«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-19T14:52:11+05:0019 Mart, 2021|Олтин қалам|

                 Халқ нима дардда, кимлар нафс йўлида

Ўғли билан келини автоҳалокат туфайли оламдан ўтгач, Жамила хола  икки нафар набираси билан ёлғиз қолди. Ўртамиёна яшаётган аёл охирги пайтларда бироз қийналиб қолди. Набиралари боғчага борганда ўзи қўни қўшниларнинг томорқа юмушларига ёрдам бериб, хизмати эвазига топган пулини рўзғорга ишлатарди. Коронавирус туфайли ҳамма уйда. Болаларга қарайман деб Жамила хола ҳам уйдан чиқолмай қолди. Яхшиям икки уй нарида холанинг болаликда бирга ўсган дугонаси бор. Кунора иссиқ-совуғидан хабар олиб туради. Уч кун аввал қопдаги охирги ундан хамир қориган Жамила хола тунов куни маҳалла раисига ун кераклигини айтганди. Мана уч кун ўтибдики, холанинг мурожаати бўйича ҳеч ким хабар олгани йўқ.

Якшанба куни соат тахминан 16:30. Эшик қоқиб келган Жамила хола маҳаллада ун сотилаётганини, уни сотиб олишга эса пули йўқлигини айтиб, қарз сўраб чиқди. Икки кун олдин маошимни олгандим. Шундай пайтда холага қарз эмас, ун олиб беришни маъқул топдим.

Маҳалла идораси ёнига тумонат одам йиғилган. Уннинг нархини сўрашга ҳам ҳожат йўқ. Ун ортилган юк машинасининг пештоқига “Камбағал, боқувчисини йўқотганлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун бир қоп ун 160 минг сўм” деб ёзиб қўйилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакиллари ҳар ёқдан пул излаш билан, пули бор фуқаролар эса ун олиш билан овора. Ўша куни бир қоп ун олган Жамила хола ҳам набиралари ҳам жуда хурсанд бўлишди.

Энди ўйлаб кўринг: Ўзи кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила бўлса. Уларда, шундай вақтда 160 минг сўм қаердан келади. Ўзи нега бошқа маҳаллаларда бир қоп ун 135 минг сўмдан сотилаётган бир вақтда бизнинг маҳалламизда 160 минг. Аслида 135 минг сўмдан сотилиши керак эмасмиди?! Балки, бизнинг маҳалламизга келгунча тадбиркорнинг харажатлари кўпайиб кетгандирда. Аммо… Нима бўлганда ҳам ҳозирги шароитда тадбиркорларимиз бироз фойдаларидан кечиб, халқга ёрдам қилиб, уларни оғири енгил қилса мақсадга мувофиқ бўларди. Синовли кунларни вақт ўтиб иродамиз, матонатимиз бир-биримизга бўлган меҳримиз орқали енгамиз албатта.

Эрталаб ишга кетаётганимда, маҳалла идораси ёнида оқсоқолнинг ёқасидан тутганча унга бақираётган тадбиркорнинг важоҳатидан от ҳуркарди.

-Менга қаранг, сизга кеча бирган пулингиздан 400 минг кам чиқди деяпман. Айтган фойдангизни олганингиз етмаётгандек, менинг фойдамдан ҳам олиб қолгансиз. Қанақа одамсиз ўзи. Шунчалик ҳам очкўз бўласизми? Қайтариб беринг дейман, камини қайтариб беринг.

Ранги докадек оқариб кетган оқсоқол эса “Илтимос, менга ёрдам беринглар. Аслида унни 160 мингдан сотган тадбиркорнинг ўзи? Маҳсулотни сотишига амалий ёрдам берганим учун айбини менга юкламоқчи бўляпти. Ун маҳсулотини сотишда фақатгина ёрдам бердим холос. Ҳеч қандай фойда кўрганим йўқ. Биласизлар мен ҳеч қачон ёлғон гапирмайман. Бировнинг ҳаққини емайман буни биласизларку”.  Деганча атрофдагилардан нажот кутарди.

-Сиз қанақа ноинсоф одамсиз?! Ҳамма икки кундан буён ун келишини кутяпти. Уларга қанчадан десангиз олади. Мен ҳам сиз билан баравар юрганимни ҳам ҳисоблангда. Ҳаммага ун керак, ҳозир қанча нарх қўйсангиз ҳам олишади. Менга ҳам фойда қолсин, бемалол 160 мингдан сотаверинг деган ўзингизку. Энди сувдан қуруқ чиқиш учун ҳамма айбни менга юклаяпсизми?! Ундай қилолмайсиз. Бунга йўл қўймайман.

Маълум бўлишича, бир қоп унни 124250 сўмдан сотиб олган тадбиркор, аслида фуқароларга 135 мингдан сотиши керак бўлган. 4 тонна ун маҳсулотини маҳалламизга олиб келган тадбиркор раис билан келишиб, маҳсулотни 160 мингдан сотишга эришган. Яна бир маҳалла оқсоқоли эса маҳсулотни маҳалласида сотилмаслиги эвазига тадбиркордан 200 минг сўм олганига нима дейсиз. Халқ ишонган оқсоқоллардан яна бир эса эҳтиёжманд оилалар қолиб, ўзига тўқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам беришнида эплайдиган оилаларга ун ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берилиши учун хизмат қилган…

Эҳ санай десангиз, илдиз отган муаммо, ечимини кутаётган масалалар юзага чиқиб келаверади, келаверади…

Карантин даврида ички бозорда озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлаш тадбирларига жалб этилганидан ғараз мақсадда фойдаланган яна битта маҳалла раисига чора кўрилди. Шўрчи тумани “Қораариқ” МФЙнинг раиси С.Ғ кам таъминланган, эҳтиёжманд ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жойларга кунлик етказиб берилаётган арзонлаштирилган нархдаги 140 минг сўм миқдоридаги ун маҳсулотини “Бек-Жамшид” оилавий корхонаси раҳбари Ж.Б билан келишиб, 155 минг сўмдан сотишни йўлга қўйган.  Бунинг эвазига ҳар қоп ундан 5 минг сўмдан хизмат ҳақи олишга кўндириб, хизмат мавқеидан фойдаланиб алдаш ва ишончни суистеъмол қилиш йўли билан ун маҳсулотига талабгор сифатида рўйхатга олинган оилаларга нархни қимматлиги тўғрисида асоссиз маълумотлар етказган. 17 апрель куни ун сотишга жалб қилинган савдо ташкилоти биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиб олган 60 қоп унни сотган. Оқибатда прокуратура маҳалла раисига жиноят иши қўзғатиб, дастлабки терговни олиб бориш учун туман ИИБга юборган.

Эл бошига иш тушган  шу кунларда элнинг кўзига чўп суқаётган бундай оқсоқолу тадбиркорларни ким нима деб аташ мумкин.

 

Нигина ШОЕВА,

Журналист. 

“Huquq” газетаси

2020 йил 7 май №18 (1215)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.2 / 5. Baholaganlar soni: 102

OAV nomi va parolini kiriting!