«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-18T19:27:22+05:0018 Mart, 2021|Олтин қалам|

КЕЛДИ ОЧИЛУР ЧОҒИНГ…

ёхуд гендер тенглигининг кўрсаткичлари

 

Аёлга эҳтиром – миллат ва давлат ўз келажаги, эртанги кунига муносабатининг кўзгуси. Жаҳолат ҳар доим жаҳолат, маърифат эса тараққиётга туртки берган. Бир сўз билан айтганда жамиятнинг хотин-қизларга кўрсатаётган рўшнолиги  улғайиб келаётган авлод  садоқати, меҳнати, фароғати ва  фидокорлиги билан қайтади.

         Ҳазрат Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг ўттиз еттинчи “Кадхудолиғ сифати ва хотунлар зикрида” деган фаслида аёлларга  “Мувофиқ тушса кадбону, давлат ва жамиятға бўлмоқдурур ҳамзону”, дея таъриф берадилар. Яъни, кадбону – уйнинг бекаси мувофиқ – рисоладагидай бўлса, давлат ва жамият билан ёнма-ён, елкама-елкадир.

Хуллас жамиятда гендер тенглиги масаласи кеча ёки бугуннинг гапи эмас. Бинобарин бугунга келиб ҳам  инсоннинг  жамиятда аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш,  уларни камситишнинг ҳар қандай кўринишларига барҳам бериш, ижтимоий фаоллигини ошириш борасида бош қотириши ҳамон кўзимиз очилмаганлигининг ифодасидир.

Мамлакатимиздаги янгиланишлар  эса ушбу долзарб масалани  мутлақо янги ракурсдан ҳеч бўлмаганда ўрганиш вазифаларини ҳам илгари сурмоқда.Мазкур масалада биргина Навоий вилояти  бўйича сўз очилса,  1991-2020 йилларда 200  нафардан ортиқ  ҳотин-қиз Давлат мукофотлари ва кўкрак нишонлари билан тақдирлангани, қарийб 900 нафар аёлнинг турли соҳаларда раҳбарлик лавозимида фаолият олиб бораётганлиги, жорий йилда салкам 30 нафар хотин-қиз  тавсиянома асосида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинганлиги  эътиборга молик кўрсаткич сифатида қайд этилади. Шунингдек, 2020 йил бошида шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда уй-жойлар қурилиши режалаштирилган ҳудудлардан Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида жами 43 нафар хотин-қизга Хотин-қизлар жамоат фонди маблағлари ҳисобидан уй-жойларнинг  бошланғич  10 фоиз бадаллари тўлаб берилганлиги ҳам назардан четда қолмайди.

Давлат аёлга бундан-да кўпроқ эҳтиром кўрсатишга биз эса рақамларни бундан-да ёрқинроқ кўринишга келтириб қўйишга  қодирмиз. Бироқ жамиятда аёлга, замонавий аёлнинг эса  жамиятга муносабати ўзгардими?!.

Беш олти йил аввал вилоятнинг идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгашида хотин-қизлар томонидан жиноят  содир этиш кўрсаткичи ошиб бораётганлиги масаласи муҳокама этилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, жиноятларнинг аксарияти иқтисодий характерда бўлиб, тадбиркор аёлларнинг банк, солиқ ва бошқа тўловлардан  кредитор қарзлари  билан боғлиқ экан.        Кейинчалик аслида ушбу аёлларнинг тадбиркорлиги эрлари томонидан юритилиб, ўша кезлар ҳар йили амнистия акти қўлланилиши, аёллар томонидан содир этилган жиноий ишлар ҳаракатдан тўхтатилиши, жазони ўтаётган  бўлса, муддатидан олдин озодликка чиқарилишини “тадбирли”кишилар обдон ҳадисини олганлигининг натижаси эканлиги аён бўлди. Амнистияни қўллаш тартиби ва таомили такомиллаштирилгач эса, бу “кўрсаткич” анча пасайди. Бироқ аёлга бўлган муносабат ўзгармаяпти.

