Наврўз айёми олдидан медиа-тур ўтказилди

2021-03-21T12:33:15+05:0021 Mart, 2021|Наманган вил.|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Наманган вилоят бўлими “Бунёдкорлик баҳори” лойиҳаси доирасида  вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги маҳаллалар ҳудудлари бўйлаб медиа-тур ўтказишни йўлга қўйди.

ОАВ вакилларидан иборат гуруҳлар маҳаллаларда олиб борилаётган кенг кўламли ободончилик ишлари, тадбиркорлар саъйи ҳаракати билан барпо этилаётган ишлаб чиқариш объектлари, қурилиш, таъмир ишлари қизғин тус олаётган жойларда бўлиб, яратувчилик жараёнлари ва аҳоли вакилларининг фикр-мулоҳазалари, орзу-интилишлари билан яқиндан танишишни ва шу жараёнда жамоатчилик кайфиятини кўтариб, маънавий маърифий тарғибот олиб боришни мақсад қилишган.

Вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Чортоқ туман ҳокимлигининг ахборот хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган лойиҳа доирасидаги тадбир бу гал ички туризмни ривожлантиришга қаратилиб, зиёратгоҳлар ободончилиги масаласини ҳам қамраб олди.

Тумандаги Ласкидон маҳалласи ҳудудида жойлашган “Лангарбобо” зиёратгоҳи ўзига хос қадамжолардан. Ислом дини тарғиботчиларидан бири бўлган валий шахс Лангарбобо ҳақида турли ривоятлар мавжуд.

-Кейинги йилларда маҳалла аҳли қабр атрофини ҳашар йўли билан  обод қилиб, зиёратчилар учун бир қатор қулайликлар яратишдики,  натижада зиёратгоҳ анчайин обод қиёфа касб этди,- дейди МФЙ раиси Хайрихон Бобоева.

Зиёратгоҳ шу кунларда ҳашарчилар билан гавжум, сув йўлларини тозалаб тартибга келтириш, сарҳовуз атрофига гул кўчатлари ўтқазиш, боғ тусини олган мевазорда баҳорги юмушларни бажариш авжида…

Тумандаги Султон Увайс Қароний зиёратгоҳи эндиликда нафақат мамлакатимиз, балки қўшни республикалар, ҳатто хорижий меҳмонлар учун ҳам қутлуғ қадамжога айланган. Яқинда Покистоннинг Панжоб вилояти губернатори Муҳаммад Сарвар  бошчилигидаги делегация вилоятимизга ташриф буюрганида  мазкур зиёратгоҳда бўлиб, бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига юксак баҳо берди.

Медиа-тур давомида журналистлар зиёратгоҳ яқинидаги 22-умумтаълим мактабида ҳам бўлишди. Туман Халқ таълими бўлими мудири Файзуллохон Баҳодиров раҳбарлигида  таълим тария ва маънавий ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан янги режалар белгиланди.

“Чортоқ ҳақиқати” газетаси мухбири Манзура Отақўзиева раҳбарлигидаги ёш ижодкорлар тўгараги аъзолари  учун медиа тур ўзига хос маҳорат дарси бўлди.

Медиатур иштирокчиларининг таассуротлари билан газетанинг кейинги саҳифаларида ҳамда ижтимоий тармоқлардаги веб сайти орқали танишишингиз мумкин.

 ЎзЖИУ Наманган вилояти бўлими