Журналистлар Президент мактабида

2021-02-03T17:44:01+05:003 Fevral, 2021|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Журналист ва ҳаёт” лойиҳаси доирасида Наманган шаҳридаги Президент мактабига медиа-тур уюштирилди.

Тадбирда йигирмага яқин марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Медиа тузилмалар журналистлари бу маскандаги ўз тақдирини ватан тақдири, эртаси билан боғлаган иқтидорли ўқувчилар билан жонли суҳбатда бўлишди.

…Наманган Президент мактаби. Бу эътирофнинг ўзиёқ маррани баланд олиб, ўз орзулари йўлида астойдил интилаётган ёшларга катта масъулият юклайди. Аҳамиятлиси, зиё масканида ўзининг мустақил фикрига эга, қатиятли, илмга чанқоқ ўғил-қизлар ана шу юксак ишончни ҳис этиб астойдил билим олмоқдалар ва ҳар томонлама тегдошларига намуна бўлиб келмоқда.

Мактаб давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 28 феврал – 1 март кунлари вилоятга ташрифи давомида берилган топшириғига асосан 2019 йилда Наманган шаҳрида қуриб, фойдаланишга топширилган. Бугуни кунда мактабда 144 нафар ўқувчи таълим олади. Мазкур даргоҳга кириш юртимиз таълим муассасаларининг 4 синф битирувчилари орасида белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари ва ёзма имтиҳон натижаларига кўра амалга оширилади. Қабул имтиҳонлари Кембриж Университетининг (Cambridge Assessment International Education) бренди остида фаолият юритувчи Имтиҳон Кенгаши билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Сафар давомида биз ўзимиз учун мактабнинг кўплаб иқтидорли, билимга чанқоқ ўқувчилари қаторида Мироншоҳ Иномжоновни кашф қилдик. Зиёлилар оиласида вояга етган Мироншоҳ илк сабоқни Норин туманидаги 2 сонли рус тилига иҳтисослашган мактабда олади. У бошланғич синфда ўқиб юрган кезларидаёқ математика фанига қизиқар, оддий мисоллардан тортиб мураккаб масала, мантиқий амаллар, каср, сурат каби атамаларни устозларидан чуқурроқ ўрганишга интиларди. Бу иштиёқ уни кейинчалик Наманган шаҳридаги 2 сонли давлатга иҳтисослашган мактаб интернатига етаклайди.

Мироншоҳнинг онаси Соҳиба опа ўқитувчи. Ўқувчиларга биология фанидан сабоқ беради. Она ўғлидаги фанга бўлган қизиқишни анча илгарироқ англаган ва унинг ақлини чархлаш устида кўп ишлади. Қўшимча фанлардан тўгаракларга, тил курсларига, спорт машғулотларига жалб қилади. Бир дақиқа бўлсада вақтини бекорга ўтказмади. Меҳнатлари бесамар кетмади. Мироншоҳ мактаб интернатининг 9 синфни тамомлагандан сўнг Наманган шаҳрида очилган нуфузли мактабга, минглаб ўқувчилар “Қани эди мен ҳам шу ерда ўқисам” дея орзу, ҳавас қиладиган даргоҳга ўз кучи, билим-салоҳияти билан ўқишга киради.

–Ўғлим боғчада ўқиб юрган пайтларидаёқ қўлларида қўшиш, айриш амалларини бажарар, тушунмаган нарсаларини эса мендан сўрар эди. Ундаги иштиёқ мени ҳам она, ҳам ўқитувчи сифатида қувонтирар, демак, унга алоҳида эътибор билан қараш кераклиги, илмга бўлган иштиёқини синдириб қўймаслик масъулиятини юкларди. Мироншоҳ ўз кучи билан Президент мактабига кирганини эшитганимда кўзимдан ёш чиқиб кетди. Албатта, қувонч ёшлари. Меҳнатларим зое кетмагани, отаси билан унинг билим олиши, келгусида ватанимизга муносиб кадр қилиб тарбиялаш борасидаги ҳаракатларимиз тўғри эканлигига яна бир бор амин бўлдим. Унинг қўлга киритган натижаларини кўриб шундай ўғлим ва муносиб шогирдим борлигидан фахрланаман, – дейди онаси Соҳиба Раҳимова.

