“Дунёларга танитамиз сени, Сирдарё!”, “Сир ва мўйқалам сеҳри” номли ижодий танловлар ғолиблари мукофотланди

2021-03-23T10:20:43+05:0023 Mart, 2021|Сирдарё вил.|

Бу йилги Наврўз Сирдарё вилояти  ижод аҳлига  баҳор  нафаси ва таровати билан биргаликда  ижод намуналарининг эътироф этилишидек ифтихор туйғуларини  бахшида этди.

Вилоят  “Маънавият ва маърифат маркази”да  Ўзбекистон Республикаси  Давлат  мустақиллигининг  30 йиллиги олдидан  “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан  Сирдарё вилояти  ҳокими  Ғофуржон Мирзаевнинг  2021 йил, 4- мартдаги фармойишига асосан  вилоят ижодкорлари ўртасида ўтказилган  “Дунёларга танитамиз сени, Сирдарё!”, “Сир ва мўйқалам сеҳри” номли ижодий   танловлар ғолибларини  мукофотлаш маросими  бўлиб ўтди.

Унда адабиёт ва санъат, маданият соҳасида  Муҳтарам Президентимиз томонидан қаратилаётган юксак эътибор , кейинги даврда ушбу соҳалар равнақини янги босқичга кўтариш бўйича амалга оширилган улкан ишлар ҳамда Сирдарё вилоятида маданият ва санъатни янада ривожлантириш борасидаги сай-ҳаракатлар хусусида сўз борди.

Ҳақиқатдан ҳам вилоятда кейинги йилларда ёш шоир ва адиблар, актёр, рассом ва қўшиқчилар , журналистларнинг истеъдодини юзага чиқариш,уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш борасида қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

– Сирдарёнинг ўзига хос анъаналари бор. Ана шу анъаналар тинимсиз ижод қилишга, изланишга ундаши керак. Самарали ижод орқали Сирдарёча брендни дунёга танитайлик,-деди Ғофуржон Мирзаев.

–  Вилоят ҳокими бу каби танловлар мунтазам равишда давом этиш кераклигини, буюк шоиримиз Чўлпон  айтганларидек, адабиёт, маданият яшаса, миллат яшаши мумкинлигини унутишга асло ҳаққимиз йўқлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси вилоят  бўлимида нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан   65 нафар ижодкорларнинг танловга тақдим этилган   ижод намуналари  (кейинги 3 йилда  ижод  қилинган  асарлари) адолат тарозуси паллаларига қўйилиб, ўрганиб чиқилди. Танлов якунларига кўра 9 нафар ижодкорларнинг  яратган назм ва наср , публицистика  йўналишидаги асарлари  фахрли ўринларга муносиб деб топилди.

Танловда  назм йўналиши бўйича Норинисо Қосимова, Махсуда Мирзаева,  Гулзода Қаҳрамоновалар  1,2,3 ўринларга, наср йўналиши бўйича Саъдихон Эшонхонов, Баҳор Холбекова, Моҳира Йўлдошевалар  1,2, 3 ўринларга, публицистика бўйича журналистлар Мамадали Аҳмедов, Мунаввар Пардаев, Лола Нишоновалар 1,2,3 ўринларга муносиб топилдилар.

“Сир ва мўйқалам сеҳри” танлови бўйича 120 нафар ёш рассомлардан 57  нафарининг  чизган расмлари танлаб олинди. 1 ўрин Отабек Баротов, 2 ўрин Комил Ҳожиев, 3 ўрин Расулбек Хўжамқулов, Умид Хонимқуловлар қўлга киритди.

Танлов ғолибларига  қимматли эсдалик совғаларини вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев  ва Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси Иброҳим Валихўжаевлар топширдилар.

Шунингдек,  тантанада таълим, фан, адабиёт, маданият, соҳаларининг 100 нафардан  зиёд  вакиллари ҳам   ҳам  бир марталик пул мукофотлари (икки миллион сўмдан) билан тақдирландилар.

Ижод аҳли  номидан  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси  вилоят  бўлими раҳбари Ҳаётхон Ортиқбоева  ва бошқалар  эътибор  ва рағбатлар учун вилоят ҳокими Ғофуржон  Мирзаевга миннатдорчилик билдирдилар  ва вилоятимиз шоиру ёзувчилари, журналист ва мусаввирлари бундан буён ҳам Сирдарёни дунёга танитиш, бунда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кенг ёритиш,  тараннум этиш, чиройини суратларга жо этиш йўлида  ижод қилиб толмаслигини  изҳор қилдилар.

ЎзЖИУ Сирдарё вилояти бўлими