Давлатобод мўъжизаси

2021-02-07T09:57:26+05:007 Fevral, 2021|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Наманган вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг бир қатор етакчи нашрлари муҳаррирлари, таниқли ижодкорлар иштирокида шу йил 3-4 февраль кунлари Наманган шаҳрига медиа-тур ташкил этди.

“Журналист ва ҳаёт” лойиҳаси доирасидаги медиа-тур давомида давлатимиз раҳбарининг “Ёшлар форуми”даги нутқи ҳамда шу йил 19 январь кунги маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросига қаратилган қатор тадбирлар ўтказилди.

Журналист-ижодкорларни Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкатжон Абдураззоқов қабул қилди. Самимий вазиятда ўтган учрашувда вилоятда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳақида фикр юритилди. Барча жабҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар пировард натижада халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилганлиги таъкидланди. Сўзга чиққан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раисининг ўринбосари Холмурод Салимов қабул учун миннатдорчилик билдириб, медиа-турнинг асосий мақсадлари ҳақида гапириб берди.

Ижодкорлар Президент мактабига ташриф буюришди. Нодирабегим номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида вилоят ОАВ вакиллари иштирокида “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда журналист масъулияти” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди. Қизғин, фикрларга бой, самимий руҳда ўтган мулоқотдан сўнг, бир гуруҳ фаол наманганлик журналистларга уюшма диплом ва совғалари топширилди. Янги нусхадаги аъзолик гувоҳномаларини топшириш маросими ҳам иштирокчиларга кўтаринкилик бағишлади.

Наманган шаҳридаги 5-умумтаълим мактабида ўқувчи-ёшлар маънавиятини юксалтириш ва ижодий-маданий тар­ғибот таъсирчанлигини ошириш учун ижодкор тарғиботчи сифатида “Мураббий” газетаси муҳаррири Дилбар Ҳайдарова бириктирилган. Меҳмонлар вилоят журналистлари ҳамроҳлигида айнан шу мактабда бўлиб, ёш истеъдодларнинг дастлабки ишлари билан танишдилар. Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган адабий кеча давомида ёш қаламкашлар томонидан тайёрланган деворий газеталар тақдимоти бўлиб ўтди.

Вилоят ёшлар марказининг “Ёшлар медиа марказида”ги қизғин иш жараёнлари, “Ёш журналистлар мактаби” тингловчиларининг яратилган шароитлардан унумли фойдаланишаётгани эътиборли. Медиа марказ раҳбари Темурмалик Воҳидов истиқболли лойиҳалар асосида бошлаб юборилган амалий интилишлар билан таништирди.

Наманган ўзига хос зиёратгоҳлари, меъморий ёдгорликлари, янги қурлишлари билан ҳам эътиборли. Айниқса, янги ташкил этилган Давлатобод туманида амалга оширилаётган ишлар эътиборга моликлигини медиа-тур қатнашчилари яқиндан ҳис этдилар.

***

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 26-27 июнида Наманганга ташрифи чоғида вилоят маркази таркибида янги маъмурий бирлик — Давлат­обод туманини тузиш ғоясини олға сурганди. Бу фикр кенг жамоатчилик томонидан қизғин ва қўллаб-қувватланди. Ўшанда давлатимиз раҳбари: «Наманган шаҳрида бугунги кунда расман 630 минг киши истиқомат қилмоқда, — дея алоҳида қайд қилиб ўтган эди. — Амалда 800 мингдан кўп. Миллиончи шаҳар бўлиш яхши, мана, Самарқанд ҳам бунга интиляпти. Лекин аҳоли сони кўпайган сари шунга яраша ҳал этилиши зарур бўлган масалалар кўлами ҳам ортиб боради. Шу боис Наманган шаҳрида Давлатобод туманини қайта ташкил этиш таклиф қилинмоқда».

Шундан бери ўтган қисқа муддат ичила мазкур ғояни рўёбга чиқариш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Халқ депутатлари Наманган шаҳар ва вилоят Кенгашларининг сессияларида масала депутатлар томонидан кўриб чиқилди ва маъқулланди, Олий Мажлис Сенати ҳам бу борада алоҳида қарор қабул қилди. Орада халқ депутатлари туман Кенгашининг дастлабки сес­сия­си ҳам бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлигининг қурилиш, саноат, алоқа, транспорт ва уй-жой-коммунал хўжалиги котибияти мудири бўлиб ишлаб келган Анваржон Тожимирзаев Давлатобод тумани ҳокими этиб тасдиқланди. Шундан сўнг ҳокимлик ва унинг бўлимларини шакллантириш жараёни бошланди.

