Сардобалик ёшлар билан мулоқот

2021-02-02T07:13:17+05:002 Fevral, 2021|Сирдарё вил.|

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев бошчилигида 2021 йил 27 январь куни ўтказилган “Мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар юзасидан Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида ёшлар орасида “Маънавият кунлари” ўтказилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги томонидан махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган чора- тадбирлар режасига кўра “Маънавият кунлари “ Сардоба туманида кўргазмали тарзда ташкиллаштирилди.

Туман ижодкор ёшлари билан вилоятнинг атоқли журналистлари, шоир ва ёзувчилари, рассомлари билан ўтказилган учрашувлар айниқса жуда қизиқарли ўтди.

Тадбир иштирокчиларига туман мусиқа мактаби залида ташкил этилган “Китоблар кўргазмаси” ғоятда манзур бўлди. Унда вилоятда яшаб ижод қилаётган адиб ва шоирларнинг китоблари ҳам ўрин олган.

Ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда тўғри йўналиш бериш мақсадида сардобалик иқтидорли, адабиётга, журналистика ва сухандонлик соҳасига қизиқиши баланд, ҳаваскор ижодкорлар билан очиқ мулоқотлар, маҳорат дарслари ўтказилди.

Ўзбекистон журналистлари ИУ вилоят бўлими раиси, Бойжигит Абдуллаев, “Янги Сирдарё” газетаси маънавият бўлими мудири , Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Холида Пардабоева, вилоят Ахборот ва Оммавий Коммуникациялар бошқармаси ходими Моҳира Йўлдошевалар маҳорат дарсида журналистлик ва сухандонликка қизиқувчи ёшларга бу касбларнинг қийинчиликлари ва маъсулияти тўғрисида, ушбу шарафли , ҳамда машаққатли касб эгаси бўлиш учун нималарга аҳамият бермоқлик зарурлиги хусусида , шунингдек , инсон ихтиёридаги ғанимат дамларни, олтиндан қимматли ёшлик чоғларини қандай ўтказиш лозимлиги ҳақида ҳам атрофлича тушунчалар бердилар.

Таниқли шоир Хаким Абдулла, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзолари-шоирлар Хасан Абдувоҳидов ва Алишер Нур ёш ижодкорларга ижод аҳлининг сеҳрли дунёси, шеъриятнинг кенг ва сирли уфқлари тўғрисида сўзладилар, яхши ҳикоя ва шеърлар ёзиш учун кўп китоб ўқишлари кераклигини уқтирдилар, адабиётнинг жамиятдаги тарбиявий роли ҳақида ҳам фикр билдирдилар. Ёшларнинг ижод намуналарини ўқиб, баҳоладилар.

“Маҳорат дарслари”дан сўнг бир гуруҳ иқтидорли ўқувчиларга мусиқа мактаби раҳбариятининг эсдалик совғалари топширилди ва ёшлар меҳмонлар билан хотира учун суратга тушдилар.

Ёшлик-шунинг учун қадрлики, унда орзулар, келажак учун интилишлар мужассам. Келажакда комил инсон бўлиб камол топишни, эл хизматига камарбаста бўлишни, хавасда бўлган касблари сир-синоатларини пухта эгаллашни ният қилган ёшлар учун бу мулоқотлар жуда қимматли бўлган шубҳасиз.

 

Дилором Исмадиёрова,

Сирдарё вилояти.