Давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашда журналистлар иштироки ошмоқда

2021-02-10T11:59:56+05:0010 Fevral, 2021|Навоий вил.|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими давлат идоралари фаолияти очиқлигини таъминлаш ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси билан аҳолини жадал таништириб боришда вилоятдаги бошқармалар ва бошқа мутасадди идоралар билан яқин ҳамкорлик олиб бормоқда.

Худди шундай тадбирлардан бири Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилди. Матбуот анжуманида соҳа мутасаддилари ОАВ вакилларига амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди.

— Президентимизнинг 2020 йил 1 июлда эълон қилинган “Бўш турган давлат объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида тегишли ҳудудий бошқармалар ташкил этилди, — дейди мазкур ҳудудий бошқарма бошлиғи Акмал Шарипов. — Бугунги кунда юқоридаги қарор ижроси доирасида вилоятдаги мулкчилик шаклидан қатъий назар барча нотурар объектлар бўйича ялпи хатлов ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтга қадар жами 7 131 та объект ўрганилиб, 651 та объект бўш турганлиги ва самарасиз фойдаланилаётганлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, бўш турган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида вилоят ҳудудида жойлашган ижтимоий соҳа муассасаларининг бўш турган 27 та давлат мулки объектлари ва ер майдонлари келгусида самарали фойдаланиш мақсадида туман(шаҳар) ҳокимликлари балансига ўтказилди. Шунингдек, вазирлик ва идоралар тасарруфидаги 41 та бўш турган давлат мулки объекти 82 та лотларга бўлинган ҳолда “E-ijro auksion” электрон савдо майдончаси орқали ижарага бериш учун аукционга чиқарилди. Бир неча йиллардан буён фойдаланилмаётганлиги ва қаровсиз ҳолга келган яроқсиз 7 та давлат мулки объектини ваколатли ташкилот хулосасига асосан бузилиши ва бузишдан бўшаган ер майдонларини маҳаллий ҳокимликлар захирасига олиб, ўрнатилган тартибда тадбиркорлик субъектларига сотиш каби вазифалар амалга оширилиши белгиланган.

Анжуманда шунингдек, бўш турган нодавлат секторга тегишли объектлардан самарали фойдаланиш ва тезкор хўжалик фаолиятига жалб этиш юзасидан вилоятда 2020 йил давомида жами 835 та хусусий мулк объектларига нисбатан 9,1 млрд. сўм оширилган солиқ ставкалари қўлланилиб, 596 миллион сўм ундирилгани баён қилинди. Бунинг натижасида 341 та хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти тикланишига, 2020 йил мобайнида 796 та объект тадбиркорларга мақсадли ижарага берилиб, ижарага берилган давлат мулкларидан 2 миллиард 416 миллион сўм маблағ давлат бюджетига туширилган.

— Давлат мулки объектларини ижарага беришда шаҳар ҳудудларида ишлаб чиқаришга, туманларида эса сервис хизматларини йўлга қўйишга эътибор қаратилмоқда, — дея таъкидлаб ўтди ўз маърузасида давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шерзод Жумаев. — Бу борада бугунги кундаги энг катта саъй-ҳаракатларимиздан бири Зарафшон шаҳрида амалга оширилаётган “Зарафшон ойна” МЧЖ томонидан кварц қумидан ойна ишлаб чиқариш лойиҳаси саналади. Бу ерда келгусида саноат ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун шиша идишлар ишлаб чиқарилади. Шунингдек, 350 нафар киши иш билан таъминланади. Жорий йил якунига қадар тўлиқ ишга тушиши режалаштирилган ушбу заводда бугунги кунда қурилиш ишлари жадал кетаётган бўлиб, мазкур жараёнга 100 нафарга яқин мутахассис жалб этилган. Бундан ташқари Навоий шаҳрида жами 74 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бир қатор корхоналар томонидан тош майдалаш цехи, шифер ва кафел ишлаб чиқариш заводлари қуриляпти.

Қайд этиш керак, иқтисодиётга давлат аралашуви борки, тан нарх ўзидан ўзи ошиб боради ва ривожланиш секинлашади. Шу боис, бугунги кунда вилоятимиздаги бир қатор йирик корхоналарнинг носоҳавий объектлари хусусийлаштирилмоқда. Бу жараёнда айрим ходимлар ишсиз қолаётгани ҳам бор ҳақиқат. Бугунги кунда уларни ишга жойлаштириш борасида вилоят ҳокимлиги ва бошқа тегишли мутасадди идоралар билан ҳамкорликдаги ишлар амалга оширилмоқда.

  • Маълумки, юртимизда газеталар муассиси асосан маҳаллий ҳокимликлар саналади, — дейди ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Дилшод Мамаражабов. — Ўтган йилдан бошлаб матбуот идораларини хусусийлаштириш жараёни бошланди. Албатта, газета ва журналларни давлат тасарруфидан чиқарилиши бу жаҳон тажрибаси ва қолаверса замон талаби. Бироқ, орадан шунча вақт ўтса ҳам давлат корхонаси бўлган нашрлар тақдири ноаниқ бўлиб турибди. Мазкур ҳолат ўз навбатида жорий йилги обуналарга ҳам таъсир қилди. Айрим туманларимизда эса газета чоп этилмай қолиб кетди. Бу эса ўз навбатида таҳририятларда фаолият олиб бораётган ходимлар маошининг ўз вақтида берилмаслиги, кўплаб журналистларнинг иш ўрнини йўқотишига олиб келяпти. Навоий шаҳридаги “Ширин” маданият саройи ва “Химик” стадионида ҳам худди шундай ҳолат кузатилмоқда. Бу ташкилотларда ишлаётган кўплаб инсонларнинг тақдири нима бўлади?

Шу ўринда яна бир мулоҳаза: йил давомида спортчиларимиз тоғолди спорт-соғломлаштириш масканларида ўқув машғулоти ўтказади. Навоий вилоятидан ҳам юзлаб портчилар ана шундай машғулотларни ўтайди ва бунинг учун вилоят бюджетидан катта маблағ ажратилади. Сармишсойда қишда ҳам ёзда ҳам ана шундай ўқув жараёнларини ташкил этиш мумкин. Бу ҳудудда найни пайтда тадбикорларга ер майдонлари ажратилмоқда ва асосан улар томонидан кўнгилочар давм олиш масканлари ташкил этишга эътибьор қаратиляпти. Сармишсойда спорт-соғломлаштириш маркази ташкил этиб, қўши вилоятларимиздан ҳам бу жойга минглаб спортчиларни жалб этиш мумкин.

Умуман олганда, объектларнинг хусусийлашаётгани жараёнига бирёқлама қарамай, фақат тадбиркор манфаатини кўзлаб эмас, балки давлатнинг ҳам манфаатлари илгари сурилса мақсадга мувофиқ бўлади.

— Бугунги кунда маҳаллаларда “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” юритилмоқда, — дейди анжуманнинг яна бир иштирокчиси, вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази бош мутахасиси Гулҳаё Равшанова. — Ишсиз ёшларни касбга ўқитиш ва иш билан таъминлаш борасида Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда “Микрокредитбанк” ҳамкорлик олиб бораётган бўлса, жойларда хотин-қизлар муаммоларини самарали ҳал қилиш борасида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари қошидаги Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ва “Халқ банки” филиаллари ҳамкорликда ишламоқда. Марказларимиз нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида 2019 йил август ойидан ўз фаолиятини бошлаган. Ишсиз хотин-қизлар 22 та йўналишда қайта ўқитилиб, уларга сертификатлар берилади. Вилоят миқёсида 40 нафар тренерларимиз фаолият олиб бормоқда. Жорий йилда вилоят маҳаллаларидаги “Аёллар дафтари”га киритилган жами 17 минг нафар хотин-қизларни касбга ўқитиш кўзда тутилган. Бугунги кунда Навои шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар марказида 174 нафар аёллар ўқитилмоқда. Марказимизда бизнес лойиҳа, тадбиркорлик ва корхона юритиш борасида ўқиб, сертификат олаётганларга банк томонидан имтиёзли кредитлар ажратилади.

Марказ мутахассисининг таъкидлашича бугунги кунда марказлар фаолиятида самарали йўлга қўйилмаган. Сабаби дарс жараёнларини ўтиш учун бинолар етарли эмас. Вилоят маркази ҳам Навоий шаҳридаги “Орзу” маҳалласида ижарада туриб фаолият олиб боради. Шаҳар-туманларда эса бинолар умуман мавжуд эмас. Белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун эса бўш турган давлат мулки объектларидан ажратилиши лозим.

— Бугунги кунда нафақат тадбиркорлар, балки жисмоний шахслар ҳам онлайн аукционларда иштирок этишлари мумкин, — дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Отабек Аслонов. — Бунинг учун эса аввало электрон рақамли имзо зарур. Аммо ҳалигача бу ҳақида фуқароларимиз тўлиқ маълумотга эга эмас. Яқинда менга якка тартибдаги тадбиркор ўзи яшаётган қишлоқдан ер олиб, дўкон қуриш режаси борлигини, аммо ишни нимадан бошлаш лозимлигини билмаслииги айтди. Унга электрон имзо олиб, интернет орқали аукционда иштирок этиши лозимлигини айтдим. Ушбу фуқаро анча вақт шунинг ҳаракатида юрди. Бироқ онлайн аукционда қандай иштирок этиш юзасидан тўлиқ тушунчага эга бўлолмагани учун дўкон қуриш фикридан қайтди.

Бугунги кунда ҳар бир киши Навоий шаҳридаги тадбиркорлик субъектларини соғломлаштириш клиникасига ташриф буюриб, бу жараёнларни бевосита кўриб ўрганиши мумкин. Бу яхши, албатта. Аммо тарғиботни янада кучайтириш керак. Онлайн аукционлар ҳақида роликлар тайёрлаб телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш, журналистлар билан яқиндан ҳамкорлик олиб бориш лозим.

Анжуман давомида иштирокчилар томонидан бир қатор таклифлар ўртага ташланди. Хусусан, давлат мулки объектларини ва давлат корхоналарини хусусийлаштиришда аввало инсон омилини ҳисобга олиш, мазкур корхоналарда фаолият олиб бораётган кишилар иш ўринларини йўқотишига йўл қўймаслик, давлат мулки объектларидан фойдаланиш ҳолатини журналистлар иштирокида ўрганиб бориш каби масалалар илгари сурилди.

Озод МУСТАФОЕВ,

ЎзЖИУ Навоий вилояти

бўлими мутахассиси.