103 ЁШНИ ҚАРШИЛАГАН “ФАРҒОНА ҲАҚИҚАТИ”

2021-02-22T18:29:20+00:0022 Fevral, 2021|Умумий янгиликлар|

#Чимён_2021 #медиа_форум #Фарғона

«Чимён-2021» медиалагери иштирокчилари бугун Фарғона шаҳрида жойлашган, отахон нашр, ўзининг 103 ёшини қаршилаётган «Фарғона ҳақиқати» таҳририятида ҳам бўлишди.

Газета 2012 йилда “Олтин қалам” халқаро танловининг Бош миллий мукофотини қўлга киритган. Бугунги кунда 11 000 нусхада ҳафтасига 2 марта, янгича дизайнда, рангли, офсет усулида босилмоқда.

Республиканинг турли вилоят ОАВ дан келган журналистлар Матбуот уйидаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. Шунингдек, улар учун давра суҳбати ташкил этилди. Суҳбат якунида бир гуруҳ Фарғоналик журналистларга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг янги намунадаги гувоҳнома ва кўкрак нишонлари топширилди.

Маълумот ўрнида:

“Фарғона ҳақиқати” газетаси 1917 йилнинг 14 октябридан чиқа бошлаган. Унинг илдизи 1917 йилнинг октябр ойида Қўқон шаҳрида “Эл байроғи” номи билан чиққан газетага бориб тақалади.

Газета 1921 йилнинг май ойидан “Меҳнат байроғи” сўнгра “Фарғона”, 1926 йилнинг 22 октябридан “Янги Фарғона” номи билан чоп этилган.

Газетани ташкил этишда Акмал Икромов, Назиржон Тўрақуловлар жонбозлик кўрсатишди. Уни тайёрлаш ва чоп этишда Ҳамза Ҳакимзода, Сўфизода, Абдулла Қодирий, Собир Абдулла, Абдулла Қаххор, Комил Яшин, Шариф Ризо, Ғулом Ғофуров, Усмон Носир, Наим Саид, Шариф Муртазин, Абдулла Юсуфий, Аҳмад Ёдгор, Акмал Пўлат, Мадамин Иброҳим, Муҳитдин Ҳайруллаев, Адҳам Раҳмат, Ҳасан Иззатий каби таниқли адиблар фаол иштирок этишди.

1938 йил бошида республика таркибида Фарғона вилояти ташкил топади. Унга ҳозирги Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари ҳудудлари бирлашган эди. Ўша йилнинг май ойидан бошлаб Фарғона вилояти газетаси “Коммуна” номи билан чиқа бошлади.

Айни пайтда “Фарғона ҳақиқати – Ферганская Правда” газеталарига “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” Муҳаммаджон Обидов муҳаррирлик қилмоқда.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ахборот хизмати