«Олтин қалам – 2021» танловига

2021-03-18T19:05:34+05:0018 Mart, 2021|Олтин қалам|

ҚУРИЛИШДАГИ ҚОНУНИЙ ФИРИБГАРЛИКЛАР

Инсон борки яхши ният қилади. Болам-чақам дейди, озроқ пул тўпласа тўй қилиб, элга ош беради, кейин яхши ниятлар билан фарзандлари учун уй-жой тараддудига тушади. Бу энди ўзбекчилик, минталитетга сингган одат. Оиласидан орттириб, емай-ичмай пул тўпласа-да, фарзандини уйли-жойли қолишни хоҳлайди. Лекин йиллар давомида тўплаган пулини янги уйга тўлов қилиб, охирги маблағни топширганда янги важлар пайдо бўлиб, орзулар саробга айланиб қолса-чи?

Булунғур тумани  Лалмикор маҳалласида яшовчи Нурали Норбоев ҳам шаҳардан уй олиш учун кўп йиллар пул тўплади. Уй олди ҳам. Кейин…

– 2019 йил 214 ноябрда қурилиш корхонаси билан Самарқанд шаҳар Гагарин ва Фирдавсий кўчалари кесишмасида қурилаётган кўп қаватли уйнинг 8-блок, 2-йўлак, 9-қаватидан 60,8 квадрат метрли 2 хонали квартирани тўлиқ таъмирланмаган ва жиҳозланмаган (кириш темир эшиги ва дераза ромлари ойналанган) ҳолда олиш учун опам Гуласал Соатова номидан шартнома туздик, – дейди Н.Норбоев. – Қурилиш корхонаси томонидан уйга сув, газ, электр энергияси ва оқова қувурлари киритилган ҳолда уйнинг деворлари сувоқ қилишга тайёрланган ҳолда топшириш, уйда иситиш қозони, ва газ плитаси ўрнатилади. Шу ҳолатда уйнинг 1 квадрат метр қисми 3 миллион сўм ва тўлиқ нархи 182 миллион 400 минг сўм қилиб белгиланган. Шартномага кўра, уй учун белгиланган маблағнинг 67,71 фоизини, яъни 123 миллион 500 минг сўмни бўнак (!) сифатида тўлашимиз ва қолган 58 миллион 900 минг сўмни бир йил давомида бўлиб тўлашга келишдик. Шартномага кўра, ҳар ойда қурилиш корхонасига 4 миллион 908 минг сўмдан пул тўлаш лозим эди.

Бир йил давомида белгиланган тўловларни тўлаб бордик. Карантин ва бошқа сабаблар туфайли белгиланган тўловлар бироз кечиккан пайтлари бўлди. 2020 йил 4 декабрда қурилиш корхонаси раҳбари 2020 йилнинг 13 октябрига қадар 177 миллион 494 минг сўм тўлаганлигим ва шартномага кўра 15 октябргача тўловлаврни тўлиқ амалга оширишим лозимлиги, 15 кун муддатда кечиктирилган кунлар, пеня ва ҳар квадрат метр учун қўшимча тўлов сифатида 54 миллион 30 минг сўм тўловни амалшга оширмасам шартнома бир томонлама бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантириш хати юборди.  2020 йил 12 декабрда белгиланган охирги 4 миллион 915 минг сўм маблағни тўлаб бўлганимизда қурилиш корхонасига яна асосий қарз учун 9 минг сўм, кечиктирилган кунлар учун 518 минг 364 сўм пеня, ойлик тўловлар ўз вақтида тўланмаганлиги учун уйнинг ҳар квадрат метр қисмига 800 минг сўмдан 48 миллион 640 минг сўм, жами 49 миллион 149 миллион 364 сўм маблағ тўлаш. Нега ахир, қилишимиз кераклигини айтишди. Белгиланган тўловлар ўз вақтидв тўланмай қолганда ҳар квадрат метр учун 800 минг сўмдан тўлов белгиланиши қанчалик асосли. Биз коронавирус пандемияси даврида бироз кечикиб бўлса-да, тўловларни амалга оширдик. Шартнома тацёрланганда тегишли органлар томонидан унинг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги текшириладими ёки корхона манфаатлари кўзланган ҳолда тузилган шартномалар оддий одамларга зиён келтирсада қонуний ҳисобланаверадими? Бу масалада азият чеккан бир мен эмас, биз қатори уй олиш учун муддатли тўловни амалга ошириб, қолган тўловларда кечиккан бошқа фуқаролар ҳам бор. Энди улар ҳам бундай қонуний фирибгарликка қандай ечим топишни билмаяпти.

