Республика биржасининг келгусидаги режалари муҳокама қилинди

2021-02-12T12:18:16+05:0012 Fevral, 2021|Умумий янгиликлар|

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг таҳлили” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Республика биржасининг 2020 йилдаги фаолияти ва 2021 йилга мўлжалланган мақсадли режалари хусусид ОАВ вакиллари, журналистлар ҳамда жамоатчиликка маълумот берилди.

Матбуот анжумани аввалида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Зулфиддин Камолов якунига етган йилда коронавирус пандемияси билан боғлиқ ноқулайликлар ва чекловларга қарамасдан, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси биржа савдолари ва электрон тижорат соҳасида ижобий натижаларга эришишга муваффақ бўлгани ва келгусидаги режалар ҳусусида гапириб ўтди.

Айтиш жоизки, бугунги кунда биржада 800 мингдан зиёд савдо иштирокчилари рўйхатдан ўтказилган. Шунингдек, биржанинг 300 дан зиёд маҳаллий савдо майдончалари мамлакатимизнинг деярли барча туманларида фаолият юритишмоқда. Бундан ташқари, 14 та хорижий савдо майдончалари Хитой, Россия, Белоруссия, Украина, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда очилган.

Умуман олганда, 2020 йил якунларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 53,6 трлн сўмлик битимлар имзоланган бўлиб, бу 2019 йилга нисбатан 24,7% га кўпдир. Биржанинг 2020 йилдаги товар айланмаси мамлакат ЯИМнинг деярли 10% миқдорига тенг бўлди.

Матбуот анжумани давомида биржанинг 2021 йилдаги асосий фаолият йўналишлари ва келгусидаги режалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда биржа савдоларига янги товар ресурларини, хусусан табиий газни жалб қилиш, шунингдек, кумуш ва бошқа қимматбаҳо металлар савдосини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.

Шунингдек, биржа ходимлари малакасини ошириш ва брокерларни тайёрлаш бўйича Ўқув марказини ташкил қилиш, айни вақтда хорижий экспертлар ва малакали мураббийларни жалб қилган ҳолда биржа ходимлари учун ўқув машғулотлари ўтказилиб борилаётгани таъкидланди.

Тадбир якунида биржа раҳбарлари ва мутахассислари журналистлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб беришди.

 

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.