Саъдулла Ҳакимовнинг 70 йиллигига

2021-03-17T16:59:21+05:0017 Mart, 2021|Умумий янгиликлар|

МЕҲРИБОН МУРАББИЙ ЭДИ

Уч йилча аввал устозимиз (Ўзи раҳматига олган бўлсин) Саъдулла Ҳакимов каминани Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари сифатида жамоага таништиргани кечагидек кўз ўнгимда. Ўшанда у киши,  “Холмурод, сиз бугундан янги жамоада фаолият бошлаяпсиз. Бу жамоага ҳам мослашишингиз,  ўз ўрнингизни топиш ва мустаҳкамлашингиз, берилган топшириқларни вақтида, сифатли бажаришингиз, меҳнатингиз, умуман, ҳар жиҳатдан бошқаларга ўрнак ва намуна  бўлишингиз зарур ва муҳим, энди сиз кичкина одам эмассиз”, деган эдилар.

Ўтган қарийб  уч йил  давомида устознинг ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қилдим. Яширмайман, иш жараёни давомида баъзан хато қилган пайтларим ҳам бўлган. Аммо шундай кезларда ҳам ҳеч бир қаттиқ гап эшитмадим. Аксинча,  – Сиз уддалайсиз, мен бунга ишонаман, чунки сиз менинг шогирдим, керак бўлса  қанотим ҳисобланасиз, фақат ўқиш-изланиш-интилиш  ва ҳаракатдан тўхтаманг, мана мени айтди дерсиз, – дея ўзимга бўлган ишончимни янада оширарди.

Саъдулла ака нафақат мени, балки бутун жамоамиз аъзоларини, умуман, ҳар бир ижодкорни, журналистни қўллаб-қувватлашга,  имконият даражасида ёрдам беришга ҳаракат қиларди.

Турли тадбирларни ўтказиш баҳонасида у киши билан бирга деярли барча вилоятларда бўлганман. Йўлга чипта, меҳмонхонага жой буюртма беришимиздан хабар топиши билан “Арзонроғини гаплашинглар, давлатни пулини совурмаслигимиз керак” – деган гаплари бир неча маротаба қулоғимга чалинган. Вилоятларга сафар уюштираётганимизда устознинг ана шу гаплари тез-тез эсимга тушади ва унга амал қилиш пайида бўламан.

Кўплаб ҳамкасбларимиз, устоз журналистлар каби Саъдулла ака ҳам давлатимиз раҳбарининг соҳамизга қаратаётган алоҳида ва доимий эътиборидан жуда хурсанд бўларди. Ҳеч бир замонда журналистика соҳасига, матбуот ва сўз эркинлиги таъминланишига айни кунгидек шароит ва имконият яратилмагани, бундан тўғри фойдаланишимиз, қадрига етишимиз, энг муҳими, билдирилаётган катта ишончни барчамиз оқлашимиз зарур ва шартлигини куйинчаклик билан гапирарди.

Бирга ишлаган давримизда пойтахт ва вилоятларда устоз журналистларнинг юбилей ва бошқа кўплаб нуфузли тадбирлари бўлиб ўтди. С. Ҳакимов ўзи билан мени ҳам шундай тадбирларда иштирок этишимни, фаол бўлишимни истарди.

Оммавий ахборот воситаларидаги ҳар бир чиқишимга ҳамиша ўз муносабатини билдириб, зарур ҳолларда керакли маслаҳатларини бериб келган Саъдулла ака менга раҳбар сифатида ҳам, устоз сифатида ҳам, одамийлик сабоғини ўргатишдан чарчамаган оддий бир ака сифатида ҳам кўп яхшиликлар қилган.

Бир мисол. 2019 йил апрель ойининг охирларида хонасига чорлаб,– Холмурод, шу йилнинг 13-19 май кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида Осиё давлатлари журналистлар уюшмалари вакиллари иштирокида катта халқаро конференция бўлиб ўтади, унинг очилишида Хитой Президенти ҳам қатнашиши мумкин, шунга бориб-келишингиз керак,– дедилар. Табиийки, бу топшшириқни бажонидил, хурсанд бўлиб қабул қилдим. Фақат энди ҳужжатларни тайёрлаш керак эди, менда эса “загран” паспорт йўқ. Ўша пайтлари уни тўғрилаш  учун камида уч ҳафта вақт керак бўларди. Вақтимиз эса жуда ҳам кам. Бир амаллаб 12 май куни “загран” паспортни, 13 май куни эса кечки соат 16:30 га самолётга чипта ҳам олдик. Аммо, паспортга Хитой элчихонасининг визаси урилмаган, бусиз у давлатга киритилмайди. Ҳал бўлмаётган виза билан боғлиқ ушбу масала мени илк хориж сафаридан ҳам мосво бўлишга яқинлаштирарди. Шулар ҳақида ўйлаб тушкин кайфиятда ўтирган эдим Саъдулла ака қўнғироқ қилиб, “ҳозир элчихонага бориб, учрашинг, ишингиз ҳал бўлди, фақат виза учун 25 доллар кўп тўлайсиз”, деди. Сўнгра менга оқ йўл тилади. Туркия ва Қозоғистонга ижодий сафар билан боришимга ҳам сабабчи бўлган.

