Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси муносабати

2021-02-12T12:53:38+05:0012 Fevral, 2021|Умумий янгиликлар|

Мана бир неча кундирки, сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг қамоққа олиниши билан боғлиқ воқеалар мамлакатимиз медиа муҳити, ижтимоий тармоқлар диққат марказида турибди. Бу масала бўйича журналистика соҳасига алоқадор бир қатор нуфузли ташкилотлар, депутат ва жамоат арбоблари муносабат билдирди. Муносабатларда бу ишда конституцион ҳақ-ҳуқуқ, ҳақиқат, адолат, сўз эркинлигига ҳурмат ва очиқлик таъминланиши лозимлигига даъват этилди.

Бош қароргоҳи АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси — CPJ (Commitee to Protect Journalists) Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди.

Ташкилотнинг фикрича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа ташланган. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот “агар товламачиликни исботлайдиган далиллар бўлмаса, мазкур ҳибс воқеаси нафақат хавотирли, балки сўз эркинлигига раҳна солувчи яна бир ҳаракатдир”, деб ташвиш билдирди.

Бу масалада мавҳумлик ва зиддиятлар кўп. Ички ишлар вазирлиги берган баёнотдан сўнг баҳс-мунозаралар янада авж олди. Бунга айрим саволлар жавобсиз қолаётгани сабабдир.

Хусусан, бозордан танқидий материал тайёрлаётганда юз берган воқеа учун блогернинг “товламачилик”да айблангани (блогернинг ўзи айбловни кескин рад этмоқда) унинг оиласи, фарзандлари, яқинлари олдида кўп кишилик ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан ваҳима ва шов-шув билан олиб кетилиши учун етарлими?

Биз қонун устувор бўлган мамлакатда яшаяпмиз. Қонуний ҳақ-ҳуқуқларимиз билан бирга бурчларимизни ҳам эътироф этамиз. Агар, қонун бузилишига йўл қўйса, жиноят содир этса, ким бўлишидан қатъий назар, у журналист бўладими, блогерми ёки бошқа касб эгасими, албатта, қонунда белгиланган тартибда жавоб бериши шарт. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бу нохуш воқеа бўйича ҳам шундай фикрда.

ИИВ баёнотида айтилганидек, “тергов ва суд органларининг фаолиятига нисбатан сунъий равишда салбий муносабат шакллантириш – тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш” ниятимиз йўқ. Аксинча, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни мазкур ишни томонларнинг кўрсатмалари ва барча ҳолатни ҳисобга олган ҳолда холис ва ҳаққонийлик, адолат билан кўриб чиқишини, барча фуқаролар каби журналист ва блогерларнинг ҳам конституцион ҳақ-ҳуқуқлари, сўз ва матбуот эркинлиги бузилмаслигини истаймиз.

 

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси