ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ ЖУРНАЛИСТЛАРНИНГ САВОЛЛАРИГА ЖАВОБ БЕРИДИ

2021-03-20T13:50:13+05:0020 Mart, 2021|Навоий вил.|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими вилоятдаги давлат бошқарув органлари билан ҳамкорликда матбуот анжуманлари ўтказиш лойиҳасини давом этмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири бугунги кунда долзарб масалалардан бири — йўл ҳаракати хавфсизлиги, йўлларимизда учраётган автоҳалокатлар масаласида вилоят йўл ҳаракати хавсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилди.

Таъкидлаш жоиз,  вилоятда автотранспорт воситаларининг сони 14011 тани ташкил этиб, мазкур рақам ўтган йилга нисбатан 14 фоизга ошган.  Бошқарма бошлиғи Анвар Ҳафизов анжуманида журналистларга бошқарма тизимида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот бераркан, қуйидагиларни айтиб ўтди:

– Бугун вилоят бўйича 276та МЧЖ мақомидаги тадбиркорлик субъектига бирлашган 6000дан ошиқ автотранспорт воситалари эгалари  аҳолига йўловчи ташиш хизматини кўрсатади. Ўтган йили пандемия туфайли мазкур автотраспорт воситаларининг аксарияти техник кўрикдан ўтмай қолди. Жорий йилдаги техник кўрик эса уларнинг етмиш фоизга яқини ҳам техник, ҳам маънан йўловчи ташиш талабларига жавоб бермаслигини кўрсатмоқда. Бу муаммонинг асосий омили бўлса, улар аъзо бўлган уюшмаларнинг ўз вазифасига совуққонлик билан қараши, яъни хизматга чиқаришдан олдин автотранспорт воситасини техник, ҳайдовчини тиббий  кўрикдан номига ўтказиш, баъзида умуман ўтказмаслиги бу каби нохуш ҳолатларнинг яна бир сабаби бўлиб қолмоқда.

– Шу ўринда бир-икки мисол келтирсам, – деди бошқарма бошлиғи ўринбосари Алишер Эгамов. – “Дамас” русумли автомашина бошқарувни йўқотганлиги туфайли йўлдан чиқиб кетиб, автоҳалокатга учрайди. Хавфсизлик камарини таққан ҳайдовчи енгил тан жароҳати олган бўлса, тақмаган йўловчи автомашинадан учиб чиқиб кетгани оқибатидаги  оғир тан жароҳатлари туфайли вафот этади. Ёки яқинда Навбахор туманида рўй берган ЙТҲсида маст пиёда тўсатдан йўл ўртасига чиқиб кетиши оқибатида вафот этди. Шунингдек, велосипедда ҳаракатланаётган 13 ёшли мактаб ўқувчисининг қулоқчин тақиб,  телефонда  онаси билан гаплашаётган  пайтида ортидан келаётган юк машинасининг йўлига чиқиб кетиши ҳам ўлим билан якунланди. Кўриниб турибдики, оддий хавфсизлик камаридан тортиб, телефондан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслик  хоҳ йўловчи, хоҳ пиёда бўлсин ҳар бирининг  ҳаётига  ҳар доим хавф солиб туради.

Матбуот анжуманида журналистлар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бир қатор таклифларини ҳам билдириб ўтдилар. Хусусан, ўтган йили вилоят ЙҲХБ томонидан велосипед ҳайдовчиларига очиқ рангли нимчалар тарқатилишини қўллаб-қувватлаб, ушбу амалиётни тажриба тариқасида жорий этиш истагини билдиришди.

ЎзЖИУ Навоий вилояти бўлими