Аёл яратганнинг буюк мўъжизаси

2021-03-04T12:16:55+05:004 Mart, 2021|Умумий янгиликлар|

Аёл – она, аёл – опа-сингил, аёл – суюкли ёр. Аёл бир қўли билан бешикни тебратса, бир қўли билан дунёни тебратади. Аёл – елкасида фарзанд тарбияси, уй-рўзғор ташвиши билан бирга ҳаётнинг турли қийинчиликларини сабр-бардош билан енгиб ўта оладиган матонатли зот. Айнан шунинг учун ҳам уларга нисбатан “Аёл яратганнинг буюк мўъжизаси” ибораси ишлатилади.

Бугун Миллий матбуот марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан “Журналист аёлларнинг миллий медиамуҳитдаги ўрни” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда марказий оммавий ахборот воситаларида самарали ижод қилиб келлаётган фаол – истеъдодли, маҳоратли журналист аёллар иштирок этди.

Давра суҳбатини Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Журналистлар аёллар кенгаши раиси Феруза Одилова олиб борди. Унда сўз олган Уюшма раиси ўринбосари Холмурод Салимов тадбир иштирокчиларни юртимизга ташриф буюрган фасллар маликаси баҳор ва бу фаслнинг энг гўзал айёми – 8 март – халқаро хотин-қизлар куни байрами билан самимий табриклади. Давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларимиз ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганини алоҳида таъкидлади.

Эркин ва очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда қайд этилганидек, ҳозирги вақтда хотин-қизларнинг жамиятдаги роли тобора ошиб бормоқда. Айни вақтда мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг 45 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади.

Жумладан, давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин опа-сингилларимиз республика ва вилоятлар, 43 мингдан зиёди туман ва шаҳарлар даражасидаги раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Улардан 24 нафари сенатор, 48 нафари Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати сифатида фаолият юритмоқда.

Мустақиллик йилларида 2 минг 180 нафардан ортиқ хотин-қизлар юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолибларининг 90 нафардан зиёди, “Йилнинг энг фаол журналисти” ва “Энг улуғ, энг азиз” республика танловлари ғолибларининг 160 нафардан ортиғини журналист аёллар ташкил этади.

 

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида журналист касби масъулияти, журналист аёлларнинг медиамакондаги ўрни, ютуқ ва муаммолар, истиқбол режалар ҳақида фикр юритди.

Тадбир сўнгида иштирокчиларга баҳорий гулдасталар ва уюшманинг совға-саломлари топширилди.

 

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.