Диққат! Журналистика соҳасида “Олтин қалам” ХV Миллий мукофоти учун халқаро танлов

2021-02-19T14:53:55+05:0019 Fevral, 2021|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, журналистларда танқидий-таҳлилий мушоҳада ва ижодий фаолиятни рағбатлантириш мақсадида “Олтин қалам” ХV миллий мукофоти учун халқаро танловни ўтказади.

 

3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишланган ушбу танловга 2020 йилнинг 31 мартидан 2021 йилнинг 31 мартигача – бир йил давомида газета ва журналларда чоп этилган, радио орқали эфирга узатилган ҳамда телевидение орқали кўрсатилган ва Интернет нашрларида эълон қилинган материаллар 2021 йилнинг 10 апрелигача қабул қилинади.

 

Танлов ғолиблари учун қуйидаги мукофотлар таъсис этилади:

 

Журналистика соҳасида бош миллий мукофот. Ғолиб махсус диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблашнинг 200 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

 

Асосий мукофотлар:

 

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (телевидение – 1-, 2-, 3-ўринлар);

 

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (радио – 1-, 2-, 3-ўринлар);

 

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (босма оммавий ахборот воситалари – 1-, 2-, 3-ўринлар);

 

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (Интернет-журналистика – 1-, 2-, 3-ўринлар).

 

“Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун”( Битта биринчи, 4 та иккинчи ўрин)

 

Биринчи ўринни олган ғолиб диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва базавий ҳисоблашнинг 160 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

 

Иккинчи ўринни олган ғолиб диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва базавий ҳисоблашнинг 140 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

 

Учинчи ўринни олган ғолиб диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва базавий ҳисоблашнинг 120 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

 

Рағбатлантирувчи мукофотлар учун номинациялар:

 

Инсон ҳуқуқлари мавзуисидаги энг яхши материал:

 

Энг яхши фоторепортаж;

 

Энг яхши матбуот хизмати.

 

Мазкур номинациялар ғолиблари диплом, “Олтин қалам” статуэткаси ва базавий ҳисоблашнинг 50 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

 

“Олтин қалам” танлови ғолибларини мукофотлаш, шунингдек, уни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондининг молиявий кўмагида амалга оширилади.

 

Шунингдек, миллий ҳамкорлар ҳамда қатор халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ва элчихоналар ҳам ўз рағбатлантирувчи мукофотларини таъсис этган (қўшимча эълон берилади).

 

Танлов шартлари:

 

Танловга телевидение, радио, босма материаллар ҳамда Интернет нашрларида эълон қилинган ижодий ишлар тақдим этилади (5 тадан кам, 10 тадан кўп бўлмаслиги керак).

 

Телевидение бўйича видеоматериаллар (CD, DVD дискда) 3 дақиқадан 30 дақиқагача бўлиши керак.

 

Радиоэшиттиришлар (CD, DVD дискда) 5 дақиқадан 30 дақиқагача бўлиши керак.

 

Матбуот ва Интернет материалларининг сканер қилинган электрон, чоп этилган асл ёки кўчирма нусхалари тақдим этилиши лозим.

 

Танловга юборилган материалларга қуйидагилар илова қилиниши лозим:

 

– муаллиф ҳақида маълумотнома;

 

– муаллифнинг уй ва иш телефонлари;

 

– паспорт нусхаси.

 

Танлов ғолибларини тантанали мукофотлаш маросими 2021 йил 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни тантанали равишда ўтказилади.

 

Мукофот бир шахсга такроран берилмайди.

 

Материаллар “Олтин қалам” танловига” деб кўрсатилган ҳолда қуйидаги манзилга юборилиши лозим:

100011, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 30-уй.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Телефонлар: 244-64-61; 244-37-87