ФАРҒОНА ШАҲРИДАГИ «FERGANA STONE PAPER» КОРХОНАСИ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШУВ

2021-02-22T06:42:05+05:0022 Fevral, 2021|Фарғона вил.|

#Чимён_2021 #медиа_форум #Фарғона

Фарғоналик, асли касби шифокор-жарроҳ Абдураҳмон Ниёзов 20 йилдан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Эътиборлиси, у янгиликлар яратишдан чарчамайди.

Тадбиркорнинг сўнгги – тошдан қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳаси нафақат республикамизда, балки Марказий Осиё минтақасида ҳам ягонадир. Умуман олганда, Ўзбекистон тошдан қоғоз ишлаб чиқариш бўйича Хитой, Тайван, Эрон ва Япониядан кейинги бешинчи давлат саналади. Хитойлик ҳамкорлар кўмагида мазкур корхона барпо этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 6 майда Фарғона вилоятида бўлганида тошдан қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдимот қилинган эди. Бугунги кунда ушбу лойиҳа Фарғона шаҳрида «Fergana stone paper» корхонаси бўлиб амалга ошди.

Хитойдан ноёб технология олиб келиниб, йилига 9 минг тонна қоғоз тайёрлаш қуввати ташкил этилди. 2021 йил 4 февраль куни Президент ташрифи арафасида ушбу корхона синов режимида ишга туширилди.

Тошдан ясалган қоғоз бир қанча афзалликларга эга. Биринчидан, целлюлоза қоғоз тайёрлаш учун жуда кўп сув сарфланади, заҳарли моддалар борлиги туфайли бу сув яроқсиз бўлиб қолади. Тошдан қоғоз ишлаб чиқаришда эса сув ишлатилмайди.

Иккинчидан, мустаҳкамлиги, чидамлилиги оддий қоғозга нисбатан юқори. Ўзидан сув ўтказмайди, доғ юқмайди. Шу боис тошдан олинган қоғоз матбаачиликда, қадоқ ва гулқоғоз ишлаб чиқаришда жуда қулай. Ташқи бозорда харидоргир.

Корхонада 60 киши иш билан таъминланди. Давлатимиз раҳбари мазкур корхонада бўлиб, иш жараёни билан танишди.

Шуни таъкидлаш лозимки, Фарғона қоғози экологик тоза, қуёш ва сувга чидамли ҳамда ёғ ва доғлар юқмайдиган маҳсулот бўлади. Айниқса, матбаачилик соҳаси учун жуда фойдали хомашё саналади. Матбуот нашрларини чоп этишда бўёқ сарфи камаяди. Шунингдек, ишлатилган бўёқнинг ранги умуман ўчмайди. Бундан ташқари, тош қоғозидан гипсокартон, гулқоғоз ва арқон ишлаб чиқаришда ҳам фойдаланилади.