Журналистлар Уюшмасида бир кун

2021-03-13T17:51:20+05:0013 Mart, 2021|Умумий янгиликлар|

Қайсики соҳада бўлмасин ҳаётий ва касбий тажриба доимо муҳим ва керакли саналган. Ёшларнинг шижоати, кўпни кўрган устозларнинг малака ва маслаҳатлари туфайли кўп янгиликлар яратилади. Тўғри, ишончли йўл танланади.

Куни кеча биз ЎзЖОКУ ҳарбий журналистика йўналиши талабалари Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов билан суҳбатда бўлдик. Х.Салимовнинг биз ёшларга юксак эҳтиром кўрсатиб, ўз хонасига таклиф этгани эса беҳад қувонтирди. Яна бир бор журналистика соҳасида таълим олаётганимиздан ғурур ҳиссини туйдик.

Юзма-юз бўлган суҳбат давомида у кишининг ёшларни қанчалик қадрлайдиган, эртамиз эгалари деб катта ишонч билдириб, имкон борича қўллаб-қувватлайдиган раҳбарлардан бири эканликларига амин бўлдик.

— Журналистика  жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Таълаб ҳам, рақолбат ҳам шунга яраша. Шундай экан, мазкур соҳани янада юксалтирадиган, замонавий дунёқарашга эга, илми кучли, тил биладиган ёшларга ҳамиша эҳтиёж сезилади, –дейди у. – Ёшларнинг  журналистиканинг сир-асрорларини яхши ўзлаштириб, истеъдодларини намоён қилишлари қувонарли. Уларни ҳар жиҳатдан қўллашимиз керак, ҳаракати, шижоатини кўриб биз ҳам ўзимизга илҳом оламиз, руҳланамиз. Насиб бўлса, шу йилдан бошлаб биз ҳам худди Ёзувчилар уюшмаси томонидан ёш шоир ва ёзувчиларни рағбатлантириш мақсадида ўтказиладиган “Зомин” семинари каби Журналистлар Уюшмасининг анъанавий “Бўстонлиқ” семинарини ўтказишни йўлга қўямиз.

— Жорий йилги режамизга ўзоқ йиллик ҳаётий-касбий бой  тажрибага эга ҳар бир устоз журналистларимизга беш нафардан ёш журналистларни бириктиришни ҳам киритганмиз, – дея сўзини давом этди раис ўринбосари. Баъзан эшитиб қоламиз, айрим ОАВлари амалиёт ўташ учун борган талабаларни ортиқча сарсон қилиб, олийгоҳдан хат олиб келишни сўрашганини. Бунинг ўрнига чин дилдан журналистикани ўрганаман, деган сиз каби қалб қўри, кўз нури ижод, меҳнат дея ёниб турган ёшларимизни ёнимизга олиб, тарбиялаб боришимиз керак эмасми. Бу ҳар томонлама фойдали бўлади. Суҳбат давомида Х.Салимовдан мустақил ижод мобайнида кўпроқ нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳамда бугунги давр талаби даражасида журналист бўлиш учун нималар қилиш кераклиги борасидаги фикрларини тингладик ва ўзимизни қизиқтирган барча саволларимизга атрофлича жавоб олдик.

Учрашув сўнгида Холмурод Салимов бизларни Журналистлар ижодий уюшмасида ташкил этилган мўжазгина кутубхона билан таништириб, бўш вақтларимизда бу ердаги соҳага оид адабиётларни, газета-журнал тўпламларини мутолаа қилиб туриш учун келишга чорлади.

Шунингдек, Уюшма томонидан чоп этилган «Умид ёғдуси» китоби ҳамда кутубхона фондидаги «Ўзингни англа, одоб сақла» номли китобларни туҳфа этди.

Учрашув барчамизда унутилмас таассурот қолдирди.

Камолиддин Рўзиматов,

ЎзЖОКУ ҳарбий журналистика йўналиши талабаси.