Иқтидорли ватандошимиз мактабда ўқиш бошланган илк кунларидан бошлаб устозларининг этагидан тутди, тинимсиз ўқиш, изланишда бўлади. Келгусида молия-иқтисод соҳасида ишлашни болаликдан ният қилгани боисми математика, физика, информатика ҳамда инглиз тили фанларидан чуқурлаштирилган шаклда таълим олишни бошлаб юборади. Илк натижалар бўй кўрсата бошлади. У ўтган 2020 йилнинг ўзида IELTS (халқаро инглиз тилини билиш даражаси) бўйича кўрсаткичи умумий 7 баллни ташкил этувчи маҳсус сертификатга ҳамда бир вақтда Буюк Британиянинг 5 та университетига (Vestminster, Grinvich, South London Bank, West London va Mnchestr) талабаликка қабул қилинади.

  • Ҳар қандай билим такрорлаб турилмаса тезда унутилиб кетади. Айниқса, математика, физика, информатика доимий изланиш, ўз устида ишлашни талаб қилади. Бу ерда ўқиш билан бир қаторда чел элда таҳсил олаётган тенгдошларимиз билан онлине тарзда фикр алмашиб турамиз. Аниқ мақсад, фанга, илмга, ўз касби, ватанига бўлган ҳурмат ҳудди бизники каби уларда ҳам жуда юқори туради. Ҳар гал менга «Сен Ал-Ҳоразмий, Беруний, Навоий юртиданмисан?» дея ҳавас билан қарашларини кўриб ғурурланаман. Бу ерни тамомлаб ўқишни чет элда, молия-иқтисод йўналишида давом эттирмоқчиман. Ривожланган давлатларнинг тажрибаларини ўқиб, ўрганиб, билимларимни икки карра мустаҳкамлаб юртимизга қайтиб унинг ривожи, салоҳияти йўлида хизмат қилиш олий мақсадларимдан бири,–дейди Мироншоҳ Иномжонов.

Албатта, бу масканда Мироншоҳ каби иқтидорли ўқувчиларни ҳар қадамингизда ўчратишингиз мумкин. Мактабда ўқувчиларнинг маънавий-марифий салоҳиятини ошириш борасида ҳам самарали тизим йўлга қўйилганини мактаб фаолияти билан танишиб чиқиш асносида гувоҳи бўлдик. Ўз фондида 10 мингдан зиёд китобни жамлаган замонавий кутубхона, ахборот-технолгиялари билан тўлиқ қамраб олинган хоналар, бундан ташқари ҳар бир ўқувчи учун замонавий планшет берилган бўлиб, улар таълим олиш билан бир қаторда тезкорлик билан юртимиз ва жаҳондаги янгиликлардан хабардор бўлиб боришади.

Шунингдек, Президентимизнинг ўғил-қизларимизга бирор чолғу асбобини чалишни ўргатиш, умуман, мусиқага ошно этиш борасидаги таклифи уларни маънан улғайтиришга, қалбларига эзгулик уруғлари экишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Наманган шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари учун қўшимча машғулотлар вақтида Миллий чолғу асбоблари, фортопиано, доира, хор ва рақс тўгаракларида мусиқа ижрочилигини ва рақс сирларини ўрганмоқдалар.

Ушбу тўгараклар қисқа вақт ичида мактаб ўқувчиларининг дарслардан ташқари севимли машғулотларига айланди. Миллий чолғу асбоблари тўгарагининг мақсади ўқувчиларни миллий санъатимиз, маданий меросимиз билан яқиндан таништириш, улар қалбида ўзбек халқ куйлари ва классик асарларига нисбатан муҳаббат уйғотиш ҳамда ижрочиликни ўргатишдир. Унда ўқувчилар рубоб, дутор, ғижжак каби чолғуларини чалишни ўрганмоқдалар.

Такидлаб ўтиш жоизки, Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement yoki International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.

Намангандаги Президент мактабига бўлган сафаримизни якунлар эканмиз, Мироншоҳ каби ватан тараққиёти, юрт истиқболи йўлида, маърифат, илм ошёнида заҳматли меҳнат қилаётган ёшларимизга омад тилаган ҳолда бу даргоҳдан Хорзазмийлар, Берунийлар, Форобийлар албатта, етишиб чиқади деган ишонч билан хайрлашдик.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.