«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-20T12:27:58+05:0020 Mart, 2021|Олтин қалам|

ЧЕТДАН КЕЛТИРИЛГАН КАРТОШКА УРУҒИ СИФАТСИЗ ЧИҚДИ,

ЗАРАРНИ КИМ ҚОПЛАЙДИ?

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 13 сессиясида вилоят ҳокими Э.Турдимов вилоятимиз туманларида ғалладан бўшаган майдонларга хориждан келтириб экилган картошка уруғларининг аксарияти унмаганлиги, сифатсиз уруғликлар сотилганлигига эътибор қаратганди. Бунинг натижасида томорқачи ва фермер хўжаликларида катта кредиторлик қарздорликлар юзага келганлигини танқид қилганди. Хўш, аграр соҳа ривожи учун барча шароит бор бўлган вилоятимизга хориждан картошка уруғи олиб келишга қанчалик зарурар бор эди. Агар эҳтиёж бўлганда ҳам соҳага масъул ташкилотлар уруғни сифат назоратидан ўтказишмаганми? Мавзуни атрофлича таҳлил қилиб кўрамиз.

Тиббиётчилар хулосаси билан қаралганда инсон йилда ўртача 50 килограмм картошка истеъмол қилиши лозим. Талабдан келиб чиқиб жорий йил вилоятимизда ғалладан бўшаган 9 минг 920 гектар майдонга такрорий экин сифатида картошка экилди. Шунча майдондан ўрта ҳисобда 200 центнердан ҳосил олинганда ҳам вилоятимизнинг бир йиллик картошкага бўлган 190 минг тонналик эҳтиёжидан ортиб, экспортга маҳсулот чиқариш имконияти пайдо бўларди. Вилоятимизда картошка экилиши режалаштирилган 11 та туманга супер элита, элита ва Р-1 навларини экиш режалаштирилганди. Картошка экиладиган майдонларга талаб этиладиган 30 минг тоннага яқин уруғликнинг етишмайдиган 12 минг 470 тоннасини етказиш борасида вилоятимиздаги 22 та таъминотчи корхона ва 14 та тижорат банки ўртасида 93,5 миллиард сўмлик 2789 та шартнома ҳам имзоланганди.

Импорт қилинган уруғликнинг 406 тоннаси униб чиқмаган!

– Режа асосида “Самарқанд картошкачилик маркази”, “Бананза Трейд Экспорт”, “ШЎРЧИ-АГРО-ТАЙЁРЛОВ”, “Абиркул агро тайёрлов”, “Самголд” масъулияти чекланган жамиятлари ва “JOHN EXIM COMPANY” каби импортёр корхоналар хориждан картошка уруғлари келтиришди, – дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бўлим бошлиғи Хуршид Болтабоев. – Олиб келинган 3439 тонна уруғ 1112 гектар майдонга экилди. Бироқ ўрганишлар натижасида маълум бўлдики импорт қилинган уруғликнинг 406 тоннаси, яъни келтирилган уруғнинг 12 фоизи чириган ва ҳосил олишга яроқсиз бўлиб чиқди. Буни туманлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, Иштихон туманида 10,7 тонна, Пайариқда 6 тонна, Жомбойда 35,4 тонна, Самарқанд туманида 38,1 тонна, Ургут туманида 58 тонна ва Оқдарё туманида 257,6 тонна уруғлик чириб кетган ёки униб чиқмаган.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Ҳар йилги ҳисоботларда етиштирилган ҳосилнинг бир қисми ички истеъмолга, бир қисми қишлоқ хўжалик ярмаркалари, қайта ишлаш, захира ва экспортга яна бир қисми эса уруғлик учун сарфланиши айтиларди. Хориждан уруғ олиб келишга заруратнинг пайдо бўлиши ўтган йили ҳозирланган уруғликнинг етмай қолишиданми ёки режа тақсимоти фақат қоғозда юритилганми? Четдан ҳосилдор  навли уруғ олиб келишга эҳтиёж бор экан уни сифатини, иқлимга мослигини, касалликка чидамлилиги, уруғ билан бирга турли ўсимлик зараркунандалари кириб келмаётганини текшириши лозим бўлган ташкилотлар қандай қилиб сифатсиз уруғ учун яроқлилик сертификатини берган. Ёки хўрозқанд бўлса ҳам чет элни яхши қабилида иш тутилганми?

Ютуқ барчамизники, муаммо фақат деҳқонникими?

Масалан, вилоят уруғчилик маркази раҳбари Зайниддин Наҳалов марказ асосан пахта, ғалла ва сабзавот уруғлари билан шуғулланиши боис ташкилотнинг картошка уруғчилигига алоқаси йўқлигини билдирди. Вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши маълумотларига кўра, 2020 йил ҳосили учун вилоятимизнинг 11 та туманида 9 минг 972 гектар картошка экилган ва бунинг учун 9146 тонна уруғлик учун амалда 54 миллиард 663 миллион сўм маблағ ажратилиб,  2300 дан ортиқ шартнома тузилган. Шартномага асосан 77 тонна супер элита, 2411 тонна элита, 6458 тонна Р-1 навли жами 8946 тонна уруғлик келтирилган.

– Жорий йилнинг 1 мартидан 1 июлгача вилоятимизга Европа давлатларидан 7 номдаги картошка уруғлари келтирилган, – дейди вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Аҳрор Бобоқулов. – Жумладан, “Шамсиддин Жалилов” фермер хўжалиги Недерландия ва Франциядан Булунғур туманига 340 тонна, “Илғор Агро технологиялар” мчж Тойлоқ туманига Россиядан 32 тонна, “Самголд” мчж Недерландиядан Оқдарёга 80 тонна ва “Акмал Тошпўлатович” фермер хўжалиги Россиядан Тойлоқ туманига 100 тонна уруғлик картошка келтирган. Биз четдан келтирилаётган уруғлик ёки кўчатлар билан бирга касаллик ва зараркунандалар кириб келишини олдини оламиз. Бунинг учун уруғликдан намуна олиниб, Тошкентдаги лабораторияга юборамиз. Уруғлик ёки кўчатлар яроқлилиги текширилиб уларнинг рухсати билан экишга тавсия этилади. Чунки хориждан келтирилаётган уруғликлар Тошкентдаги ва маҳаллий навли уруғликлар вилоятлардаги лабораторияларда текширилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси бошлиғи Нурмамат Турсуновнинг айтишича, бу йил картошка уруғлари келтирувчи импортёрларни туман ҳокимликларининг ўзи танлаб олгани учун бошқарма жараёнда иштирок этмаган. Уруғларнинг униб чиқмаслик ва ёки чириб кетиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ҳам бирорта мониторинг олиб бориб жойида ўрганишлар ўтказилмаган. Нега ахир. Агросаноат мажмуидаги назоратни инспекция олиб бориши белгиланган бўлса, масъулнинг бу фикри вазифасини инкор қилишга ўхшамадимикан.

Агросаноат инспекцияси фақат уруғликдан намуна оладими?

Уруғларнинг сифатини текшириш вазифаси юклатилган яна бир масъул ташкилот – Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази давлат унитар корхонаси вилоят филиали раҳбари Алишер Исмоилов картошка уруғлари вилоятимизга асосан 6 та таъминотчи корхона томонидан келтирилганини билдирди. Аммо четдан келтирилаётган уруғлар сифатига айнан масъул бўлган ташкилотнинг қиладиган юмуши уруғдан 5-10 дона намуна олиб, Тошкентга юбориш эканлигини айтди. Чунки вилоятда уруғни текшириш учун зарурий лаборатория жиҳозлари бўлмаганлиги боис марказга юборилади ва сертификат ҳам улар томонидан берилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низомда Агроинспекциянинг вазифалари аниқ белгиланган. Низомга кўра, пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари ҳосили ҳамда уруғлари, экинлар навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифатини аниқлаш ва назорат қилиш, сертификатлаш, экинларни тупроқ шароитидан келиб чиқиб жойлаштириш, экилиши, агротехник тадбирларнинг ўтказилиши, шартномаларнинг бажарилишини назорат қилиш инспекциянинг вазифалари этиб белгиланган. Оддий қилиб айтганда ерни шудгорлашдан тортиб экин экилиши, ишлов берилиши, маҳсулот етиштириш, сотиш, қайта ишлаш каби барча жараёнларни агроинспекция назорат қилади. Аммо негадир четдан келтирилган сифатсиз картошка уруғлари назоратдан четда қолган.

Вилоятимиздаги қишлоқ хўжалиги соҳасига дахлдор ташкилотларнинг бирортаси четдан келтирилган уруғнинг мос келиши ва сифати қай даражада эканлигини текширмаган, фермерлар, томорқачилар катта кредит эвазига харид қилган картошка уруғлари неча чириб кетаётгани ёки униб чиқмаётгани билан қизиқмаган. Ютуқ барчамизники, муаммо фақат деҳқонни эканда. Агар деҳқонга шунча катта зарар келтирадиган маҳсулотлар мамлакатимизга тўғри кириб келаверса, сифати ва яроқлилиги текширилмаса бундай ташкилотлардан нима наф?

200 гектардаги уруғ униб чиқмаган

Таҳлилларга кўра сифатсиз картошка уруғидан энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири Оқдарё тумани бўлди.

– Бу йил туманимиздаги 214 та фермер хўжалиги ғалладан бўшаган 826 гектар майдонга такрорий экинга картошка экканди, – дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси Одил Анваров. – Бунинг учун жами 2479 тонна уруғ зарур бўлади ва унинг 1659 тоннаси хўжаликларнинг ўз ҳисобидан, қолган 820 тоннадан ортиқ картошка уруғлиги “Самголд” масъулияти чекланган жамияти томонидан тарқатилди.  Аммо қарийб 200 гектарга яқин майдондаги уруғлар униб чиқмади, қолган майдоннинг ҳам ўртача 30-35 фоиз қисмида картошка бор, холос. Жамият ходимларидан келтирилган картошка уруғининг сертификатини сўраганимизда турли баҳоналар билан текширилганлиги тўғрисидаги ҳужжатни кўрсатолмади, хўжаликлар эса мажбурликдан вақтни бой бермаслик учун уруғни олишди.

Ўзагроинспекциянинг туман бўлими катта инспектори Дилшод Абдиқобиловнинг маълумот беришича, дастлабки келтирилган уруғларнинг сифати яхши бўлган, аммо кейин келтирилган уруғлар унмаган. Шу боис, 12 нафар фермер хўжалиги ва 7 нафар томорқачининг сифатсиз картошка тарқатилганлиги юзасидан ёзган аризалари асосида жойида ўрганишлар олиб борилган ва етказилган зарарни қоплаш бўйича вилоят прокуратурасига ҳужжатлар тақдим қилинган. Ҳозирда уруғ олганларнинг 30-40 фоизи зарар кўрган.

Фермерларга мажбуран тилхат ёздирилган

Масалан, тумандаги “Болта ғалласи” ва “Тевачик Човка Оқдарё” фермер хўжаликлари бошлиқлари “Самголд” масъулияти чекланган жамиятидан 3700 килограмдан 25 миллион 655 минг сўмлик картошка уруғини мажбурликдан олиб, катта қарздорга айланишганини айтишди. Деҳқонлар уруғни эскирган уни экиб ҳам истеъмол қилиб ҳам бўлмаслигини айтишганда туман масъуллари “уруғни кўрдим, сифати яхши” дея тилхат ёздириб олишган экан. Бунинг устига 3 гектардан помидор экиб, килограми учун 700 сўмдан шартнома тузишган, аммо ўз ҳолича помидор олиб келаётган хўжаликлар маҳсулотнинг килограмини 500-600 сўмдан сотишга мажбур бўлаётганини, шунда ҳам завод олдида 3 кунлаб навбат кутишаётганини билдиришди. 3 гектарда помидор етиштириш учун 30 миллион сўм сарф қилган хўжаликлар меҳнати қолиб харажатини ҳам қоплолмай турганда, сифатсиз картошка уруғининг тарқатилиши фермерларни хонавайрон қилаётганини билдиришди.

Бошқаларга йўқ кредит фермерларга мажбурлаб берилган

– Ҳеч қандай сертификатсиз, сифати текширилмаган бўлса-да, 4100 килограмм картошка уруғи беришди, – дейди тумандаги “Озоджон” фермер хўжалиги бошлиғи Равшан Раҳматов. – Чунки хабарим йўқ ҳолда банк розилигимизсиз, шартнома тузмасдан фермер хўжалигимиз номига 25 миллион 660 минг сўм кредит чиқарган. Аввал четдан келган уруғлик картошка олганимда ёрлиғида қайси давлатники, қачон қадоқланган, маҳсулот номи, масъул кишининг шарифигача ёзилган бўларди, бу уруғнинг сертификатини ҳам кўрсатишмади. Аслида 1,5 гектар майдонга режалаштирилган уруғни уйда 15-20 кун ундириб, 55 сотих майдонга экдим. Уруғни олаётганда 15 фоизга яқини, ундириш даврида 40 фоизи нобуд бўлди. Сифатсиз уруғни кўриб буни олмаймиз ўзимиз яхши уруғ топиб, танлаб оламиз деганимизда туман масъуллари шу уруғни олмасанг ерингни топшир дейишди. Энди қилган меҳнатимиздан ташқари фоизи билан 30 миллион сўмдан ортиқ кредит тўлашимиз керак. Бу пандемия даврида қийналган аҳолини қўллаш ўрнига очиқчасига қарз ботқоғига ботириш эмасми?

Шунингдек, тумандаги “Ғофур ота” фермер хўжалиги 29 миллион сўмлик ва “Оқдарё Умид болта” фермер хўжалиги 25 миллион 660 минг сўмлик 4138 килограмм картошка уруғлари олган. Аммо уларда ҳам экиш палласигача уруғнинг 40 фоизи яроқсиз ҳолга келган, экилгандан сўнг уруғнинг 55 фоиздан ортиғи униб чиқмаган. Бироқ тузилган шартномада томонларнинг мажбуриятлари келтирилган бўлса-да, номлар ва кредит суммасидан бошқа ёзув ёзилмаган. Хўш, сифатсиз уруғ учун кредит суммасини ким тўлайди?

Банк маблағи кимдан бўлса ҳам қайтарилади

– Банкимиз томонидан 164 нафар фермер хўжалигига 22 фоиздан такроий экинга четдан келтирилаётган картошка уруғини харид қилишлари учун 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратганмиз, – дейди “Агробанк” туман филиали бошқарувчиси Дилшод Толлиев. – Кредитнинг 7,5 фоизи  қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қопланади. Шундай бўлса-да, ходимларимиз банкимиздан картошка уруғлиги учун кредит олган 88 та фермер хўжалиги далаларида мониторинг ўтказилиб, униб чиқмаган уруғлик ҳолати ўрганилди. Ўрганиш хулосалари асосида ҳужжатлар тайёрланиб прокуратура органларига топширилди. Бу фермер жавобгарликдан озод бўлди,  дегани эмас. Маблағ банкнинг капитали ва уни кимдан бўлса ҳам қайтариш лозим.

Рақамларга қарайдиган бўлсак, тумандаги фермер хўжаликлари “Агробанк” туман филиалидан 600 тонна уруғлик учун 3 миллиард 972 миллион 854 минг сўм, томорқачилар “Микрокредитбанк” туман филиалидан  55 тонна уруғлик учун 344 миллион 100 минг сўм ва Халқ банки туман филиалидан 175 тонна картошка учун 1 миллиард 86 миллион 128 минг сўм кредит маблағи олган.

Томорқачи қарийб 70 миллионга “чув тушди”ми?

Мойқовоқ маҳалласида яшовчи Ашурхон Оппоқов икки укаси билан ҳар йили Россияда ишлаб оила тебратган, бу йилги пандемия туфайли хорижга ишлагани боришолмади. Уларга шу ерда даромад топиш имкони яратилганидан жуда хурсанд бўлишганди. Аммо…

– Камбағалликни қисқартириш дастури асосида фермер хўжаликнинг ғалладан бўшаган ерларидан 30-35 сотихдан ер берамиз, четдан келтириладиган ҳосилдор картошка навларидан кредитга берамиз, шу ерда даромад топасизлар дейишганди, – дейди А.Оппоқов. – Шу гапларга ишониб уч ака-ука “Самголд” масъулияти чекланган жамиятидан 11 тоннага яқин картошка уруғи олдик. Уруғни ундириш жараёнида 50-60 фоизи нобуд бўлди, эккандан кейин яна шунча қисми чиқмади. Шундан кейин “Самголд” корхонаси раҳбарига қўнғироқ қилиб вазиятни айтдим, улар олинган уруғнинг 10 фоизига тенг бошқа картошка уруғлиги берди, лекин кейинги уруғ экилмасдан, жойида чириб кетди. Ҳозир 35 сотих майдоннинг 20 фоизида картошка бор, холос. Ака-укалар чириган картошка уруғи учун қилинган меҳнат, техника ва минерал ўғитни, кредит фоизларини ҳисобламаганда банкдан 68 миллион 200 минг сўм қарздор бўлдик. Бу камбағалликдан чиқаришнинг қандай йўли бўлди.

Табиийки, бутун туманга четдан келтирилган картошка уруғи тарқатган “Самголд” масъулияти чекланган жамияти вакиллари билан боғланишнинг имкони бўлмади. Аммо бу масалаларнинг ҳуқуқий жиҳатларини яхши биладиган тумандаги соҳа масъуллари нега бу масалага панжа орасидан қараган. Энди меҳнатидан топган даромадини банк кредитига тўлайдиган фермерлар, рўзғорни ғорини тўлдириш, қиш чилласида дастурхони тўкис бўлишини истаб қарзга бўлса-да, уруғ олиб меҳнат қилган аммо, бир мавсум ишлаб, бўйнидаги катта қарздан бошқа нарса орттиролмаган аҳолининг ҳоли нима кечади? Бу масалани ким, қачон одилона ҳал қилади?

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

“Зарафшон”нинг махсус мухбири.               

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.1 / 5. Baholaganlar soni: 8

OAV nomi va parolini kiriting!