Харидор ва корхона ўртасида тузилган шартноманинг 2.1 бандида “Харидор”нинг “Объект” қурилишидаги бўнак тўлови танланган квартиранинг ҳар бир квадрат метри учун 3 (уч) миллион сўмга баҳоланади ва майдоннинг умумий миқдори, яъни 60,8 квадрат метрда, умумий суммаси 182 миллион 400 минг (бир юз саксон икки миллион тўрт юз минг) сўмни ташкил этиши белгиланган. Шартноманинг 2.2 бандига кўра, 2.1 бандда кўрсатилган пулнинг 67,71 фоизи, яъни 123 миллион 500 минг сўмни харидор уч кунда тўлаши ва қолган қисми 58 миллион 400 минг сўмни тўлов жадвалига асосан шартнома тузилган санадан кейинги ойдан бошлаб ҳар ойнинг 5-15 санасигача тўлаши шарт. “Харидор” ойлик тўловларни ҳар бир кечиктирилган кун учун ойлик тўловлар тўланмаган суммасини 0.1 фоизи миқдорида пеня тўлайди, лекин пеня суммаси тўланмаган сумманинг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги лозим. “Харидор” томонидан ойлик тўловлар ўз вақтида тўланмаган тақдирда шартноманинг 2.1 бандида шартномадаги ҳар бир квадрат метр учун 800 (саккиз юз) минг сўм қўшимча тўлов тўлаши шарт, акс ҳолда шартнома бир томонлама бекор қилинади.

Шартноманинг мазмунига қарайдиган бўлсак, ҳужжат асосан бир томон манфаатини кўзлаб тузилганлиги ойдинлашади. Чунки қурувчининг мажбуриятидан кўра харидорнинг жавобгарлигига кўп урғу берилган. Бу дегани агарда қурувчи ўз мажбуриятини вақтида бажара олмаса ҳам шартномада унга нисбатан айтарли жавобгарлик кўрсатилмаган. Яъни бир жиҳат. Шартномада тўлов кечиктирилганда ҳар бир квадрат метр учун 800 минг сўмдан қўшимча тўлов ундирилиши белгиланган, бу сумма ниманинг ҳисобидан келиб чиққан? Тўғри, банк кредитлари ва бошқа ишга салбий таъсир кўрсатувчи омиллар туфайли дейилган, лекин бу қанчалик асосли? Шартноманинг 2.2 бандига кўра, пеня тўланмаган сумманинг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги керак. Нега унда харидорга уй учун яна 49 миллион 149 минг 364 сўм тўлаш талаби қўйиляпти, бу тўланмаган сумманинг деярли 90 фоизику, шартномада эса 50 фоизидан ошмаслиги белгиланган.

Яна ўша шартноманинг 4.1 бандида “Объект”ни Давлат қабул комиссиясига топшириш муддати 3 (уч) ойдан ўтиб кетса “Жамият” “Харидор”га ҳар бир кечиктирилган кун учун уй нархининг 0.1 фоизи миқдорида пеня тўлаши, лекин пеня тўлаш муддати 6 (олти) ойдан ошиб кетмаслиги лозимлиги кўрсатилган. Эътибор бердингизми, уйни топшириш олти ойдан ошса жамият пеня тўлайди, харидор эса ҳар бир кечиктирилган кун учун пеня тўлайди. Бу ерда кимнинг манфаати кўпроқ?