— Туманда Наманган иқтисодиётини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиш имкониятлари мавжуд экан, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ЎзМТРК сиёсий шарҳ­ловчиси Қобилбек Каримбеков. — Масалан, “Ифтихор кийим саноат” масъулияти чекланган жамиятини олайлик. У айни пайтда мамлакатимиздаги йирик корхоналардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга ҳозир МЧЖнинг янги қувватлари барпо этилмоқда. Улар ишга туширилса, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми икки баравар ортади. Бу эса даромад кўпаяди, янги иш ўринлари яратилади демакдир.

Худди шундай саноат корхоналари туманда оз эмас. Улар орасида “Наманган тўқимачи”, “Истиқлол текстил дизайн” масъулияти чекланган жамиятларини, “Юксалиш”, “Орзу” ва “Ёшлар” сингари бешта кичик саноат зонасида жойлашган тадбиркорлик субъектларини тилга олиш мумкин. Марказий Осиёда ягона ҳисобланган “Афсоналар водийси” боғи ҳам туман ҳудудида. Ўрни келганда мана шу истироҳатгоҳ ҳақида алоҳида тўхталиш жоиз. Боғ 155 гектар ерда каттаю кичикка бирдай ёқадиган гўша сифатида барпо қилинмоқда. Уни қуриш ва жиҳозлашда ривожланган лавлатлардаги шу сингари иншоотлардан андоза олинган. Тархини Туркиянинг машҳур “Dome+Partners” компанияси чизиб берган.

“Наманган истиқлол боғи” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилаётган са­йилгоҳ Ғирвонсой даҳасига ж

ойлашган. Бу ерда нафақат ҳордиқ чиқариш, балки савдо-харид, миллий ҳунармандчилик тарғиботи учун имкониятлар кўзда тутилган. Асосий иншоот-аквапарк бўлимидаги 16 та ҳавзада худди денгиздаги мисол қулоч отиб чўмилиш, 7 та аттракционда маза қилиб сув ўйинларидан баҳра олиш имконияти мавжуд. Бошқа турдаги ўйин қурилмалари ҳам ўзига хос мазмунга эга. Масалан, баландлиги 68 метрга кўтарилган мегадропга чиққан одам юраги ҳапқиришига қарамай ўзига яраша завқ олади.

“Афсоналар водийси”нинг лойиҳа қиймати 123 миллион АҚШ долларига тенг. Ҳозиргача тематик парк, 2400 ўринли амфитеатр, аквапарк, замонавий шаршара ва мусиқали фаввора, 3 та ресторан, автотураргоҳ битказилди. Навбатдаги иншоотлар қурилиши жадал давом этяпти. 2022 йилга қадар 400 ўринли меҳмонхона, масжид, 110 та виллани фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Мана шундай яна бир ажо­йиб лойиҳа — ўн саккиз гектар майдонда қад ростлаётган “Namangan Square” мажмуасидир. У вилоятнинг “ҳаво дарвозаси”, яъни Наманган халқаро аэропорти яқинида жойлашган. Унга нисбатан қўлланилаётган “ақлли шаҳар” деган иборанинг ўзига қисқача тушунча берсак.

— Жаҳон миқёсида шаҳарсозлик анъаналарида ўзига хос инқилоб яратган бу тушунчанинг юзага келганига нисбатан кўп бўлгани йўқ, — дейди тажрибали меъмор Одилжон Қодиров. — У ахборот ва коммуникация технологиялари тараққиёти ҳамда шу соҳадаги ютуқларнинг шаҳарсозликда кенг фойдалана бошланганлиги билан боғлиқ. Яъни АКТ ва интернет имкониятлари шаҳарни, айниқса, унинг инфратузилмасини замонавий усулларда бош­қаришга йўл очади. Бу эса транспорт, таълимдан тортиб соғлиқни сақлаш ва уй-жой-коммунал хизматгача — ҳамма-ҳаммаси янада юқори ва мукаммал даражага кўтарилади демакдир. Шу туфайли аҳолининг турмуш фаровонлиги кескин ошади, уларнинг барча эҳтиёжлари янада тўлароқ қондирилади. Мазкур лойиҳа “MJ Developers” халқаро қурилиши компанияси томонидан амалга оширилмоқда.

Лойиҳага кўра, “Namangan Square”да 10 минг киши яшайди. Турар-жойлар асосан беш ва тўққиз қаватли бўлади. Шаҳарча аҳолиси кенг, ёруғ ва шинам хонадонларда истиқомат қилади. Улардаги ҳарорат ҳам доим мўътадил — қишда илиқ, ёзда салқин бўлади. Марказда иккита “осмонўпар минора” — 20 қаватли эгизак бинолар ҳам қад ростлайди. Улар нафақат шаҳарчанинг, балки бутун Наманганнинг рамзига айланади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси Исроил Жўраевнинг айтишига қараганда, Наманганда халқимизнинг буюк ўтмишини ўзида мужассамлаштирган манзиллар бис­ёр. Улар орасида қадимий Ахсикент харобалари ва “Чуст маданияти”га доир ашёлар, Косонсойдаги Муғ қалъаси, Попдаги Мунчоқтепа ёдгорликлари, бошқа кўплаб тарихий меъморий ёдгорликлар бор. “Namangan Square” эса уларнинг мантиқий давоми бўлиб, юртнинг келажакка интилаётганлигини тасдиқлайди, ҳар бир кишининг руҳини кўтаради ва кайфиятини яхшилайди. Шунингдек, “Нав­баҳор” стадиони, “Наманган” халқаро аэропорти, бешта меҳмонхона, кўплаб маданий-маиший, савдо хизмати кўрсатиш объектлари ҳам бор. Қолаверса, йирик инвестициявий лойиҳа — “Namangan city” ҳам айнан Давлатободда амалга оширилади.

Дарвоқе, янги туманнинг ҳудудий чегараси ҳам анчагина катта. Унинг таркибида 25 та маҳалла фуқаролар йиғини, 33850 та хонадон, 421 та кўп қаватли уй, 3 та касб-ҳунар коллежи, 18 та умумтаълим мактаби, 24 та мактабгача таълим муассасаси, 5 та тиббиёт муассасаси, 1280 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари, 698 та хизмат кўрсатиш объeкти, 429 та саноат корхонаси ҳамда 2 та маданий мерос объeкти мавжуд. Туманда ҳозир 149,6 минг киши яшайди. Бу Наманган шаҳри аҳолисининг 23,8 фоизини ташкил этади. Мазкур ҳудуд истиқболда замонавий кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисобига урбанизация жараёни жадаллашишига, шунингдек, янги инфратузилма объeктлари барпо этилиши ва аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада ривожланишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Шу ўринда Давлатободда “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида туманни рақамли трансформация қилиш бўйича лойиҳаларни рўёбга чиқариш кўзда тутилганлигини айтиб ўтиш лозим. Жумладан, бу ерда телекоммуникация инфратузилмаси ва мобиль алоқа тармоқларини ривожлантириш, ижтимоий соҳа объектларида оптик линияли алоқа тармоқлари қуриш лойиҳалари амалга оширилади. Таш­қи ёритиш чироқларини бош­қаришни автоматлаштирилган ахборот тизими йўлга қўйилади. Бу борада қуёш энергиясидан ҳам кенг фойдаланиш мўлжалланмоқда. Тумандаги мавжуд меҳмонхоналарда “E-Mehmon” ахборот тизими жорий этилган, бу улар оптик толали интернет тармоғига уланган, Wi-Fi ҳудудлари ишлаб турибди.

— Давлатободни ҳамма келажакка юз тутган туман деб таърифлади, — дейди “Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Чори Латипов. — Сафар давомида биз ҳам бунга ишонч ҳосил қилдик. Бунёдкорлик ишлари кўлами кенгайиши ҳисобига икки-уч йилдан кейин у янада кўркам ва чиройли қиёфа касб этиши турган гап. Иқтисодий салоҳияти ҳам кескин ортади. Энг муҳими, аҳоли турмуш фаровонлиги ошади.

***

Мамлакатимизда кейинги йилларда барча жабҳалар қатори таълим соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Албатта, бу борада янги замонавий муассасалар — Президент мактаблари ҳам муҳим роль ўйнайди. Улар эртанги кун учун юқори малакали кадрлар тайёрлашга пухта замин яратишга даъват этилган.

2019 йил охирларида қад рост­лаган Президент мактаби ҳам Давлатобод тумани ҳудудида жойлашган. Ўшанда унинг очилиш маросимида қатнашдик. Ҳамма бу ерда яратилган шарт-шароитлардан мамнун бўлди. Мамлакатдаги дастлабки шундай таълим масканларидан саналмиш мазкур мактабда ёш авлод вакиллари учун чиндан ҳам ажойиб шароитлар яратилган. Кенг, ёруғ ва шинам хоналар, замонавий жиҳозлар, юқори малакали устозлар…

Қисқаси, бу ерда келажак учун хизмат қиладиган барча омиллар муҳайё. Машғулот хоналаридаги электрон доскалар, компьютер мажмуалари, бошқа ахборот-коммуникация технология воситалари таълим жараёнларини юқори даражада ташкил этиш имконини беради. Олти минг номдаги адабиётлар жамланган кутубхона илм­севарлар ихтиёрида. Бўш пайтда спорт залида жисмоний тарбия билан шуғулланиш учун ҳам шароитлар мавжуд.

Дарвоқе, таълим масканининг раҳбари Абдурасул Пирназаров — партиядошимиз. У уч йилдан бери Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси. Аввал Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим инспекцияси вилоят бўлимига раҳбарлик қилган. Медиа-тур қатнашчилари иштирокида мактабда ўтказилган тадбирда вилоят партия кенгаши раиси И.Жўраев унга кенгашнинг ташаккурномаси ва “Адолат” СДП­нинг эсдалик нишонини топширганлиги бежиз эмас.

— Мен партияга киришдан олдин унинг низоми ва Сайлов­олди дастури билан яқиндан танишгандим, — дейди у. — “Адолат” СДП таълим соҳасида туб ислоҳотлар тарафдори эканлиги менга маъқул тушди. Боз устига ўша пайтдаги фаолиятим партия ғояларига ҳамоҳанг эди. Ҳозир ҳам шундай. Мамлакатнинг келажагини таъминлайдиган ёшларни тарбиялаш ишига муносиб ҳисса қўшаётганимдан бениҳоя мамнунман.

Шу ўринда Абдурасулнинг ўзи ҳақида икки оғиз сўз. У Косонсой туманининг Қўқимбой қишлоғида туғилган. Мактабни битиргач, Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтига ўқишга кирган. Бу ерда бакалавриат ва магистратурани тугатгач, Стокгольмдаги Швеция Қироллик технология институтининг докторантурасига ҳужжат топширган. Дунёга маш­ҳур олий ўқув юртларидан бирида таҳсил олганидан ҳозиргача фахрланади.

Бунда инглизчани пухта билганлиги қўл келди, албатта. У ерда қўшимча равишда швед тилини ҳам ўрганди. Илмий иш билан шуғулланиш жараёнида Осиё, Африка ва Америкадаги қатор мамлакатларда хизмат сафарларида ҳам бўлди. Ниҳоят, диссертацияни ёқлаб, техника фанлари бўйича фалсафа доктори даражасига эга бўлди ва юртимизга қайтиб келди. Ўзи ўқиган Наманган муҳандислик-технология институтида кафедра мудири бўлиб ишлади. Юқорида айтилганидай, бир муддат таълим инспекциясида ҳам фаолият кўрсатди.

Эътиборли жиҳати — Президент мактабида олдиндан мураккаб вазифаларни ҳал қила оладиган педагоглар жамоасини шакллантириш масаласи кун тартибига қўйилган эди. Бу иш билан жаҳонда танилган «Teachaway» (Канада) ва «TIC Recruitment» (Буюк Британия) рекрутинг компаниялари шуғулланди. Танлов асосида 11 нафар хорижлик ўқитувчилар қабул қилинди.

Америкалик Кенебрю Леонард Даррйл — уларнинг бири. У Иллинойс штатида туғилган, Рузвельт университетини таълимни бошқариш ихтисоси бўйича битирган. Ўз вақтида АҚШда ва қатор бошқа мамлакатларда ўқитувчи, мактаб директори бўлиб ишлаган. Шуни ҳисобга олиб, яқинда уни Президент мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари вазифасига тайинлашди.

Президент мактабида маҳаллий ўқитувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Мана, ўзбек тили ва адабиёти муаллимаси Нигора Қўчқоровани олайлик. У Учқўрғон туманидаги 13-умумтаълим мактабида қарийб йигирма йил дарс берган, олий тоифали ўқитувчи. Шогирдлари орасидан фан олимпиадаларининг туман, вилоят, мамлакат босқичлари ғолиб ҳамда совриндорлари жуда кўплаб етишиб чиққан. Бу эса, албатта, устознинг юксак педагогик маҳорат эгаси эканлигидан далолат. Бошқа педагоглар ҳақида ҳам ана шундай илиқ фикрларни айтишмумкин.

Вақт — худди дарё каби югурик. Бир неча йилдан сўнг ҳозир Президент мактабида таҳсил олаётган ўғил-қизлар мустақил ҳаётга қадам қўядилар. Ҳеч шубҳасиз, улар олий таълим муассасаларида мамлакат учун энг керакли мутахассисликларни эгаллайдилар ва самарали меҳнатлари билан Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшадилар.

Ислом ҲАМРОЕВ,

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

медиа-тур иштирокчилари

«Адолат» газетасининг 2021 йил 5 февраль 6-сонидан олинди