Сир эмас, 2020 йилнинг июль ойида коронавирусга чалиниб, бир ҳафта Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази шифохонасида даволандим. Шифохонада пайтим Саъдулла ака деярли ҳар куни эрталаб ва кечқурун қўнғироқ қилиб аҳволимни сўрашни канда қилмаган. Тиббий текширувларим натижаларини олиб ўзларининг таниш шифокорларига кўрсатиб даволаниш бўйича ўз маслаҳатларини берганларида бу менга янада мадор бўлган.  Муолажалар тугаб уйга келганимда турмуш ўртоғим раҳбаримиз уйимга ҳам қўнғироқ қилиб рўзғоримизда қандай етишмовчиликлар борлигини сўраганини айтиб берганида, кучли карантин шароитида оиламизда юзага келган иқтисодий қийинчиликдан чиқишимиз учун моддий ёрдам кўрсатганларида рости, устознинг кўрсатган бу каби оқибат ва одамгарчилигига қойил қолганман. Гўё у кишини қайта кашф этиб, ўзим учун керакли хулосалар чиқарганман.

Касалликдан тузалиб ишга чиққанимдан кўп ўтмай фарзандли-қизли бўлдим. Шу куни устоз қўнғироқ қилиб табриклаганидан сўнг уюшмамиз марказий аппарати аъзоларидан иборат телеграмм гуруҳимизга кирсам  Саъдулла ака “Одамлар-о, одамлар, эшитмадим деманглар. Уюшмамиз қиз набиралик бўлди. Холмуроднинг уйига тўнбичар келди. Муборак бўлсин. Ҳамма ялпи қуллуқ бўлсинга сафарбар этилсин!” деб ёзибди. Шунда устозни менга бўлган меҳри дунёдан ўтиб кетган отамнинг (Ўзи раҳматига олган бўлсин) меҳридан кам эмаслигини яна бир бор ҳис қилганман, тўғриси, эътиборидан жуда мамнун бўлиб кўзларимга ёш келган.

Ўйлаб қарасам, ўзидан кўра ходимлари манфаатини, соҳамиз, давлатимиз равнақини кўпроқ ўйлайдиган Саъдулла акадан фақат бир марта сал қаттиқроқ гап эшитган эканман. Қисқаси, 2019 йилнинг март ойида Саъдулла Ҳакимов қарийб ўн кун хизмат сафари билан Корея давлатида бўлишга тўғри келди. Шу пайт “Нуроний” жамғармасидан “Меҳнат фахрийси” унвонига журналистлар орасидан номзод сўраб қолди. Номзодлар рўйхатини шу пайт яхши ишламаган телеграмм канали орқали зўрға ака билан келишдим. Ана шу рўйхат ва  тегишли ҳужжатларни жамғармага жўнатган ҳам эдик, тезлик билан яна бир кишининг номзодини беришни талаб қилишди. Хорижда бўлиб турган раҳбаримиз билан бу борада маслаҳатлашишни, боғланишни иложи бўлмагач, ўйлаб-ўйлаб, ҳеч кимдан сўрамасдан С. Ҳакимов ҳужжатларини уларга тақдим қилдик.

Саъдулла ака Кореядан келиши билан бундан хабар топди. Ёнларига чақириб “Мендан кўра бу унвонга муносиблар кўп, нега номзодимни бердингиз” деб койидилар. Кўп ўтмай эса тегишли ҳужжатга мувофиқ “Меҳнат фахрийси”га айландилар.

Ҳа, Саъдулла ака ана шундай камтар, олийжаноб, ўзидан кўра бошқаларни кўпроқ ўйлайдиган инсон эди. Шу билан бирга ўта талабчан ва зийрак ҳам эди. Берган топшириқлари натижасини сўраш ҳеч қачон ёдидан чиқмасди. У киши билан боғлиқ кўплаб воқеа-ҳодисалар хотирамда бир умрга муҳрланиб қолди.

Айтганча, ўтган йили хонасида узоқ суҳбатлашганимиздан кейин келаси – 2021 йилнинг  март ойида 70 йиллик юбилейингиз бўлади, қандай нишонлаймиз, деганимда индамагандилар, гапни бошқа ёққа бургандилар. Донишманд одам эди, эҳтимол шу кунларга етиб кела олмасликларини олдиндан сезганмикинлар, деган ўй-хаёлларга бораман баъзан. Бу  эса ёлғиз Яратганга аён.

Устоз бемор бўлиб қолганларида аввалига телефонлашиб турдик. Овозлари бўғилиб қолганларидан сўнг эса иш бўйича телеграмм орқали ёзишдик. Оғирлашиб қолганларида “Энди ишни ўзингиз билиб-билиб қилаверинг, аммо ҳар ишда юрист билан маслаҳатлашинг” дегандилар. Устознинг менга ёзган охирги сўзи “Раҳмат, Холмурод!” деб тугаган. Бу сўзлар менга устозни розилигига эришганимни англатгандай бўлади гўё.

Холмурод САЛИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмасининг раиси ўринбосари