Эътибордан руҳланган журналист аёллар

2021-03-08T10:16:13+05:008 Mart, 2021|Умумий янгиликлар|

Бугун, 8 март – халқаро хотин-қизлар байрами, дам олиш куни бўлишига қарамай Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси масъул ходимлари пойтахтимизда истиқомат қилувчи бир гуруҳ фахрий журналист аёлларнинг хонадонларида бўлиб байрам совға-саломларини улашди.

– Биласизми, одам бу ёруғ оламда эътиборга, меҳрга тўймай яшар экан, – дейди мамлакатимиздаги энг ёши улуғ журналист Фарида Усмонова. –Президентимизнинг биз, аёлларга кўрсатаётган меҳру эътиборидан кайфияту руҳиятимиз кўтарилади, ўзимизни соғлом-бақувват ҳис қиламиз. Аслида инсон учун бундан ортиқ бахт йўқ, деб ўйлайман. Юз ёшдан ошдим. Юртимизда хотин-қизларга бу қадар катта эътибор қаратилган даврни эслай олмайман. Давлатимиз раҳбари омон бўлсин. Яратгандан у кишига соғлик, узоқ умр тилаб дуодамиз.

Президентимиз Халқаро хотин-қизлар кунга бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда таъкидлаганларидек, бу ёруғ дунёни қуёшсиз, еру осмонсиз тасаввур этиб бўлмаганидек, ҳаётимизни ҳам мўътабар оналаримиз, меҳрибон аёлларимиздан айри ҳолда тасаввур этолмаймиз.

Зеро, ҳаётнинг маъно-мазмуни ва гўзаллиги энг аввало бизни дунёга келтирган Она сиймосида, Аёл тимсолида намоён бўлади. Ўзбек аёллари Ибн Сино, Беруний, ал-Хоразмий, имом Бухорий, Амир Темур, Навоий, Бобур, Мирзо Улуғбек каби не-не буюк зотларни дунёга келтиргани билан ҳар қанча фахрлансалар арзийди. Машҳур ҳикматда таъкидланганидек, “Ҳар бир буюк инсон ортида албатта доно аёл туради”.

Навбатдаги манзил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муқаддас Абдусаматова хонадони бўлди. Турмуш ўртоғи билан фарзанду набиралар қуршовида кексалик гаштини сураётган устоз журналист билан кечган суҳбатимиз ҳам жамиятимизда онахонларимиз, азиз опа-сингилларимиз, мунис қизларимизнинг тутган ўрни ҳақида бўлди.

–Бу йилги байрам ҳар йилгидан-да кўтарики руҳда ўтди, десам, адашмайман– дейди М. Абдусаматова. – Муҳтарам Президентимизнинг байрам табрикномаси ва совғаларини олиш насиб этганидан кўнглим тоғдек кўтарилди.

Кун бўйи совға-салом топшириш баҳонасида журналистика соҳаси ривожига катта ҳисса қўшган устозлар – фахрий-журналист аёллар хонадонларида бўлар эканмиз, улар давлатимиз томонидан хотин-қизларга қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликдан миннатдор эканликларига гувоҳ бўлдик.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.