Ёзнинг жазирамасида пахта далалари атрофидан ўтинг, юзи аралаш бошига рўмол танғиб олган аёлларнинг ғўзани  чопиқ қилишаётганининг гувоҳи бўласиз.(Мамлакатимизнинг бирорта ҳам ҳудуди бундан мустасно эмас). Ваҳоланки шифокорларнинг таъкидлашича, қуёш нурининг тўғридан-тўғри таъсири камқонлик касаллигининг асосий сабабларидан бири экан. Фермер танишимдан чопиққа эркак мардикорларни жалб этмаслиги сабабини сўрасам, улар биз берадиган пулга келмайди, деб жавоб берди. Юз эллик-икки юз кун пахта даласида кетмон кўтарган аёл арзон ишчи кучи бўлиб қолаверар экан гендер тенглиги хусусидаги кўрсаткичларимиз ҳақиқий аҳволни ифода эта оладими?

Яна бир мисол: Яқинда вилоят бош имом хатиби иштирокида таназзул ёқасига келиб қолган бир оила муҳокама қилинди. Аёлга сўз берилди. У ўз тан маҳрамини куракда турмайдиган сўзлар билан ёмонлаб кетган  эди, имом хатиб Тоҳир Рўзиев. “менга қаранг, ажрашмоқчимисиз, синглим”, дея сўзини бўлди.

– Йўқ, ажрашмайман, ҳожи бобо. Лекин, нега унинг гапини бўлмай эшитдингиз, менинг сўзимни бўлиб қўйяпсиз. Тенг ҳуқуқлимиз,  мениям охиригача эшитинг, – деди.

Тенг ҳуқуқлимиз, дея ўз жуфти ҳалоли, оиласи  сирларини етти маҳаллага достон қилаётган аёлнинг тушунчаси бугун шу биргина мисол бўлса кошки эди.Бугун тенглик суиистеъмол қилиниши оилалар барбод бўлишига ўзаро  ҳурмат ва андиша каби қадриятлар йўқолишига ҳам олиб келмоқда.Гендер тенглиги  бу давлат ва жамият олдида бугунги замонавий аёлнинг масъулияти, вазифалари ортиб бораётганлигининг ҳам ифодасидир. Миллат оналари оила қўрғонида ўз ҳаётий позицияларини тўғри белгилаши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Таҳлиллар ажрашишлар асосан ўттиз ёшгача бўлган давр ҳамда кўпинча ташқи таъсир туфайли юз бераётганлигини кўрсатмоқда.

Биргина Навоий вилоятида ўтган йилнинг ўн ойида 490 нафар аёлга  маънавий, руҳий, жисмоний, иқтисодий, жинсий зўравонлик ва тазйиқлардан жабр кўрганлиги учун “Ҳимоя ордери”  берилган. Табиийки, бу оила қайта тикланиши, тикланган тақдирда ҳам,  соғлом муҳит қарор топиши мушкул.

Албатта, 418 нафар аёлнинг оилада, 32 нафар хотин-қизнинг кўчада, 9 нафарининг эса иш жойида тазйиқ ва зўравонликка учраши(бу ошкор бўлганлари) Гендер тенглиги ва фуқароларнинг аёлга эҳтироми ҳали кўнгилда йўқлигидан,  таомилдан анча йироқлигидан далолатдир.

Шундай эканбу борада  аёлни жамиятнинг ижтимоий фаол қатламиг тортиш билан бирга уларга муносабатни чуқур ислоҳ қилиш, бу борада тарғибот ва ташвиқот ишларини жонлантириш зарур. Мамлакатимиз раҳбари Республика парламенти ва халқига йўллаган Мурожаатномасида “… марказий телеканалларимизда намойиш этилаётган “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатуви сони кўпайтирилиб, мазмунан бойитилса, шунингдек, “Нуронийлар маслаҳати”, “Маҳаллада гурунг” каби янги кўрсатувлар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди”, деган вазифани илгари суриб, масаланинг маънавий жиҳатларига эътибор қаратади. Зеро, оилада, жамиятда аёлнинг мақоми тенг, қалбда юксак эҳтиромда  бўлиши кимлигимизни англатиб,  келажагимизни белгилайди.

 

Темур ЭШБОЕВ,

“Халқ сўзи” газетасининг Навоий

вилояти бўйича мухбири.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.4 / 5. Baholaganlar soni: 18

OAV nomi va parolini kiriting!