“Олтин қалам” – Бутун дунё журналистлари танлови

2021-02-19T14:20:16+00:0019 Fevral, 2021|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида  журналистика соҳасида “Олтин қалам” XV  Миллий мукофоти учун халқаро танлов ташкилий қўмитасининг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ушбу танловни юксак савияда, янгича форматда ўтказиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб таъсис этилган танлов Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Маданият вазирлиги,  Ташқи ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги,  Миллий телерадиокомпания, Электрон ОАВ миллий ассоциацияси ва бошқа бир қанча ташкилотлар ҳамкорлигида миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, ОАВ ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун шароит яратиш ҳамда журналистларда танқидий фикрлашни ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантириш мақсадида ўтказиб келинади.

Йиғилишда танлов ташкилий қўмита ва ишчи гуруҳи таркиблари, қўмита иш режаси муҳокама этилиб тасдиқланди. Шу билан бирга, танловни ўтказиш билан боғлиқ айрим ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. Танлов низомга тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди. Бир ҳафта давомида ушбу масала бўйича таклифлар ўрганилиб бир тўхтамга келиниши маълум қилинди.

–“Олтин қалам” нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё журналистлари иштирок этадиган танлов, уни юксак савияда ўтказилишини таъминлаш катта масъулият юклайди,  – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов. – Бу йилги танловимизга киритилаётган ўзгаришлар доирасида асосий мукофотлар қаторига “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон  ҳақидаги энг яхши материали” номинациясининг киритилиши кабилар шундай дейишимизга яна бир асос бўлади.

 

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ахборот хизмати