НАВОИЙДАГИ МАКТАБЛАРГА МЕДИА-ТУР: ТАҲЛИЛ, ТАНҚИД, МУНОСАБАТ!

2021-02-18T13:00:42+05:0018 Fevral, 2021|Навоий вил.|

Журналиистларнинг таклфига кўра, Навоий вилоятидаги айрим “қизил” тоифадаги, яъни олий таълимга кириш кўрсаткичлари паст мактаблар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан Навбаҳор туманида пресс-тур ташкил этилди.

Вилоятда фаолият юритувчи ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар дастлаб мазкур туманидаги 24-умумтаълим мактабидаги таълим жараёнлари билан танишди.

— Ушбу мактаб 1960-70 йилларда боғча типида қурилган бўлиб, бино жуда эскириб кетган эди, — дейди мактаб директори М. Бердиева. — Мана шу эски бино ўрнида 160 ўринли мактаб қад ростлади. Ўтган йили мактабимизнинг битирувчиларидан бир нафар ўқувчи олий ўқув юрти талабаси бўлди. Бу албатта биз учун ачинарли аҳвол. Бу муаммони ечиш мақсадида Навоий давлат педагогика институти билан ҳамкорликни йўлга қўйдик, ўқувчилар орасида китобхонликни кучайтириб, билимларини ошириш учун китобхонлик кечаларини ўтказяпмиз, фан тўгараклари ташкил этилган.

Мактабнинг яна оғриқли томонларидан таълим даргоҳида спорт зали ҳамда мусиқа асбобларининг йўқлиги ўқувчиларни спорт ва мусиқадаги ютуқлари рўёбига тўсиқ бўлаётганидир.

М. Бердиева журналистларни мактаб кутубхонаси билан таништирар экан, кутубхонада жами 971 та китоб борлигини таъкидлади. Агар бир хил нусхадаги китобларни ҳисобга олсак, албатта бу китоблар мактабдаги ўқувчи сонига камлик қилади.

Шундан сўнг оммавий ахборот воситалари ходимлари тумандаги 4-умумтаълим мактаби фаолияти билан танишди. Мазкур мактабда ҳам ўқувчиларнинг ОТМларга кириш рейтингининг пастлиги, спорт, мусиқа дарслари учун шароитлар етишмаслиги катта муммо эканлиги таъкидланди.

Мактаб директори Комилжон Тўхтаев ўқитувчиларнинг иш фаолиятининг натижаси паст бўлса, бундай ўқитувчиларнинг ўрнига билимли, ташаббускор, ўқувчиларининг келажаги учун жонкуяр ўқитувчиларни ишга олишини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг журналист ва блогерлар туман халқ таълими бўлимида учрашувни давом эттиришди. Мазкур учрашувга тумандаги мактабларнинг директор ва ўқитувчилари, республика ва халқаро танловларга чиққан ўқувчилар, уларнинг ота-оналари иштирок этишди.

Тадбир сўнгида туман халқ таълими мудири Хуршид Раҳматов Халқаро олимпиада ва вилоят танловларида иштирок этаётган ўқувчиларни қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирди.

ЎзЖИУ Навоий вилояти бўлими.