Сўз «Олтин қалам» совриндорларига!

2021-03-16T19:30:38+05:0016 Mart, 2021|Умумий янгиликлар|

Йўлдошмирза Исоқжонов, 

фахрий журналист, Андижон вилояти, Избоскан тумани «Пахтакор» газетаси собиқ мухбири,

(2011 йилги «Олтин қалам» Миллий мукофоти учун халқаро

танловининг «Ижтимоий-сиёсий мавзудаги энг яхши танқидий-тақлилий мақолалари учун» номинациясида 1-ўрин соҳиби)

Фаолиятимдаги энг юқори чўққи

 Матбуот соҳсида 46 йил меҳнат қилган бўлсам, 2011 йилги танловда фахрли 1-ўринни эгаллаганим фаолиятимдаги энг юқори натижа бўлган.

Салкам ярим аср давомида туманимизнинг «Пахтакор» газетасида ишладим. Бир муддат «Савдогар» газетасининг Фарғона водийси бўйича мухбири бўлдим.

Устозларимдан бири Зокиржон Юнусовнинг «Далага чиқинг, одамлар билан гаплашинг. Олган маълумотларингизни ҳаёт билан қиёсланг», дея берган сабоғи ҳали-ҳануз қулоғимда. Ижодимнинг 80 фоизи фельетон ва танқиддан иборат бўлди. Қувонарлиси, уларнинг самараси ўлароқ кўплаб муаммоларга барҳам берилди. Қониқиш бор ерда тараққиёт тўхтайди, деган тамойилга асосланиб камчиликларни холисона қаламга олишга ҳаракат қилдим.

Ижодим эътироф этилганидан беҳад хурсандман. «Олтин қалам» танловида айнан «Ижтимоий-сиёсий мавзудаги энг яхши танқидий-таҳлилий мақолалари учун» номинациясида биринчи ўринга лойиқ топилдим.

Орадан ўн йил ўтган бўлсада, эътироф сурури ҳозиргача қалбимда сақланиб туради. Зеро туман газетасининг оддий мухбири меҳнати ҳам эътибордан четда қолмагани танловнинг адолатли ўтишини англатади. Ҳалол меҳнат ҳамиша қадрланишини билдиради.