Ташрифдан сўнг Ёшлар тимсолида гавдаланган келажак

2021-02-16T07:43:09+05:0016 Fevral, 2021|Умумий янгиликлар|

Юртбошимизнинг жорий йил 21-22 январь кунлари вилоятимизга галдаги ташрифи маҳаллий ёшлар, хусусан, замонавий информацион технологиялар сирларини ўрганаётган ўғил-қизлар, талабалар, навқирон дастурчилар, фрилансерлар учун ҳам ёрқин таассуротларга бой кечди.

Бухоро шаҳридаги икки қаватли кўркам, замонавий бир маскан нафақат катталар, балки ўғил-қизлар билан ҳам ҳамиша гавжум. Катталар бу ерга “ягона дарча” тамойили асосида 150 га яқин хизмат туридан фойдаланиш, ўз муаммоларига ечим топиш, ёшлар эса IT технологиялари бўйича билим олиш, шу йўналишда изланишлар олиб бориш мақсадида келишади. Шу ўринда гап Давлат хизматлари маркази ҳамда IT-Parkнинг Бухоро филиали хусусида кетяпти.

Бир бинонинг ўзида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси, Халқ қабулхонаси, ФҲДЁ бўлими, нотариал идора, Тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхона, корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси, молиявий ва ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилган. Президентимиз шу каби қулайликлар билан танишиб, интернет имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш, хизматлар нархини арзонлаштириш, чекка ҳудудлар аҳолисига сайёр ва онлайн хизмат кўрсатиш даражасини ошириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Ёш ҳаваскорлар, робототехниклар, веб дизайнерлар, профессионал дастурчиларнинг бошини жам қилган бу даргоҳдаги қизғин жараён Шавкат Мирзиёевнинг эътиборини тортмай қолмади. Давлат раҳбари “Monday Labs” корхонаси асосчиси, 25 ёшли Саидравшан Шокиров, халқаро IT компаниялар билан ҳамкорликда ишлаётган дастурчи Шаҳрулло Тухсанов ва бошқа ёшлар билан дилдан суҳбат асносида Бухоронинг IT соҳаси бўйича брендини яратиш кераклигига, бунинг учун барча шароитлар, ресурс, интеллектлар мавжудлигига тўхталиб ўтди. Негаки, азалдан илм-маърифат гўшаси сифатида донг таратган Бухорода истеъдодли, интилувчан ёшлар жуда кўп. Айни пайтда IT-Park учун Bukhara City мажмуаси ҳудудида тўққиз ва ўн икки қаватли бинолар қурилмоқда.

Юртбошимиз билан учрашган қатор ёшлар, хусусан, Бухородаги IT-Park резидентлари билан суҳбатлашиб, уларнинг таассуротлари, келгуси режалари ва лойиҳалари билан қизиқдик:

Мақсудбек ХОДЖАЕВ,

“Monday Labs” компанияси

бош дастурчиси

Бугунги кунда ахборот технологияларига эътибор тобора ошяпти. Президентимиз билан учрашув чоғида ҳам айни шу масалалар ҳақида сўз борди. Чунончи, давлатимиз раҳбари биз, ёш мутахассисларга соғлиқни сақлаш, таълим жабҳаларида IТ технологияларни татбиқ этиб, янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ва шу орқали ушбу жабҳаларни жаҳон андозалари асосида ривожлантириш масалалари бўйича ўз таклиф ва тавсияларини берди. Айни пайтда бу соҳалардаги муаммоларга ечим излашга киришдик. Қолаверса, биз жамоамиз билан бирга, дунё афкор оммасининг диққат-эътиборида бўлган бошқа лойи­ҳалар устида ҳам изланиш олиб боряпмиз. Бизнесни автоматизациялаштиришга қаратилган серен тизимлари, ­мобиль иловалар, телеграм мессенжерлари учун ботлар яратяпмиз.

Юртбошимизнинг ҳар бир сўзию нигоҳидан диёримизнинг ёрқин келажагини айнан бизнинг тимсолимизда кўраётганларини сезиш мумкин эди. У кишининг оталарча йўл-йўриқлари, қимматли маслаҳатлари кейинги фаолиятимизда асқотиши шубҳасиз.

Умиджон УСМОНОВ,

веб дастурчи

Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиалида таҳсил олиш баробарида “Monday Labs” компаниясида ишлайман. Давлатимиз раҳбари билан мулоқот шахсан ўзим учун жуда фойдали бўлди. У киши агросаноат йўналишида, хусусан, сув хўжалиги йўналишидаги муаммоларга ечим излаш таклифини бердилар. Жумладан, соҳани автоматизациялаштириш, шу бўйича махсус дастурлар тузиш зарурлигига эътиборимизни тортдилар. ­Бундан ташқари, бу борада кўзлаган мақсад коррупцион ҳолатларнинг, айнан коррупцияга шарт-шароит яратиб берадиган омилларнинг олдини олишга ҳам қаратилган. Бўлажак мутахассислигим ҳам агросаноат йўналишида эканлиги билан ҳам бу нарса мен учун жуда қизиқ ва мароқли.

Учрашув мобайнида олинган тавсиялар бизга ҳайрат, шижоат ва илҳом берди. Тез фурсатда жамоамиз тегишли лойиҳалар бўйича қўйилган вазифаларни бажаришга киришди. Ҳозир биз қизғин иш жараёнидамиз.

Нодирбек ЎКТАМОВ,

дастурчи

Устозимиз Саидравшан Шокиров раҳбарлигида бот коммерс, хел стег тизимлари устида иш олиб боряпмиз. Шунингдек, чет эллик буюртмачиларимиздан full stack web developer, android IOS сингари веб ва мобил иловалар, дас­турлар бўйича буюртмалар оламиз. Шу каби ишлар орқали яхшигина даромад топиш мумкин. IT соҳасига қизиқувчи ёшлар учун IT-Park шу жиҳатдан айни муддао бўлди.

Масканимиздаги шарт-шароитлар билан танишган Президентимиз олдимиздаги мақсадлар рўёби йўлида ўз ёрдамларини аямасликларини айтиб, инвестор топиш, ҳуқуқий масалалардаги тўсиқларни бартараф этиш ва бошқа муаммоларни ечишга ҳамиша тайёр эканликларини билдирдилар. У кишининг бизга билдирган юксак ишончларини оқлашга ҳаракат қиламиз.

Рустам ИБРАГИМОВ

“Бухоронома” мухбири

Начало формы