Болалиги йўқ болалар

2021-02-11T08:23:52+05:0011 Fevral, 2021|Жиззах вил.|

Яқинда рўзғорлик қилиш учун деҳқон бозорига бордим. Бозорлик қилар эканман, юким оғирроқ бўлди. Аравакашларнинг олдига бораётсам, бир болакай “Ака, юкингиз борми? Олиб чиқиб бераман” – деди. Жуда ёш бола экан, “Ёш болага юк кўтартираманми” деб уни ёллашга кўнглим бўлмади.

–Ака, олиб чиқа қолай, эрталабдан бери ҳали ишламадимда. – ялинди болакай.

–Бўпти, юр,–деб, юкларимни унинг аравасига ортдим ва аравани ўзим ҳайдадим. –Сен ёнидан ушлаб ол, йўл очиб кетасан. – дедим, чунки бозорда одамлар жуда гавжум бўлиб, болакайга юрагим ачиб кетди.

–Мактабда ўқийсанми?–сўрадим йўл–йўлакай болакайдан.

–Ҳа… 5–синфда ўқийман.

–Ҳозир дарс пайти эмасми, мактабга бормадингми?

–Ишламасам бўлмайдида. Онам касал. Укалар бор…

Бўғзимга бир нарса тиқилгандек бўлди. Қайта ундан ҳеч нарса сўролмадим.

Уйга бориб ҳам бозордаги бола ҳеч хаёлимдан кетмади.

Умрининг энг гуллаган палласини қора меҳнат, тирикчилик ўйи ўғирлаб олаётган болалар… Тирикчилик илинжида, бозорда арава тортаётган, ул-бул нарса сотиб юрган, юк ташувчи, қуйинки, бошқа юмушларни қилаётган, хали суяги ҳам қотмаган болакайларга сизнинг ҳам кўзингиз тушгандир?! Улар бола, лекин уларда болалик йўқдек менинг назаримда. Оиладаги етишмовчиликлар, турмушнинг оғир юки уларнинг гарданига жуда эрта юклаб қўйилган.

Биз катталар кўпинча “Ўзбек ҳалқи азалдан болажон ҳалқ” дея мақтанамиз. “Бола дил гавҳари, кўзлар қувончи” деймиз.

Тўғри, бугунги кунда давлатимиз томонидан бола ҳуқуқлари қонун билан кафолатланган. 2007 йил 1 декабрда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун маъқулланган. Қолаверса, Ўзбекистонда болалар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича омбудсман ва бошқа қонунлар бунга яққол мисол. Аммо шу билан бир қаторда жамиятимизда, тақдири синиқ, қаровсиз, эътибор, меҳр-муҳаббатдан мосуво болалар, йўқ эмас. Турли сабабларга кўра ота онасидан етим қолган, ноқобил ёки тўкис бўлмаган оилаларда туғилган болаларнинг тақдири барчамизни сергакликка чорлаши керак. Бот–бот ижтимоий тармоқларда кўзимиз тушадиган, ўз боласи, жигаргўшасини ҳожатхонага ташлаб кетаётган, сувга чўктираётган оналар (“она” дейиш мумкин бўлса) миллатимиз фожеасидир.

Шулар ҳақида кўп ўйладим. Менинг ягона тилагим, бундай ўксик болалик, келгуси ҳаёт йўлларида ўзининг чуқур изини қолдирмасин! Барча болалар бахтиёр бўлсин. Ҳеч бир бола ота–онаси учун кераксиз бўлиб туғилмасин. Болаларимиз болалигини асрайлик!

 

Ўткиржон Абдуллаев,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Жиззах вилоят бўлими қошидаги “Ёш журналистлар” мактаби тингловчиси.