Судларнинг эшиги жамоатчилик учун очиқ, аммо томонларнинг ҳуқуқини ҳам унутмаслик керак

2021-02-08T09:38:29+05:008 Fevral, 2021|Самарқанд вил.|

Самарқанд вилояти матбуот уйида ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида шу мавзуда сўз юритилди.

Тадбирда вилоят суди раиси О.Ҳайитов, унинг ўринбосарлари ва вилоят маъмурий суди раиси Б.Диёров иштирок этди.

Қайд этилганидек, суд тизимида халқаро норма ва талаблар асосида кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар амалга оширилмоқда. Бунда албатта, фуқароларнинг тизимга бўлган ишончини ошириш, асосийси, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини кафолатлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Амалга оширилаётган ўзгаришлар замирида тизимда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди вилоят суди раиси О.Ҳайитов. – Негаки, бу биринчидан, судьяларнинг адолатли ва қонуний қарор қабул қилишига хизмат қилади. Қолаверса, жамиятда ҳуқуқий маданиятнинг ошишини таъминлайди.

Шу боис, суд мажлисларида оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштирок этиши бўйича алоҳида норматив ҳужжат қабул қилинган. Олий суднинг мавзкур қарорида масаланинг барча жиҳатлари тартибга солинган.

Шу ўринда бир гапни алоҳида таъкидлаш ўринли. Очиқ суд мажлисида томонлардан бошқаларни иштироки борасида турли тушунмовчиликлар пайдо бўлмоқда. Бунда қарор қабул қилаётган судья мажлис иштирокчиларининг розилигисиз рухсат беролмайди. Негаки, масаланинг ошкор этилиши томонларнинг шахсий ҳуқуқи ҳисобланади. Буни бузишга эса судьяга ҳам ваколат берилмаган.

Анжуманда иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб берилди.

Фазлиддин Рўзибоев,

Самарқанд вилояти.

Манба: Zarnews