“Хазинамиз таянчи” газетасининг нашр этила бошлаганига 25 йил тўлди

2021-03-22T12:43:05+05:0022 Mart, 2021|Сирдарё вил.|

   Мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби солиқ соҳасида ҳам катта ислоҳотлар рўй берди. Соҳадаги ўзгаришларни, янгиланишларни, қабул қилинаётган қонунларни  соҳа хизматчиларига, янгитдан шаклланиб келаётган  соҳа эгалари тадбиркор ва бизнесменларга, кенг оммага билдириш, чуқур англатиш учун ахборот майдони лозим эди. Шу мақсадда Сирдарё вилоят солиқ бошқармасининг “Хазинамиз таянчи” газетаси бундан 25 йил илгари нашр этила бошлади.

Газетани ташкиллаштириш ишларига   вилоят  Давлат солиқ  бошқармасининг ўша даврдаги раҳбари Орзиқул Мўминов (марҳум) бош бўлдилар. Унинг биринчи бош муҳаррири  техника фанлари номзоди Нормамат Тошбулов эди.  Газетада турли йилларда тажрибали журналистлар Турдибек Назаров (марҳум),   Тоғаймурод Ортиқов, Баҳринсо Норжигитова,  Раҳмон Эшонқулов, Рустам Эминов, Хасан Абдувоҳидов, Абдураззоқ Бурлиев, Дилора Эсанова, Моҳира Йўлдошева, Илғор Халиловлар фаолият юритдилар.

Газета ўқишли чиққанлиги учун, унинг обунаси ҳам йил сайин ортиб борди.  Йиллар давомида газета ўз олдига қўйилган мақсадни амалга оширди.  Аҳолига  солиқ ҳақидаги билим ва тушунчаларни бера оладиган, бу борадаги мамлакат ва вилоятдаги янгиликлардан бохабар этгувчи энг яхши нашрга айланди.

Газета бош муҳаррири Ҳикматилла Сулаймонов  узоқ  йиллардан буён шу газетада фаолият юритади.  Билимли ва мулоҳазали журналист атрофига иқтидорли ижод аҳлини жам қилгани боис ҳам яхши натижаларга эришди. Мунозарали ва таҳлилий мақолалари билан газетхонлар эътиборига тушди.

Тадбирда  сўзга чиққан  Вилоят Давлат солиқ бошқармаси  бўлим бошлиғи, вилоят солиқ бошқармаси  Касаба уюшмаси раиси   Шуҳрат   Алимуҳаммедов,  “Солиқ-сервис” Давлат унитар корхонаси  директори Хасанбой Худойбердиев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев ва бошқалар  ушбу  шодиёна  билан  “Хазинамиз таянчи” газетаси жамоасини  муборакбод этдилар.

Газетада турли йилларда фаолият юритган журналистлар ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

ЎзЖИУ Сирдарё вилояти бўлими