#Чимён_2021 #медиа_форум #Фарғона

2021-02-22T05:58:11+00:0022 Fevral, 2021|Фарғона вил.|

⚡️ЖУРНАЛИСТЛАР МАРҒИЛОНДАГИ “ҲУНАРМАНДЛАР МАРКАЗИ” ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШДИ

Маълумки, миллий матоларимиз ўз жозибаси ва кўрки билан наинки юртимиз, балки хорижда ҳам машҳур. Айниқса, марғилонлик уста-ҳунармандлар томонидан яралган ипак матолар мафтункор нақшлари билан алоҳида ажралиб туради.

Қўл меҳнатини қадрловчи кишилар Марғилон шаҳридаги “Ҳунармандлар маркази”да ипакнинг тайёрланиши, миллий либос ва буюмлар, нодир гиламларнинг тўқилиши жараёнини яқиндан кузатиши мумкин.

Журналистларнинг кейинги манзили айнан ушбу марказ бўлди. “Ҳунармандлар маркази” ҳунарманд ва тадбиркор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Иброҳимжон Султонов ташаббуси билан давлат-хусусий шериклик асосида қурилган. Ҳунармандчилик марказида 200 дан ортиқ турдаги атлас ва адрас тўқиш, гиламчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Айни пайтда бу ерда 600 нафар уста иш бошлаган, улар томонидан икки мингга яқин хотин-қизлар ва ёшлар ишга жалб этилган.

Марказнинг қуйи қаватида атлас, адрас, шойи, бахмал, беқасам матолар тўқилади. Биринчи қаватдан тайёр маҳсулотлар кўргазмаси, подиум, чевархона ўрин олган. Бу ердаги дўконда матога гул чизиш, боғлаш, давра, қад тайёрлаш жараёнлари кўргазмали тарзда намойиш этилади. Бинонинг юқори қаватида гилам цехи жойлашган. Марказда барча маҳсулотлар тўлиқ қўл меҳнати ёрдамида 100 фоиз тоза ипакдан тўқилади.

Марказга яқин ҳудудда “Ҳунармандларбозори” ҳам ташкил этилган. Унда 45 нафар ҳунарманд фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, 300 та янги иш ўрни яратилган. 35 миллиард сўм маблағ сарфланган марказда 14 та савдо дўкони мавжуд.

Шунингдек, “Ҳунармандлар маркази” ҳудудида айни кунларда “Карвонсарой” ҳунармандлар маркази қурилиши лойиҳаси устида ҳам иш олиб борилмоқда. Миллий услубда бунёд этилаётган мазкур марказ туризм ривожи учун хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида “Ҳунармандлар маркази”ни бориб кўрган эди.
Давлатимиз раҳбари икки қаватли марказнинг қуйи қаватида атлас, адрас, шойи, бахмал, беқасам матолар тўқиш жараёнларини кузатган, биринчи қаватдаги тайёр маҳсулотлар кўргазмаси, подиум, чевархона ишини кўздан кечирган. Бу ердаги дўконда матога гул чизиш, боғлаш, давра, қад тайёрлаш жараёнлари кўргазмали тарзда намойиш этиб берилган.