Вилоят аҳолисининг неча фоизи ишсиз?

2021-02-04T09:49:20+05:004 Fevral, 2021|Қашқадарё вил.|

Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят Бандлик бош бошқармаси ОАВ ҳамда блогерлар учун навбатдаги матбуот анжумани ташкил этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу галги матбуот анжуманида вилоятдаги барча шаҳар ва туман ҳокимликлари Ахборот хизмати раҳбарлари, аҳоли бандлигига кўмакашиш марказларининг директорлари ҳам таклиф этилдилар. Дастлаб вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи Бекзод Қурбанов, вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқовлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Шунингдек, шаҳар ва туман бандликка кўмаклашиш марказлари раҳбарлари ҳам туман ҳокимликлари Ахборот хизмати раҳбарлари билан ҳам ҳамкорлик Меморандумини имзоладилар.

Тадбирнинг иккинчи қисмида вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи Бекзод Қурбанов 2020 йилда тизимда амалга оширилган ишлар, 2021 йилги режалар хусусида ахборот берди.

Вилоят ҳокимининг ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича ёрдамчиси Алишер Раҳмоновнинг таъкидлашича, хорижга ишлашга кетган 167 минг 300 нафар қашқадарёликнинг 70 фоизидан кўпроғи Россия Федерациясида ишлаётган бўлса, қолганлари Қозоғистон, Кореяда, 7 фоизи эса Туркия ва Арабистон давлатларида меҳнат қилишяпти. Шунингдек, хорижга кетган қашқадарёликларнинг 21 минг 700 нафардан ортиғини аёллар ташкил этади.

— Вилоятдаги мавжуд 3 миллион 318 минг нафар аҳолининг 1 миллион 364 минг 500 нафари меҳнатга лаёқатли ҳисобланади,-дейди вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи Бекзод Қурбонов. -Вилоятда ишсиз фуқаролар 154 минг 900 нафарни ташкил этиб, бу вилоят аҳолисининг 11,4 фоизини ташкил қилади. Пандемия сабабли вилоятда ҳам ишсизлар сони анчагина ортиб, пандемия даврида иш ўрнини йўқотган меҳнат мигрантлари ва ишсиз фуқароларнинг 35 минг 600 нафари мавсумий жамоат ишларига жалб этилди. 2021 йилда вилоятдан 11 минг 600 нафар ишсиз фуқаро Бандлик бош бошқармаси кўмаги билан хорижга ишга юборилади.

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

ШАВКАТ СУЛТОНОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси,

уюшманинг Қашқадарё вилояти бўлими

Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси