МАТБУОТДА ОЧИҚЛИК ВА СЎЗ ЭРКИНЛИГИ

2021-03-04T05:05:24+05:004 Mart, 2021|Умумий янгиликлар|

Фарғонада бўлиб ўтган “Чимён–2021” медиафоруми мазмунли ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой кечди

Жорий йилнинг 21-28 февраль кунлари гўзал Фарғонанинг “Чимён” сиҳатгоҳида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, уюшманинг Фарғона вилояти бўлими ва Фарғона вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида очиқлик, сўз эркинлиги ва жамият” мавзусидаги анъанавий “Чимён – 2021” медиафоруми бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг барча вилоятлари ОАВдан келган 80 га яқин журналистлар, асосан, босма нашрларнинг бош муҳаррирлари ва устоз ижодкорлар иштирок этишди.

Форумнинг асосий тадбирлари 22 февраль куни Марғилон ва Фарғона шаҳридаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий-маданий марказларнинг фаолияти билан танишишдан бош­ланди. Дастлаб, меҳмонлар Марғилон шаҳридаги Рақамли технологиялар марказида бўлишди. Ушбу замонавий архитектура талаб­лари асосида бунёд этилган кўркам иншоотда электрон ахборот-ресурс маркази, 60 ўринли анжуманлар зали, музокаралар хонаси, видеостудия жой олган бўлиб, ёшларга ахборот технологиялари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўргатиш, ахборот технологияларида стартап ло­йиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий ҳамда самарали механизмлари ўргатилар экан.

Маълумки, миллий матоларимиз ўз жозибаси ва кўрки билан наинки юртимиз, балки хориж юртларда ҳам машҳур. Айниқса, марғилонлик уста-ҳунармандлар томонидан тўқиладиган ипак матолар мафтункор нақшлари билан алоҳида ажралиб туради. Қўл меҳнатини қадрловчи кишиларнинг ишларини кўриш истагидаги журналистларнинг кейинги манзили Марғилон шаҳридаги “Ҳунармандлар маркази” бўлди. Бу ерда ипакнинг гўзал матоларга айланиши, миллий либос ва буюмлар, нодир гиламларнинг тўқилиши жараёнини яқиндан кузатиш мумкин бўлди.

Сиз тошдан қоғоз ишлаб чиқарилишига ишонасизми? Ишонаверинг. Фарғона шаҳридаги “Fergana stone paper” корхонаси. Фарғоналик, асли касби шифокор-жарроҳ Абдураҳмон Ниёзов 20 йилдан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Эътиборлиси, у янги­ликлар яратишдан чарчамайди. Унинг тошдан қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳаси нафақат республикамизда, балки Марказий Осиё минтақасида ҳам ягонадир. Умуман олганда, Ўзбекистон тошдан қоғоз ишлаб чиқариш бўйича Хитой, Тайван, Эрон ва Япониядан кейинги бешинчи давлатлар сафига қўшилди. Корхонада 60 киши иш билан таъминланган.

Шунингдек, ОАВ вакиллари вилоят матбуот уйи ҳамда “Фарғона ҳақиқати – Ферганская Правда” газеталари таҳририятларида ҳам бўлишди. У ерда таҳририят ҳодимлари учун яратилган шарт-шароитлар, журналистлар ўртасидаги ижодий муҳит ва матбуот анжуманлари ўтказиш учун мўлжалланган хоналар медиа форум иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Медиалагердаги беш кунлик машғулотларнинг кун тартиби шундай ранг-баранг тузилдики, унда журналистлар эрталабки нонуштадан сўнг то тушлик маҳалигача санаторийнинг муолажа бўлимидан соғликларини тиклаш учун ўзларига керакли муолажаларни қабул қилишди, спорт машғулотлари, сузиш ҳавзалари, фитобар, яқин ҳудуддаги маҳаллий аҳоли томонидан лагерга олиб келинган қуруқ, хўл мевалар, турли хилдаги гиёҳлардан харид қилишиб вақтларини мазмунли ўтказишди.

Тушликдан сўнг эса пойтахтдан келган устоз-журналистларнинг семинар-тре­нингларида иштирок этиб, маълум мавзудаги маърузаларида қатнашдилар, ўзларини қизиқтирган касбий, ижодий саволларига жавоб олишди. Шунингдек, турли вилоятлар таҳририятлари томонидан ўтказиладиган газета, сайт тақдимотларни кузатиш, ўзаро фикрлар алмашиш ҳамда маданий-маърифий тадбирлардан баҳраманд бўлишди.

Медиалагернинг тантанали очилиш маросими 23 февраль куни тушдан сўнг бош­ланди. Анжуманда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуника­циялар университети ректори, сиёсатшунослик фанлари доктори Шерзодхон Қудратхўжа, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов бош-қош бўлди.

Холмурод САЛИМОВ, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари:

— Маълумки, оммавий ахборот воситаларида иш бошлаган, уларда фаолият олиб бораётган журналистлар касб малакасини ошириб бориш доимий долзарб масала ҳисобланади. Юртимиздаги оммавий ахборот воситалари – газета ва журналлар, телерадиоканаллар, ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтган веб-сайтлар, қолаверса, корхона ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари ходимлари, яъни журналистлар касб малакасини ошириб боришга эътибор янада кучайтирилиши зарур.

Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА, ЎзЖОКУ ректори, сиёсатшунослик фанлари доктори:

—Янги авлод вакиллари ҳам газетани бажонидил ўқийди, ўқимайди десак хато бўлади. Аммо улар энди газетани қоғозда эмас, кўпроқ гаджетларда ўқийди. Худди бадиий китобларни электрон шаклда ўқиганидек, газетани ҳам шундай ўқийди. Қачонки, газетада уни қизиқтира оладиган материал бўлса. Минг афсуски, бугунги кун ўқувчиси ҳатто анъанавий телевиде­ниени ҳам кўрмай қўйди. Кўради фақат интернетда ўзига қулай пайт, муҳит ҳамда маконда. Газетада меҳнат қилувчилар “бизга газета керак”, дейишяпти. Албатта, керак. Бунга ҳеч ким қаршилик қилмайди, газета кераклигини инкор ҳам этмаймиз. Фақат биз мажбурий обунага қаршимиз. Энди виждонан жавоб беринг-чи, мажбурий обуна қилинган нашр ўқиладими? Яна такрорлаб айтаманки, газета яшайди, қачонки унинг ўз ўқувчиси бўлса.

Олимжон ЎСАРОВ, “Нуроний” газетаси ва “Кексалик гашти” журнали бош муҳаррири:

— Замонавий журналистиканинг умумий табиати сезиларли даражада ўзгарди: бу жамиятнинг шаффофлашаётгани, аудиториянинг фаоллашаётгани, шахслар фаолияти ва ахборот тезлигининг ўсганлиги билан бевосита боғлиқ. Маълумки, аудитория ахборотни тез ва соф ҳолатда қабул қилишни истайди, ОАВнинг давлат ва жамият ўртасида бетараф бўлиши тарафдори. Бу ҳолатлар аудиториянинг лаё­қати, хатти-ҳаракатлари, феъл-атвори ва хулқини шакллантиради. Қолаверса, оммавий ахборот воситалари, хусусан, журналистлар жамият ва кишилар тақдири олдида жавобгарликни ҳис қилмоғи лозим. Табиийки, бу журналист зиммасига катта масъулият юклайди.

Норқобил ЖАЛИЛ, “XXI аср” газетаси бош муҳаррири:

— “Чимён-2021” анъанавий медиафоруми ўзига хос ижодий мунозара майдонига айланди, десам, муболаға бўлмайди. Тасаввур қилиш қийин, бугунги мураккаб шароитда юзга яқин қаламкашни бир даврага тўплаб, энг глобал мавзуларни, айниқса, холис сўзи ва ўткир қалами билан жамият, халқни уйғотмоққа қодир соҳа — журналис­тика вакиллари иштирокида муҳокама қилиниши хайрли ишлардан бири.

Шахсан мен модераторлик қилган мавзу — газетачилик билан боғлиқ баҳс-мунозаралар айни шу даврнинг энг оғриқли муаммоларидир. Истайсизми, йўқми, ҳозир босма нашрлар мушкул аҳволда турибди: яъни аввало, иқтисодий аҳвол ҳаминқадар, бир ёқда издан чиқиш даражасига етиб келган почта, матбуот тарқатиш тизими ОАВни обрўсизлантиришга “ҳисса” қўшганиям бор гап. Демак, мамлакатдаги барча бўғин нашрлари — у респуб­лика ёки вилоят ва туман миқёсида бўладими, барибир муассислар қовоғига мўлтираб қараб ўтиргани ташвишли. Яна бир масала, дасти узунроқ таъсисчилар бир амаллаб ўз нашрини қўллаяпти, отасига раҳмат шундайларнинг. Лекин ҳатто шундай нашри борлигиниям унутворган давлат ва нодавлат ташкилот идоралари-чи? Мана, муаммо илдизи қаерда?

Бир сўз билан айтадиган бўлсам, бу нуфузли анжуман ҳаммамиз учун фойдали ва самарали кечди. Фикр, тажриба алмашилди.