Уй олди-берди ҳужжатларида яна бир жиҳат эътиборимизни тортди. Агарда харидор уйни олишдан бош тортса маблағнинг 10 фоизи ушлаб қолинади. Демак, дастлаб кичик хатога эътибор қилинмайди, кейин эса ўша хатолар жамланиб катта маблағга айланади. Оддий айтганда, жамият харидорнинг маблағидан бир йил давомида беминнат фойдаланган ва энди уй учун яна қарийб 50 миллион сўм қўшимча тўлов талаб қиляпти. Бу қайси тарозига тўғри келади? Қонуний кучга эга ҳужжат бор, лекин бу ҳужжат қайси ҳуқуқий орган ёки истеъмолчи манфаатини ҳимоя қилувчи ташкилот билан келишилади?

– Бундай ҳолатга тушган биргина мен эмас, ўша корхонадан уй олган жуда кўп мижозлар вазиятдан норози, – дейди Н.Норбоев. – Қурилиш корхонаси бир йил давомида мижозларнинг каттагина маблағини ишлатиб, энди яна қўшимча тўлов талаб қиляпти. Мен 9-қаватдаги таъмирланмаган ва жиҳозланмаган уйга тўлов қилганман. Қўшимча тўлов сабаб пулимизни қайтариб олиш учун ариза ёздик. Қурилиш корхонаси тўлаган маблағимизнинг 10 фоизини ушлаб қолиб, қолганини 60 кун ичида банк пластик карточкасига тушириб бераркан.

Англаганингиздек, қурилиш корхонаси мижозларнинг маблағидан фойдаланиб қурилишни амалга оширган ва энди қўшимча тўлов талаб қилмоқда, агарда мижоз тўловдан бош тортса маблағнинг 10 фоизи ушлаб қолинади ва ўша пайтда квадрат метри 3 миллион сўм бўлган уй ҳозирги бозор нархида бошқа мижозга сотилади. Бу халқ тилида “энидан ҳам бўйидан ҳам уриш” дейилади. Қурилишдаги бу каби қонуний фирибгарликларга ечим топиладими?

*

 

Таҳририятдан: Мақола чоп этилиш арафасида вилоят қурилиш бошқармаси ахборот хизматининг ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган маълумотига кўра,  Самарқанд шаҳридаги Фирдавсий кўчаси 84-манзилда қурилган янги кўп қаватли уй шаҳарнинг тарихий муҳофаза зонасида жойлашганлиги сабаб 7 қаватдан юқори қисми буюртмачи томонидан бузилишини билдирган.

“Пастдарғом қурилиш моллари” МЧЖ томонидан қурилган ушбу кўп қаватли уй Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилиб, Самарқанд шаҳри тарихий марказининг муҳофаза ҳудудида жойлашганлиги сабабли турар жой биносининг 8-9 қаватлари бузилиши белгиланган. Қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланмаганлиги ва Республика ишчи гуруҳи томонидан қўйилган талаб бажарилмаганлиги боис мазкур объект инспекция томонидан фойдаланишга қабул қилинмаган.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан 2019 йил 13 мартда шаҳар иқтисодий судига бинонинг 8-9-қаватларини бузиш тўғрисида даъво аризаси киритилган. Суднинг 2019 йил 8 майдаги ажрими билан иш юритиш тугатилган.

Маданият вазирлиги ҳамда “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК билан биргаликда бино баландлиги ҳамда шаҳарсозлик нормаси бўйича хулоса берилган. Бинони бузиш бўйича буюртмачи томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда мулк эгаси томонидан бузилиш белгиланган.

Энди бир савол: Самарқанд шаҳар ҳокимлиги 7 қаватга рухсат берган, суд ажрим чиқарган, республика ишчи гуруҳининг талаби бажарилмаган. Яна 2019 йилнинг 14 ноябрида объектнинг 9 қаватидан уйни сотиш бўйича шартнома имзоланган. Қурувчи очиқчасига ўзбошимчалик билан бўлса-да, қурилган 8-9 қаватларни бузолмайсизлар демоқчими ёки..?

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

“Зарафшон”нинг махсус мухбири.

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.2 / 5. Baholaganlar soni: 48

OAV nomi va parolini kiriting!