Журналистлар Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйди

2021-02-09T10:54:42+05:009 Fevral, 2021|Умумий янгиликлар|

Бугун эрта тонгдан Адиблар ҳиёбонида жойлашган Ҳазрат Навоий ҳайкали олдида ўзгача тароват, байрам шукуҳи ҳукмрон. Шоир эса пурҳикмат асарлари, сермазмун ҳаёт йўлини чуқур англашга ундовчи мисраларидан сўзлагандек маданий тадбирга ташриф буюрган хорижий мамлакатларнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчилари, миллий-маданий марказлар раҳбарлари, тилшунос ва адабиётшунос олимлар, кенг жамоатчилик вакилларига пешвоз чиқиб кутиб олгандек мамнун қиёфада ҳассасини ушлаганча боқиб турибди.

Замон тезкор, вақт шиддаткор. Эзгулик ва ёвузликнинг азалий кураши янада кескинлашган, бугунги глобаллашув шароитида буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг замон ва макон билмас бадиий закосига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезилмоқда. Беназир аждодимиз асарлари ҳаёт қомуси янглиғ башариятни ҳамиша тўғри йўлга бошлайди, эгри йўлнинг аянчли оқибатларидан сабоқ беради. Зотан, улуғ шоир асарлари нафақат ўзбек халқининг, балки бутун инсониятнинг маънавий меросидир.

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид олиб борган тадбирда Афғонистон Ислом Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Ҳолид Элмий, севимли шоиримиз Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқовлар сўз олиб Навоий сиймоси, унинг ўлмас ижоди, миллионлаб қалбларга кириб борган асарлари, ғазаллари, халқлар ўртасидаги азалий дўстлик ришталарини боғлаш борасидаги хайрли ишларини эътироф этишди. Шундан сўнг, вазирликлар, жамоат ташкилотлари қаторида ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Алишер Навоий ҳайкали пойига бир гуруҳ марказий ОАВ вакиллари – журналистлар гулчамбар қўйди.

Президентимизнинг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказиладиган тадбирларни юксак савияда ташкил этиш, Алишер Навоий асарларида теран ифода топган миллий ва умуминсоний ғояларнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрнини ҳамда ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, улар қалбида юксак ахлоқий фазилатларни тарбиялашдаги беқиёс аҳамиятини назарда тутиб, шунингдек, улуғ шоир ва мутафаккирнинг адабий-илмий меросини мамлакатимизда ва халқаро миқёсда янада чуқур тадқиқ қилиш ва кенг тарғиб этиш белгиланган эди.

— Она тилига муҳаббат, ватанпарварлик, адолатпарварлик, меҳр-оқибат туйғулари онгу шууримизга Навоий асарлари орқали сингиган, десак муболаға бўлмайди. Ёшларимиз улуғ алломанинг тафаккур булоғидан сув ичиб улғайса, уларнинг маънавияти шунчалик юксалиб боради, жамиятимизда соғлом муҳит, эзгу инсоний фазилатлар барқарор бўлади,– дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов.

Дарҳақиқат, Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ривожида ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Уни билмоқ, англамоқ, ўрганмоқ эса бизлар учун фарздир.

 

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси