МАЪНАВИЙ–МАЪРИФИЙ ИШЛАР САМАРАДОРЛИГИНИ ОШРИШДА ЖУРНАЛИСТ МАСЪУЛИЯТИ

2021-02-04T13:11:52+05:004 Fevral, 2021|Умумий янгиликлар|

Медиа-турнинг иккинчи куни Наманган шаҳрида Нодирабегим номидаги вилоят ахборот-кутубхонасида вилоят ОАВ вакиллари, журналистлар, блогерлар иштирокида “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда журналист масъулияти” мавзусида давра суҳбати билан бошланди.

Дастлаб, манавий тадбирни Уюшманинг вилоят бўлими раиси Носиржон Деҳқонов кириш сўзи билан очди ва олиб борди. Давра суҳбатида асосий эътибор жорий йил 19 январь куни ўтказилган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалаларга қаратилди.

Унда сўз олган Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов вилоятда фаолият олиб бораётган журналистларга бугунги тезкор замонда манавият масаласига биринчи галда соҳа вакиллари ўз чиқишлари билан ўрнак бўлиши кераклигига алоҳида ўрғу бериб ўтди.

– Яқинда мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари “Агар кимдир, маънавият масаласи – бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади”, дея жуда тўғри таъкидладилар. Биз муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ана шу йиғилишда билдирган бу каби фикр-мулоҳазалари, берган топшириқларидан келиб чиққан ҳолда ишни ташкил этишга ҳаракат қилмоқдамиз. Илк ишимизни Уюшмамиз қошида маънавият хонасини очишдан бошладик ва бундай зиё масканлари эндиликда вилоятимиз бўлимларида ташкил этилади,–деди Холмурод Салимов

Бугун вилоятда 73 та ОАВ бўлиб уларда икки юзга яқин ижодий ходим –журналистлар, блогерлар фаолият олиб боришмоқда. Уларнинг касбий малакаларини ошириш, юртимиз ва вилоятда амалга оширилаётган маънавий-марифий соҳалардаги ишларни ютдошларимизга ҳолис, тезкор, таҳлилий шаклда етказиш борасида ҳам қатор тадбирлар, давра суҳбатлари, ўқув-амалий машғулотлари амалга оширилиб келинмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 25-31 январь кунлари «Косонсой» сиҳатгоҳида бўлиб ўтган семинар-тренингда ахборот хизмати раҳбарлари ва туман газеталари муҳаррирлари иштирок этишди. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ташаббуси билан ўтказилган машғулотда малакали тренерлар томонидан ижтимоий тармоқ ва сайтларда маълумотлар жойлаштириш, муносабат ва раддиялар тайёрлаш, юз бераётган воқеа-ҳодисаларни тезкорлик билан ёритиш юзасидан сабоқ ва тавсиялар берилган.

Давра суҳбатида сўз олган вилоят ҳокимининг матбуот котиби—ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Азизбек Абдувалиев марказий нашрлардан келган устоз-журналистларга вилоят ҳокимининг саломини ҳамда бундай медиа-тур, ижодий сафарларни изчил давом эттириш, вилоят мутасаддилари эса ҳар қандай ташкилий ишларга ёрдам беришини алоҳида айтиб ўтди.

Шунингдек, тадбирда бир қатор туман ва шаҳар ОАВ вакиллари, жумладан, Зоҳидахон Кенжаева, Нурбек Абдуллаев, Мўминжон Сулаймонов, Васила Турдибоева сўзга чиқиб, мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Қизғин мулоқот тарзида, очиқ, самимий руҳда ўтган тадбир якунида бир гуруҳ наманганлик фаол журналистларга Уюшманинг диплом ва совғалари, янги нусхадаги аъзолик гувоҳнома ҳамда кўкрак нишонлари топширилди.

 

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.