ҚУТЛАЙМИЗ

2021-03-23T10:24:29+05:0023 Mart, 2021|Қутловлар|

Бугун Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, таниқли публицист, устоз журналист, “Олтин қалам” Миллий мукофоти совриндори “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев таваллуд топган кун.

Аҳмаджон Мелибоев 1946 йил 23 март куни Ўш вилоятида туғилган. 1974 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг Журналистика факультетини тугаллаган.

Меҳнат фаолиятини ёшлар газетасида бошлаган. Сўнг Ёшлар нашриётида бош муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлаган. Ўзбекистон телевидениесида сиёсий шарҳловчилик қилган. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида узоқ йиллар бош муҳаррир бўлиб ишлади. Ўшанда газетанинг адади 886 минг нусхага етган.

2000-2004 йиллари Ўзбекистон Пезидентининг Давлат маслаҳатчиси, маслаҳатчининг ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2018 йилнинг май ойидан эътиборан “Жаҳон адабиёти” журналига раҳбарлик қилмоқда.

Аҳмаджон Мелибоев миллий журналистикамиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг 2004 йили “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририятида ташкил этган “Маҳорат мактаби” бугун ўз фаолиятини ЎзМУ Журналистика факультетида давом эттиряпти.

Шу йиллар ичида ушбу мактабда икки юзга яқин бўлажак журналист таълим олди. Тажрибали устоз сифатида ёшларга ўзи раҳбарлик қилаётган “Маҳорат мактаби”да иқтидорли талабалар ва ёш ўқитувчиларга маҳорат сирларини ўргатяпти.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Аҳмаджон Мелибоевга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ, ҳамда оилавий фаровонлик тилайди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси