Мўйдинжон Маткаримов 70 ёшда

2021-03-21T12:41:32+05:0021 Mart, 2021|Наманган вил.|

Поп тумани маркази ҳам кейинги йилларда ободлашиб, чирой очиб бормоқда. Нуронийлар жамоатчилик кенгашининг таклифига биноан Наврўзолди байрам даврасига йўл олдик.

Автошохбекат рўпарасида “Наманган-Поп” йўналиши бўйича такси ҳайдовчиси машинани тўхтатаркан,

-Попга ҳуш келибсизлар, дея бизга юзланаркан, -Шундоққина йўлнинг у томонига ўтиб, Дилшода опанинг боғи, десангиз кўрсатишади,-деб тайинлади.

Кенг ҳиёбонлар оралаб ўтган йўлдан борарканмиз, куй-қўшиқ авжида эди.

Поп тумани, Нуронийлар маскани мўъжазгина сайилгоҳ, ҳовли яланглигига ва шинам айвонларга ўрнатилган сўриларда нурли чеҳралар. Туман маданият маркази хонанда-созандалари шу ерда. Ёшу қарида ҳурмат иззат.

“Ой нури” бадиий ҳаваскорлар дастаси вакиллари  ижросидаги яллавор лапарлар, мумтоз ашулалар олқишга муносиб. 7 Болалар ва ўсмирлар санъат мактаби ўқувчиларининг чиқишлари эса ўзига ҳос танловни эслатади.

Ғурумсаройлик педагог шоир  Мўйдинжон Маткаримовнинг 70 йиллик юбилейи ҳам шу даврада нишонланмоқда. Устоз шогирдлик муносабатларининг сайқали ҳаммага манзур.

Ниҳоят вилоятимиз фахри “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Дилшода Дадажоновага сўз берилди. Айни вақтда туман Нуронийлар жамоатчилик кенгашига раислик қилаётган Дилшода опа маърифий-тарбиявий тарғибот ишларида фаол иштирок этаётган  бир гуруҳ меҳнат фахрийларига эсдалик совғалари тақдим этди.

 

ЎзЖИУ Наманган вилояти бўлими