоат  транспорти  автобуслар  қатновини  йўлга  қўйганлигидан  кўпчилик  қувонди.  Айниқса,  талаба  ёшлар.  Энди  Наманганга  келиб-кетишдаги айрим муаммолар барҳам топди. Аниқ жадвал ассосида пешма-пеш  бирининг  ўрнини  иккинчиси  тўлдираётган  автобус  айниқса,  эрталаб  тирбанд  бўлади. Автобус  ўрнидан  қўзғалиб  бир  бекат  юргач, кекса  онахон  чиқди.  Ёши  30-35 лар  чамасидаги  аёл онахонни  ҳурмат  қилиб,  ўз  ўрнини  бўшатиб  ўриндиқдан  жой  берди.                                                                                       —Минг  раҳмат  болам,  тани-жонингиз  соғ  бўлсин.  Менга  ўхшаб  саксон  ёшларга  кириб  фарзандларингиз  камолини  кўринг,- дея  онахон  дуога  қўл  очди. Шу  тобда  кўнглимдан  ўз  ўрнини  бўшатиб  берган  аёл  кекса  онахоннинг  нақт  дуосини  олганлиги ўтди.  Эртасига  худди  шу ҳолнинг  аксини  кўриб  кўнглим  хижил  бўлди. Йўлдан  автобусга  чиққан  40-45 ёшлардаги  аёлга  талаба  қиз  ўрнини  бўшатиб,  илтифот  кўрсатди.  Жиддий  бир  кўринишда,  унга  ўриндиқ  олдиндан  тайёрлаб  қўйилиши  шарт  кишидек  ўтирди-ю,  аммо  талаба  қизчага  на  рахмат,  на  бошқа  илиқ  сўз  айтди.  Ташқи  кўринишидан  туппа-тузук  бу  аёлни  ўзимча  соқов  бўлса  керак,  деган  фикрга  ҳам  бордим.  Бироқ  янглишибман.  Орадан  икки-уч  дақиқа  фурсат  ўтиб-ўтмай  орқа  ўриндиқдаги  аёлга  қаерга,  нимага  кетаётганлигини  достон  қилиб,  манзилгача   жағи тинмади…

Биз  киммиз?!  Нега  энди  биз-(айрим)  катталар  ўз  ўрнимизни  билмаймиз?!  Нега  энди  ёшлар  ундай, бундай,  дейишдан  кўра  аввало  ўзимиз  ибрат,  намуна  бўлишда  бирмунча  оқсоқлигимизни  очиқ  тан  олмаймиз?!  Саксон  ёшли  онахон  қилган  дуони  айтиш  қўлидан  келмаган  аёл  учун  “Рахмат,  қизим!”  дейиш  шу  қадар  оғирмикин?  Ахир  саломга  алик  олиш,  миннатдорчилик,  дуо,  ўзаро  катта  ва  кичик  ўртасидаги  озигина муомала,  меҳр-оқибат  маънавиятимизнинг  бир  бўлаги-ку!  Сиз  нима  дейсиз  азизлар?!

Одилжон  МУҲАММАД, 

Ўзбекистон  Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

Одилжон МУҲАММАД ва facebookдаги «ЖУРЪАТ» саҳифасида ёритилган

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.7 / 5. Baholaganlar soni: 34

OAV nomi va parolini kiriting!