Ҳусан ЭРМАТОВ, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири:

— Газетачилик жуда машаққатли касб. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, талаба амалиётчига биргина газета корректурасининг ўзи университетнинг бир курси бера олмаган таълимни бера олади. Тўғриси, мен Шерзодхон Қудратхўжанинг газета ҳақидаги фикрини йўлда келаётганда ўқиб қолдим ва жуда хафа бўлдим. Шерзодхон бу фикрни “Пресс клуб” раҳбари сифатида билдирган бўлиши мумкин. Лекин унинг ректор сифатида бундай фикр билдиришга маънавий ҳаққи йўқ. Тўғриси, буни унинг ўзига ҳам айтдим. Маълумки, мамлакатимиздаги 5 та олийгоҳда журналистика факультетлари бор. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети айнан журналистика соҳасида биринчи рақамли таълим муассасаси. Бунда ректор ҳар бир факультетни тарозининг тенг палласига қўйиши муҳим. Тўғри, Шерзодхон замонавий журналис­тикага чуқурроқ кириб бориш тўғрисида ўйлаяпти. Бироқ ҳеч иккиланишсиз айтиш мумкинки, газетачилик журналистиканинг юраги. Зеро, газета “қозонида пишган” кадр­гина журналистиканинг бошқа йўналишларини ҳам қийинчиликсиз торта олади. Бугун қайсидир ижтимоий тармоқда ёхуд телевидениеда фаолият юритаётган ёш журналистга диктант ёздириб кўринг… Афсус, ҳақиқат шуки, журналистикада аксарият ҳолатларда яхши мақола ёзолмайдиган, керак бўлса, яхши кўрсатув қила олмайдиган мутахассислар таҳсил олмоқда.

Абдусаид КЎЧИМОВ, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА бош директори:

— Матбуот бугун ўз имкониятларидан самарали фойдаланмаса, ўзини кўрсатмаса жамиятдаги ўрнини йўқотади. Бу ишни ким бажаради – журналистлар. Бунинг учун ҳамкасбларимиз жиддий, жамоатчилик фикрини шакллантирадиган мавзуларни ёритиши, танқидий-таҳлилий материалларни кўпроқ ёзиши керак. Журналист маҳорати ва жасоратини уйғунлаштириб меҳнат қилса, ёзса, албатта зиммасидаги вазифасини бажариш билан бирга матбуот ривожига ҳисса қўшади.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Қўл телефони бугун, гўёки халқимиз дунёқарашини синовдан ўтказяпти. Катта-ю кичик шу матоҳга боғланиб қолган. Бу синовдан қандай ўтиш ҳар биримизга боғлиқ. Кўпроқ ўқишимиз, ёзишимиз керак. Ҳозир кўп айтилаётган “газета йўқолиб кетади” деган гап бўлмаган гап. Бундан ташвишланманг. Ёзмай қўйишдан, ёзолмасликдан ташвишланинг. Таҳлилий-танқидий ёзишимиз, одамларни ҳам шундай фикрлашга ўргатишимиз зарур.

Абдурасул ЖУМАҚУЛОВ, “Hurriyat” газетаси бош муҳаррири:

— “Мажбурий обуна” баҳонасида миллионлаб фарзандларимиз — ёш ниҳолларимиз ҳатто болалар нашрлари бўлган “Ғунча”, “Тонг юлдузи”, “Гулхан” каби нашрларни кўрмасдан мактабни битириб кетишмоқда. Яхши эслаймиз, бир пайтлар ҳар бир бошланғич синфда нечта бола бўлса, шунча “Ғунча” ёки шунча “Тонг юлдузи” келар эди. Нархи ҳам арзимаган пул бўларди. Каттароқ синфга кўчганимизда ҳар бир синфдошимиз “Гулхан”ни олар, қизиқиб ўқир эди.

Бу нашрлар том маънода ҳаётимиз шамчироғи бўлган. Китобга, адабиётга меҳр шундан бошланар эди-да. Бугун-чи, ҳаётимизда турли баҳонаю бетайин важлар туфайли, бу жиҳатларга эътибор маълум даражада йўқолиб қолди. Йўқса, 10 мингдан ортиқ мактаблари бор, миллионлаб болалар ўқийдиган юртда ўқувчиларнинг журналлари, газеталари республика бўйича бир минг, ё икки минг нусхада чоп этилармиди?!

Бу дегани ҳатто 6-7 та мактабга бу нашрлар ақалли бир нусхадан ҳам бормаётир, деганидир. Агарда ҳар бир мактаб ўқувчиси айтайлик, “Гулхан”ни олса, бугунги кунда у юз минг тўғрироғи, миллион нусхада чоп қилинмасмиди?! Унинг обуна баҳоси ҳам кўпи билан 3-4 минг сўм бўларди, шунда.

Ўйлаймизки, бундан аксарият ота-оналар ҳам хурсанд бўлишар эди. Энг муҳими, жамиятнинг эртаси учун бу масалада ўнгланиш бўлиши шарт.

