Боқий қадриятлар элчиси

2021-03-04T17:47:45+05:004 Mart, 2021|Бухоро вил.|

Азалий урфга кўра ота-боболаримиз Наврўзда “Кун ғамини саҳар еэ, йил ғамини баҳор еэ” мақолига амал қилиб, баҳор-дала ишларига, юмушларига тушиб кетадилар. Ердан ризқ-рўз ундириш мақсадида дон сочадилар. Болажонлар “Оқ теракми, кўк терак”, “Бойчечак”, “Чиллак”, “Варрак” ўйинларини айнан шу куни хурсандчилик ила бошлайдилар. Кўчат ўтқазиб, кўклам билан кўнгилларини яйратадилар.

Наврўз шунчаки қувнаш, дил розларини куйлаш, турли ирим-сиримлару урф-одатлар йиғиндисигина эмас, унинг замирида халқ ва миллат тарихи, маданияти, санъати, фалсафаси, орзу-армонлари, дунёқараши, руҳияти, дунёвий ва диний тасаввурлари, мифологик қарашлари жамулжамдир. Унинг ҳар бир маросими, урф-одати, айтими, нақли, ривояти ва қўшиғи замирида бетакрор миллий руҳ, нафосат жо бўлган.

Фольклоршунос Маматқул Жўраевнинг қайд этишича, “Наврўз байрами ўз таркибига бойчечак, лола, қизил гул, қизғалдоқ билан алоқадор “Гул сайли”, йилнинг охирги чоршанбасида ўтказиладиган “Охир чоршанба” удуми, ариқ-зовурлар тозаланиб, янги боғлар барпо этиладиган “Ҳашар” анъанаси, йил бошида қилинадиган “Қозон тўлди” удуми, илк кўкламда далага биринчи марта қўш чиқариб, дон экиш одати – “Шохмойлар” маросими, етти хил дондан “Наврўз гўжа” пишириш ҳамда етти хил кўкатдан кўк сомса тайёрлаш одати, арғимчоқ учиш, сумалак ва ҳалим (Бухорода ҳалиса) тайёрлаш, варрак учириш, қўчқор, хўроз, туя уриштириш анъаналарини ҳам ўз ичига олган муҳташам миллий қадриятимиз ҳисобланади”.

Туркий халқларнинг муштарак ёзма ёдгорлиги ҳисобланган Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асарида шундай сатрлар бор:

 

Турли чечак очилди,

Гулдор гилам ёйилди,

Олам жаннатдек бўлди,

Энди қайтмас совуқлар.

 

Наврўз инсонни руҳий тетикликка ундайди. Шу боис “Энди қайтмас совуқлар” мисрасида деҳқон ўз юмушларини саранжомлаб олгунича совуқлар эмас, балки гулдор гиламлар унга пояндоз бўлиши таъкидланади.

Мана бу мақол ҳам халқ донишмандлигининг нодир намунаси ўлароқ эътиборни тортади: “Наврўздан сўнг қиш бўлмас, мезондан сўнг ёз бўлмас”. Демак, “Девон”да келтирилган тўртлик ва халқ мақолида Наврўз тимсоли образлантирилиб, иккаласи бир хил маънода ишлатилаётир.

Айтишларича, улуғ аллома Абу Райҳон Беруний йилда икки марта барча юмушлардан чекиниб ҳордиқ чиқарар экан. У ҳам бўлса, Наврўз – йил бошида ҳамда Меҳржон – 21 сентябрда. Юқоридаги тўртлик ва мақолда халқона удумга айланиб кетган ана шу икки қутлуғ байрамга ишора бор.

Наврўз – афсоналарга бурканган айём. Бу афсоналар Наврўзнинг кечаги куни, бугуни ва эртасидан сўйлайди. Жумладан, “Гавмард” афсонасида келтирилишича, “Қадим замонларда Гавмард исмли киши бўлган экан. Унинг Бақар деган дўсти ҳам бор экан. У бир кун эрталаб уйқудан уйғониб қараса, ҳамма ерлар кўм-кўк экан. Шунда у кекса кишилардан: “Бу қандай ҳол?” – деб сўрабди. Қариялар: “Бу – Наврўз, у қиш фасли тугаганидан дарак беряпти”, – дебдилар.

Наврўз байрами бир ёки икки кун эмас, балки бутун бошли ҳамал ойида – ўттиз кун давомида тантана қилинган. Унга кўра, ҳар бир куннинг ўз урф-одатлари, маросимлари бўлган. Шундай базмлар, сайиллар кунларида урушлар тўхтатилган, гиналар унутилган. Кишилар ўз тафаккурларини улуғ ниятларга қаратишган. Шу боис Носириддин Рабғузий бундай онларни алоҳида завқу шавқ билан таърифлайди:

 

Лола сағроқин ичарда сайрар усруб сандувач,

Турна ун тортиб ўтарда сакрашур бақлан қўзи.

 

Байтдаги лола, бинафша, бойчечак каби гуллар баҳор элчиси, кўклам даракчиси бўлса, булбул шодланиб сайрашига кўра эзгулик даракчиси сифатида таассурот уйғотади. Айни кўкламда булбул нағмаю ноз қилиб сайраса, ҳар бир фаслнинг қандай келишидан, яъни ёз ва қишнинг қандай сиру саноати борлигидан дарак берувчи турна ун солиб ўтади. “Шунда дуркун қўзилар қиру адирларда сакрашиб ўйнайди”, дея байтга хотима ясайди шоир. Рабғузийнинг мазкур байти бағрида жо бўлган манзара ва кайфият “Наврўз келди, ёз келди, Турна келди, ғоз келди. Ям-яшил гулбоғлардан Булбулдай овоз келди” мисраларидаги кайфиятга ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир.

Наврўз ҳар бир кўнгилни яйратувчи, қалбга ёз ифорини таратгувчи айёмдир. Мудроқ кўнгилларни меҳнатга, шижоатга йўллагувчи Наврўзда ижро этилувчи ҳар мисра, айтим, ривоят, афсона ва мифда, ўтказиладиган маросимларда, тайёрланадиган таомларда аллақандай сеҳрли куч бор гўё.

Боболарнинг нақл қилишларича, Наврўз кунида ҳамма нарса юмшар экан. Айнан шу куни бир лаҳзада марҳумларнинг суяклари бир қўзғалиб, гўё танларига жон ато этилгандай бўлар эмиш. Худди шу куни тоғу тошлар бир он бўшашиб, худди сариёғдай уни кесиш мумкин экан.

Аммо ўша лаҳзаю онларни сезиш ва ҳис қилиш жуда-жуда душвор экан. Бунинг учун замонамизнинг истеъдодли шоири Сирожиддин Саййид таъкидлаганидек, “Дил-дилга сафар тутадиган, Эл-элга назар тутадиган, Ой йилга саҳар тутадиган… Кўк ерга хабар тутадиган” кунни, дақиқа ва лаҳзаларни чинакамига кутиш, соғиниш жоиз!

Дилшод РАЖАБОВ,

филология фанлари доктори,

БухДУ доценти.