Сирдарё маданият марказига Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов номи берилди

2021-03-05T05:10:40+05:005 Mart, 2021|Сирдарё вил.|

Мирзаобод тумани «Навбаҳор» маҳалла фуқаролар йиғинидаги Сардоба сув тошқинидан зарар кўрган «Маданият уйи» тубдан қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Умумий қиймати 5 миллард 400 миллион сумлик реконструкция ишлари ёш қурувчи Бобомурод Абдуллаев раҳбарлик қилаётган “NATIONAL CONTPUCTIOH INYEST” МЧЖ қурувчилари томонидан жаҳон стандартларига мос тарзда бажарилди.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими, вилоят ва туман сектор раҳбарлари, ҳамда ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Унда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев сўзга чиқиб, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда барча соҳалардаги каби маданият тизимида ҳам амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ўзининг ёрқин самарасини бераётгани ушбу гўзал маданият муассасаси аксида ўзининг яна бир исботини топганини таъкидлаб, йиғилганларни юртимизга кириб келган гўзал баҳор фасли ва аёлларни яқинлашиб келаётган 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан самимий қутлади.

Ушбу масканинг вилоятимизда маданият ва санъатнинг энг яхши анъаналарини бойитиб, янги авлодларга безавол етказишда аввало, ёшларимизнинг маънавий оламини янада юксалтиришда ўрни беқиёс. Санъатни эъзозлайдиган халқимизга маънавият ўчоғи бўлмиш маданият саройи муборак бўлсин. Барчамизнинг юракдаги эзгу ниятларимиз ижобат бўлсин. Ватанимиз тинч, халқимиз омон бўлсин, – деди вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва Абдулла Ориповнинг “Онажон”, “Муножаатни тинглаб” шеърларини ёддан ўқиб берди.

Бу ердаги таъмирлаш ишлари жаҳон, Европа ва Шарқ меъморчилиги андозаларининг уйғунлашган услубига мос равишда амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур бинодаги мавжуд 20 та хона ва томоша зали мукаммал таъмирдан чиқарилиб, барча зарур қулайликлар яратилган. Тадбир қатнашчилари бунда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирилди.

Ушбу маскан катта миқдордаги китоблар фонди, турли мусиқий чолғу асбоблари, рақс либослари билан таъминланган, моддий техника базасини мустаҳкамлаган , қаттиқ ва юмшоқ мебеллар, компьютер жамланмалари ва бошқа зарур буюмлар билан жиҳозланган.

Бу даргоҳда маҳалла фуқаролари айниқса, ёшлар учун хореография, рақс, дутор, доира,рубоб, рассомлик каби 10 га яқин тўгараклар фаолияти йўлга қўйилганлиги қувонарлидир. Шунингдек, ушбу маданият муассасасида фуқаролар кутубхона ва овоз ёзиш студияси хизматларидан фойдаланишлари мумкин.

Тантана баҳор сайлига уланиб кетди. «Навбаҳор» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи аҳоли томонидан тайёрланган турли хил, бир-биридан мазали кўклам таомларидан – сумалак, ҳалим, ялпизли чучвара, кўк сомса сингари миллий таомларимиздан иборат тўкин дастурхон ёзилди.