Зулфия Юнусова – илк ҳарбий журналист ўзбек аёлларидан

2021-03-12T19:05:01+05:0012 Mart, 2021|Умумий янгиликлар|

Аёл оиланинггина эмас, жамиятнинг ҳам гултожи. Қайси соҳа ёки қайси жабҳада бўлмасин, аёл бор бўлса, албатта у ердан меҳрнинг, нафосатнинг ҳиди келади. У ишга борини бағишлайди. Бахтнинг нафаси елади ундан. Таъбир жоиз бўлса, Зулфия Юнусова ҳам ана шундай ўзида бахтнинг, агар соҳамизга боғлаб айтадиган бўлсак, ҳарбий журналистиканинг нафасини ўзида мужассам этган устозлардан.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар давлат музейида таниқли журналист, шоира, драматург, “Шуҳрат” медали соҳибаси Зулфия Юнусованинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан ўказилган кечада  журналистлар, шоир-ёзувчилар ҳамда Зулфия опа билан елкама-елка, ҳамкорликда  фаолият олиб бораётган бир қатор ҳарбийлар, ҳамкасблари, шогирдлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, шунингдек, санъаткорлар иштирок этди.

Зулфия Юнусова 1961 йилнинг 4 март куни Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани, Ражабгарди қишлоғида туғилган.  Айни пайтда у Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментининг «Ватанпарвар» бирлашган таҳририятида фаолият юритади.

Юртимизда ҳарбий журналистика ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган опа ўзининг қатор мақолалари, шеърлари, ҳикоялари орқали юрт хизматчиларини ғолиблик ва мардликка, уларнинг фарзандлари ҳамда ёшларни Ватанга садоқатли бўлишга, фидойиликка чорлайди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод  Салимов ҳам сўзга чиқиб Зулфия Юнусованинг сермаҳсул ижодий фаолияти, серқирра ижодидаги ўзига хослик ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. З. Юнусовага уюшма совға-саломларини топширди.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.