Журналист ва блогерларнинг коронавирусга қарши эмлаш тўғрисида хабардорлиги оширилмоқда

2021-02-16T14:36:38+05:0016 Fevral, 2021|Жиззах вил.|

Бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам “COVID-19” вирусига қарши вакциналар билан эмлаш ишлари олиб борилади. Биринчи босқичда жами 4 112 668 нафар аҳоли, жумладан, кексалар, сурункали касалликлар билан рўйхатда турувчилар, тиббиёт, мактаб ва мактабгача таълим, қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини эмлаш бўйича ташкилий ишлар бошлаб юборилган.

Аҳолининг эмлаш бўйича хабардорлигини оширишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Шу маънода жорий йилнинг феврал ойи давомида республикамизнинг барча вилоятларида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда журналист ва блогерлар ўртасида Ўзбекистонда “COVID-19” бўйича вазият таҳлили ёритилиши масалалари, коронавирус ҳақидаги нотўғри тушунчалар, сохта ва ёлғон хабарлар тарқатилишининг олдини олишга қаратилган бир кунлик семинар-тренинглар ўтказилмоқда.

Жиззах шаҳридаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасида ўтказилган семинар-тренингга Жиззах ва Сирдарё вилоятлари журналист ва блогерлари таклиф қилинди.

Семинар тренингни Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш марказининг тренерлари – Ўзбекистон давлат жағон тиллари университетининг доценти Наргис Қосимова ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири Анора Содиқовалар олиб бордилар. Унда мавзу бўйича мутахассислар – Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари Вазира Муталова ва Насиба Тоировалар вакцина ва эмлаш тўғрисида аҳоли орасида тарқалаётган афсона ва ҳақиқатлар ҳақида маълумот бердилар. Шунингдек, иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга тегишли жавоб қайтарилди.

 

Нодира Алимова,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Жиззах вилояти бўлими мутахассиси.