САЛТАНАТ ҲАКИМОВА ДАВЛАТ МУКОФОТИ БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИ

2021-03-12T18:41:05+05:0012 Mart, 2021|Самарқанд вил.|

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан Президент фармонига кўра, ўзбекистонлик бир гуруҳ хотин-қизлар фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланган эди.

Улар орасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг собиқ раиси (марҳум) Саъдулла Ҳакимовнинг рафиқаси Салтанат она Ҳакимова ҳам бор.

Шоирнинг умр йўлдоши “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Салтанат Ҳакимовани ушбу юксак мукофот билан муборакбод этади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

 

ЮКСАК МЕҲРУ МУРУВВАТ

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан нишонланган байрам тадбирида кўплаб хотин-қизлар қаторида менга ҳам қатнашиш ва давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевдан Ватанимизнинг юксак мукофотларидан бири — “Дўстлик” орденини олиш насиб этди. Бундай ҳаяжонли лаҳзаларда шу юртда туғилиш ва яшаш саодатидан пайдо бўлган туйғулар кўнглимдаги маҳзун ҳисларни ювиб юборди.

Давлатимиз раҳбарининг кўнгилни кўтарувчи сўзларидан бир она сифатида ҳамда бир ижодкор зиёлининг турмуш ўртоғи сифатида чексиз шукроналик туйдим.

Кўз ўнгимдан бундан қарийб бир йил муқаддам юртимизга ёпирилган коронавирус балоси кечди. Вирусга қарши тинимсиз кураш, оғир синовлар халқимизни довдиратиб қўймади. Элнинг дуоси ва, айниқса, давлатимизнинг жиддий саъй-ҳаракатлари зое кетмади, бало-офат юртимиздан кўтарилди. Лекин шунгача бу бало қанча азиз инсонларнинг, юрт корига яраган қанчалаб ўғлонларнинг ҳаётига зомин бўлди.

Ўтган оғир йил турмуш ўртоғим шоир Саъдулла Ҳакимни олиб кетди. Кутилмаганда, қўққисдан бир зарб билан йиқитилган чинордек қулатди… Шундай, у киши ҳаётининг охирги кунларида ҳам ижод қилишдан, шогирдларига маслаҳат беришдан, дўстларини руҳлантиришдан тўхтамади. Биз бу инсон билан эллик йил бирга умргузаронлик қилдик, беш фарзандни тарбиялаб вояга етказдик, қанчадан-қанча орзу-ҳавасларимиз ушалди.

Саъдулла ака журналист касбини олис мактаб партасида шеърлари ва мақолала- ри туман газеталарида чоп этилган пайтда танлаган эди. У киши мен ҳам ўқийман, деб акаларига эргашиб мактабга беш ёшдан қатнаган ва тенгқурларидан икки йил аввал мактабни тугатган эди.

Турмуш қурганимиздан сўнг пойтахтда, ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида кечкида ўқиш ва кундузлари қурилишда ишлаш, икки йиллик ҳарбий хизматни ўташ, илк шеърий китобларининг чоп этилиши, қизғин журналистлик фаолияти, устозлар ва шогирдлар қуршовидаги ҳаётларини фарзандлар тарбияси билан биргаликда олиб борди.

Саъдулла ака умрларининг сўнгги йилларида юртимиз равнақидан, ижодкорлар ва журналистлар учун яратилаётган имкониятлардан ниҳоятда руҳланиб, юз бераётган улкан бунёдкорлик ишларига шогирдларини камарбаста бўлишга даъват қилиб яшади. У киши юртнинг орини, номусини юксак тутар, сўзнинг кучини ва ижодкор масъулиятини чуқур англар эди. Қолаверса, журналист сифатида ҳам соҳанинг барча машаққатларини тотиб кўрган, касбининг фидойиси бўлган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлар, қадрлар эди.

Хотин-қизлар байрами куни арафасида юксак мукофот билан тақдирланишим бугун оламдан ўтиб кетган, лекин хизмати қадрланаётган бир ижодкорнинг аёли сифатида мени жуда мамнун қилди. Аллоҳ турмуш ўртоғим Саъдулла аканинг охиратларини обод қилсин.

Салтанат Ҳакимова,

“Дўстлик” ордени соҳиби.

 

(«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2021 йил 12 март кунги 11-сонидан олинди)