Барча ОАВ  ва ахборот хизматлари диққатига!

2021-03-15T13:37:01+05:0015 Mart, 2021|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси “Олтин қалам” XV Миллий мукофоти учун халқаро танлов ташкилий қўмита ва ишчи гуруҳлари, Уюшма бошқаруви, унинг ҳузуридаги кенгашлар  аъзолари, тажрибали устоз ва фаол ҳамда интернет журналистлари, шунингдек, журналист кадрлар етиштирувчи олий таълим муассасаларининг соҳага алоқадор етакчи ходим ҳамда тадқиқотчиларининг таклиф ва тавсиялари асосида “Олтин қалам” танлови низомига тегишли ўзгартиришлар киритилганини маълум қилади.

Унга кўра, танловга тақдим этиладиган ижодий ишларни баҳолашда эндиликда, танлов ҳайъати хулосасидан ташқари, Уюшманинг Journalist.uz веб-сайтида очилган “Олтин қалам – 2021” бўлимига жойлаштириладиган материалларга мамлакатимизда рўйхатдан ўтган барча оммавий ахборот воситалари, ахборот хизматлари ҳамда соҳа учун кадрлар тайёрловчи олий ўқув юртлари жамоалари  томонидан беш балли тизим бўйича (ихтиёрийлик асосида) бериладиган баҳоларга ҳам таянилади. Бошқача айтганда, уларнинг баҳоси танлов  ҳайъати томонидан инобатга олинади ва шу асосда энг юқори балл олган ғолиб ва совриндорлар аниқланади.

Journalist.uz веб-сайти орқали материалларни баҳолаш қуйидагича амалга оширилади.

Маълумки, сиз уюшма веб-сайти, телеграмм канали,  “Facebook” каби ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига “Олтин қалам – 2021” танловига рукни остида жойлаштириб бориладиган материалларни батафсил ўқиб чиқиш,  эшитиш ва томоша қилиш чорасини кўришингиз билан автоматик равишда уюшманинг  Journalist.uz сайтига кирилади. Сайтга жойлаштирилган материал билан танишиб бўлишингиз билан “Баҳоланг” сўзига кўзингиз тушади. Ушбу сўз остида доира шакли ичига ёзилган 1, 2, 3, 4, 5 рақамлари пайдо бўлади. Жамоадошларингиз билан келишган ҳолда истаган, масалан, 3, 4 ёки 5 рақами  устига тугмани босасиз. Кейин “ОАВ номи ва паролини киритинг!” деган ёзув чиқади. Бу ерга сиз ўзингиз фаолият олиб бораётган ОАВ номини (Бу жараёнда ЎЗМТРК, ЎзЭОАВМА таркибидаги ва бошқа давлат ва нодавлат (ҳар бир, мисол учун, “Маданият ва маърифат” телеканали) теле ва радио каналлар, ахборот хизматлари, Ўзбекистон журналистика ва  оммавий коммунакациялар университети (ҳар бир факультети алоҳида) ҳамда соҳа учун мутахассислар тайёрловчи юртимиздаги маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ўз жамоаси номидан материалларни баҳолаш ҳуқуқига эга бўлади)  ҳамда ихтиёрийлик асосида ОАВ жамоаси ва масъуллари билан маслаҳатлашиб танланган тўртта рақамдан иборат паролни киритасиз. Сўнг “Юбориш” деган ёзув пайдо бўлади. Уни босасиз. Кейин эса “Фикрингиз учун раҳмат!” ёзуви чиқади.  Мазкур матн сиз баҳолаш жараёнини амалга оширганингизни  англатади. Аммо унинг қабул қилиниши таъминланиши учун ушбу тартибга қатьий амал қилиш талаб этилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ОАВнинг пароллари уюшма масъул ходими Зафар Назаров (Иш телефони (71) 244-62-93, қўл телефони ва телеграмм рақами (90) 045-54-88)  томонидан рўйхатга олинади.   Мисол учун, Journalist.uz га жойлаштирилган илк материаллардан бирини баҳолаган “Ишонч” газетасининг пароли “7777”. “Ишонч” жамоаси баҳолаган ҳар бир материалга шу парол киритилиши шарт бўлади. Ушбу паролнинг битта рақами ўзгарса ҳам баҳо қабул қилинмайди.

Эслатиб ўтамиз, “Олтин қалам –2021” танловига  ижодий ишларни қабул қилиш бўйича иштирокчиларга имконият яратиш мақсадида уюшмада ҳафтанинг шанба кунлари ҳам эрталаб соат 09:00 дан кечки 18:00 гача навбатчилик, материалларни қабул қилиш йўлга қўйилган. Боғланиш учун телефон (71) 244-37-87.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси барча ОАВ раҳбарият ва ижодий ходимларини “Олтин қалам – 2021”  танловига тақдим этилган материалларни  баҳолаш жараёнида фаол иштирок этишга чақиради. Унутманг, сизнинг фикрингиз ҳакамлар ҳайъати аъзолари адолатли қарор чиқариши, танловнинг шаффоф ўтиши таъминланиши учун муҳим аҳамиятга эга.

 “Олтин қалам” Миллий мукофоти ташкилий қўмитаси