#Чимён_2021 #медиа_форум #Фарғона

2021-02-22T05:51:13+05:0022 Fevral, 2021|Фарғона вил.|

⚡️Медиа-форум иштирокчилари Рақамли теҳнологиялар марказида

Бугун, 22 февраль куни “Чимён-2021” медиафорумининг асосий тадбирлар қисми бошланди. Республикамиз ОАВдан келган 80 га яқин журналистлар Марғилон шаҳридаги Рақамли технологиялар марказида бўлишди.

Ушбу замонавий архитектура талаблари асосида бунёд этилган кўркам иншоотда электрон ахборот ресурс маркази, 60 ўринли анжуманлар зали, музокаралар хонаси, видеостудия жой олган бўлиб, ёшларга ахборот технологиялари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўргатиш, ахборот технологияларида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг замонавий ҳамда самарали механизмлари яратилган. Бундан ташқари компьютер технологиялари, дастурлаш, робототехника ва киберспорт асосларини ўргатиш йўлга қўйилган.

Бино икки қаватдан иборат. Технопаркнинг биринчи қаватида коворкинг марказлари, стартап ташаббуслари аудиториялари, дастурий таъминот, дизайн ва мобиль иловалар яратиш бўйича алоҳида аудиториялар, музокаралар хонаси, ўқув ва электрон кутубхоналар мавжуд.

Иккинчи қават эса олий таълим муассасалари илмий-тадқиқот лабораториялари, киберспорт, робототехника, архитектура-дизайн, видеостудияларни ўз ичига қамраб олган.

Бу ерда ёшлар ўртасида рақамли кўникмаларни шакллантириш ҳамда “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини амалга ошириш учун ҳам барча имкониятлар мавжуд. Технопарк биноси 120 дан ортиқ иш ўринга мўлжалланган бўлиб, 25 янги ахборот технологиялари соҳасида хизмат кўрсатадиган корхоналарини жойлаштириш мумкин.

Шунингдек, ITсоҳасида дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчи корхоналар томонидан электрон тижорат, IT ва бизнес консалтинг, қишлоқ ва сув хўжалиги, робототехника, таълим ва масофавий таълим ҳамда бошқа соҳаларда рақамли технологиялар жорий этилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Россия Федерацияси Перм шаҳрида жойлашган “Morion digital”, “Технопарк Перм” , Беларусдаги “ПВТ”, Россия федерациясининг «Скольково” технопарклари ҳамда АҚШ да фаолият юритадиган IT-Парк ваколатхонаси билан яқин ҳамкорлик ўрнатган ҳолда 2022 йилда бу ерда умумий хизматлар хажми 20 млрд. сўмга етказилиши режалаштирилган.