Муҳаммаджон ОБИДОВ, Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси:

— Чимён анъанавий медиафоруми бу йил тўққизинчи маротаба ўтказилди. Бу йилги форумнинг бош мавзуси эса босма нашрлар ва электрон ОАВ бир-бирига рақобатчими ёки бир-бирини тўлдирувчи воситаларми деган муаммоли саволларни бир ҳафта давом этган форумимизда муҳокама қилдик, билдирилган таклифлар устида ишланди, келгусидаги ишларимиз хусусида келишиб олинди. Шунингдек, форумда мамлакатимизнинг бир қатор етакчи нашрлари бош муҳаррирлари ҳамда халқаро ахборот агентликлари, сайт­ларидан вакиллар жалб этилиб онлайн тарзда форум иштирокчилари билан мулоқот олиб боришди. Ҳудудлардан келган журналистлар эса ўзларини қизиқтирган барча саволларига улардан жавоб олишиб, таклифларини ҳам айтиб ўтишди.

Навбаҳор ИМОМОВА, “Америка овози” ахборот агентлиги (АҚШ) мухбири:

—Журналист учун ҳеч қачон яхши ва кўнгилдагидек ҳукумат бўлмайди, ҳукумат эса журналистга доим ҳам барча маълумотларни очиқ-ойдин айтишни, билдиришни истамайди. Ҳар икки томонда ҳам қарама-қарши томондан кўнгил тўлмаслиги ёки унга тўлақонли ишонч бўлмаслиги бор гап. ОАВ халқ муаммосини эшитиб, уни омма эътиборига ҳавола қилгани яхши, албатта.

Аммо фуқарони эса ОАВга муаммони ҳал қилувчи эмас, муаммо ҳақида жамоатчиликка хабар берувчи вакил сифатида қарашга ўргатиш шарт. Афсуски, бугунги кунда Ўзбекистонда ОАВга мурожаат қилувчи фуқаролардан нега журналист мени эшитиб, муаммоларимни олиб чиқмаяпти, нега менинг ишимни ҳал қилмаяпти, журналистларга Президентнинг ўзи ишонч билдирган-ку, деган мазмундаги шикоятларни эшитиб қоламиз. Яқинда менга Намангандаги бир мактаб директори телефон қилиб, мактабдаги муаммони олиб чиқишимни сўради.

Мен эса маиший муаммоларни олиб чиқмаслигимни билдирдим ва маҳаллий ОАВларга мурожаат қилишни таклиф қилдим. Директор эса республикадаги ОАВлар ҳеч нарсани ҳал этмаслигини, ҳатто республикадаги энг катта интернет нашри унинг муаммосини уч-тўрт маротаба олиб чиққанини, бироқ масала ҳалигача ҳал этилмаганини айтди. Шунда мен ОАВ муаммони ҳал этувчи эмас, муаммодан жамоатчиликни хабардор қилувчи эканлигини таъкидладим. Лекин мурожаатчи буни тушунишни ҳам истамади.

АҚШда ОАВлар одамларни қийнаётган кичик, маиший муаммоларни умуман ёзмайди. Бунга эҳтиёж ҳам йўқ, аслида.

Исмат Хушев, “Дунё ўзбеклари” интернет сайти (Канада) раҳбари:

— Бу каби расмий тадбирларда “Озодлик”, “Би-би-си” каби ахборот агентлик­лари вакилларининг ҳам иштирок этиши Ўзбекистон янгиланаётганидан, демократик тамойиллар ҳаётга кенг татбиқ этилаётганидан далолат, қани энди имконим бўлса эди, мен ҳам ораларингда бўлиб қолиб сизларнинг машғулотларингда қатнаш­сам. Форум ишига омад тилаган ҳолда, барчага чуқур саломимни йўллайман.

…Ҳа, деярли бир ҳафта давом этган Форум ўз ишини якунлар экан, унинг барча иштирокчиларида катта ҳая­жон, турли ҳудудлардан келган журналистлар бир-бирлари билан яқин қадрдонлар, ака-ука, опа-сингилдек бўлишга улгуришган эдилар. Анжуман ёпилиш онларида кимларнингдир кўзларида ёшлар, яна кимдир эса вилоятлар ўртасида бундай форумларнинг сонини кўпайтириш борасида фикр билдиришди. Шундан ҳам, форум уларнинг ижодий қобилияти, касбий маҳоратини ривожлантириш, ОАВ ўртасида доимий ҳамфикрлик билан ишлашга ундади. Хайр Чимён, раҳмат сенга Фарғона. Биз сени соғиниб қоламиз!

Ислом АСИЛБЕКОВ

(«HURRIYAT» газетасининг 2021 йил 3 март 9-сонидан олинди)