Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди кимни алдамоқда?
Гарчи «плагиат» сўзи барча учун таниш жумла бўлмасада, бугунги интернет замонида кўпчилигимиз «плагиатлик касаллиги»га учраганимиз айни ҳақиқат. Лотинча “ўғрилайман” сўзидан олинган мазкур тушунча бошқаларнинг ижод маҳсулини ўзлаштириш демакдир.
Яқинда «Дўстлик байроғи» газетасига Навбаҳор туманлараро иқтисодий судининг масъул ходими имзоси билан «Мурожаатнома — эзгулик ғояларига асосланган ҳужжат» номли мақола келиб тушди. Ушбу мақола матнига кўз югуртирар эканман, аввало жумлаларнинг силлиқ тузилганлигини муаллифнинг маҳоратига йўйдим. Мақолада Президентимизнинг 2020 йил 29 декабр санасида Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, хусусан суд органларига оид жиҳатлар ҳақида гап кетганди.
Матнни ўқиб бўлгач, давлатимиз раҳбари Мурожаатномасидаги жумлаларни айнан кўчирилганми — йўқлигини текшириш мақсадида айрим гапларни тўлиғича интернетдан излаб кўрдим. Буни қарангки, биринчи изланган гап — сарлавҳа қандай бўлса худди шундай бир нечта матн кўринди.
Мазкур матнларни бирма-бир ўқиб чиқдим. Хусусан, www.hudud24.uz веб сайтида жорий йил 12 январ санасида юқоридаги сарлавҳа остида мақола жойлаштирилган, фақатгина сайтдаги материал давра суҳбати шаклида эди. Иккита матнни солиштирдим: не кўз билан кўрайки, Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди мас’ули тақдим этган мақоланинг кириш жумласи ҳам, бутун матн ҳам, ҳатто хулоса ҳам веб сайтдан олинган экан! Биргина фарқ — шаклда ўзгариш бор, холос. Энг ачинарлиси, газетамизга тақдим қилинган мақолада бирорта янги фикр ҳам қўшилмаган!
Мақоланинг имзоланган томонига қарарканман, бу жойда қўл телефони рақами ҳам қайд этилганди. «Муаллиф» билан боғланиб, аввалига мақолани ким ёзиб бергани ҳақида сўрадим. «Муалллиф» даставвал матнни ўзи ёзганлигини рўкач қилди. Сўнгра мақоланинг интернетдан кўчирилгани хусусида аниқ фактлар келтирганимдан сўнг, «Кечирасиз, хатга қарангчи, ижрочиси ким экан?» деган ноўхшов саволларга ўтди…
Шу ўринда Жиноят кодексининг 149 моддасига кўра, тафаккур мулки объектига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ўзлаштириб олиш, ҳаммуаллифликка мажбурлаш, шунингдек, тафаккур мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни улар расман рўйхатдан ўтказилгунга ёки эълон қилингунга қадар муаллифнинг розилигисиз ошкор қилиш масаласига нисбатан жазо чоралари белгиланганлигини айтиб ўтмоқчимиз. Шунингдек, Фуқаролик қонунчилигида ҳам плагиат содир этган шахсга нисбатан кўриладиган чоралар қайд этилган.
Албатта, буларни биздан кўра суд идоралари вакиллари яхши билишади. Аммо бу тизимда ҳисобот учун газетага мақола чиқариш мақсадида ўзи ёзмаган ижод маҳсулини «ўзимники», дейдиган кишилар борлиги кишини таажжубга солади. Наҳотки фикрни бир эрга жамлаб, қоғоз қоралаб, ўз фаолияти бўйича «бир энлик» мақола ёзиб бериш шу қадар машаққатли бўлса?
Озод МУСТАФОЕВ,
“Дўстлик байроғи” газетаси мухбири.
(«Дўстлик байроғи» газетасининг 2021 йил, 3 март сонида эълон қилинган)