Сарҳисоб

2021-01-29T09:27:05+05:0029 Yanvar, 2021|Сирдарё вил.|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бўлимининг 2020 йил якунларига бағишланган кенгайтирилган ҳайъати йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят, туман газеталарининг вакиллари, республика газеталарининг вилоятдаги мухбирлари , вилоят ташкилот ва муассасалари матбуот котиблари, блогерлар иштирок этдилар.

Йиғилиш аввалида Президентимизнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигига бағишланган 19-январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида қилган нутқларидан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида фикрлашилди.

Президентимизнинг – Биз, янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилар эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси-бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятдир,- деган сўзлари барчамизни тўлқинлантирди,-дейди “Янги Сирдарё” газетаси маънавият ва маърифат бўлими мудири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Холида Пардабоева.

– Бу борада айниқса , биз журналистларнинг зиммамизда катта маъсулият бор. Матбуотда, ОАВ ларида ижтимоий тармоқларда ҳамкасбларимиз энг фаол тарғиботчи бўлишлари лозим. – Республика маънавият ва маърифат маркази ишини қайтадан кўриб чиқиб, такомиллаштирилиши бу йўналишда кўзланган натижаларни бериши шубҳасиз.

-Президентимизнинг лоқайд бўлмасликка чақиришилари, маънавият барчанинг иши эканлигини бот-бот таъкидлашлари биз зиёлиларни ҳозиргидан кўпроқ ҳаракатга солиши керак,-деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Норинсо Қосимова,- Ҳаммамизга маълумки, Президентимизнинг Ўзбекистонинг янги тараққиёт даврида таълим –тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6108-сонли Фармонига муофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир умумтаълим муассасида ойлик маош асосида “Ижодий –маданий масалалар бўйича тарғиботчи” лавозим жорий этилди. Бу лавозимга вилоятимиздан шоир ва ёзувчилар, журналистлар, зиёлилар орасидан эл ичида обрў топган, билимдон ва воизларидан 56 нафари сараланди. Энди улар мактабларда аввало шу улуғ эзгу мақсадлар йўлида фаолият кўрсатадилар.

-Ушбу ведиоселектор йиғилишидан сўнг биз иш режамизни маънавий-марифий йўналишидаги вазифалар билан янада бойитдик,-дейди “Университет овози” газетасининг бош муҳаррири Мунаввар Пардаев,- ёшлар газетаси бу борада муҳим ишларни амалга ошириши керак. Мени қувонтиргани талабаларимиз селектор йиғилишидан сўнг шу мавзуда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқдалар, мақолалар ёзмоқдалар.

Шунингдек “Гулистон ҳаёти” газетаси бош муҳаррири, “Эл-юрт ҳурмати” ордени нишондори Баҳринсо Норжигитова, “Янги Сирдарё “ газетаси бўлим мудири Ҳасан Абдувоҳидов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот котиби Ғуломжон Примов, “Новая Сырдарья” газетасининг мухбири Лола Нишонова ,“Ёш замондош” гуруҳи блогери Зокир Оққуловлар ҳам маънавий-маърифат тарғиботи ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.

Бу йил сирдарёликлар учун коронавирус пандемияси бир синов бўлган бўлса, Сардоба сув омбори тошқини иккинчи синов бўлди. Бу синовлар журналистлар зиммасига ҳам катта маъсулиятларни юклади.

Эл бошига иш тушган шундай кийин паллаларда журналистлар воқейликнинг энг қизғин нуқталарида бўлдилар. Коронавирус пандемиясига қарши кураш чора-тадбирлари,Сардоба воқеалари, сув босган Сардоба,Оқолтин,Мирзаобод туманидаги вазият,аҳолининг кайфияти, Президентимиз,ҳукуматимиз,ҳомийларимиз томонидан кўрсатилаётган беғараз ёрдамлар, туманлардаги улкан бунёдкорлик ишлари,замонамиз қаҳрамонлари журналистлар ва блогерлар томонидан холис, батафсил ва ўқишли тарзда ОАВ да, босма нашрларда, ижтимоий тармоқларда ёритилди.

Бутунлай ўзгача чирой очган Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларига икки марта республика журналистлари иштирокида медиа-тур ташкил қилинди.

Кун тартибидаги “2020 йил якунлари ҳисоботи” юзасидан уюшманинг вилоят бўлими раиси Бойжигит Абдуллаевнинг маърузасида ҳамкасбларимизнинг ушбу синовли йилдаги матонатли хизматлари мамнуният билан эътироф этилди.

Нотиқ ўз маърузаси орқали 2020 йил давомида уюшма томонидан амалга оширилган ишлар, ўтказилган тадбирлар, семинар-тренинглар тўғрисида батафсил маълумот берди, уюшма аъзолигига номзодларнинг ҳужжатлари йиғилиб, суҳбатдан ўтказилаётганлиги, уюшма аъзоларининг 60 нафарига янги аъзолик гувоҳномалари топширилгани, бир неча нафар ёрдамга муҳтож кекса журналистларга моддий рағбат кўрсатилгани, фаол ижодкорлар Фахрий ёрлиқлар билан тақдирланганини айтиб ўтди.

Йиғилишда уюшманинг 2021 йилга белгиланган иш режаси муҳокама қилинди, ўрни бўшаб қолган ҳайъат аъзолари таркиби тўлдирилди, Ўзбекистон Журналистлари ИУ Сирдарё вилоят бўлими ҳузурида ташкил этилган журналистлар касб этикасига доир жамоатчилик кенгаши аъзолари таништирилди.

Таклиф ва мулоҳаза юзасидан сўзга чиққан ижодкор, “Янги Сирдарё” газетаси бўлим муҳаррири Муҳаммадали Аҳмад журналистнинг этикаси ва одоб-ахлоқи хусусида сўз юритиб, бу касб эгаси ҳаётда ҳаммага ўрнак кўрсатиши, унинг сўзи ҳамиша адолатли бўлмоғи зарурлигини алоҳида таъкидлади. “Народное слово” газетаси Сирдарё вилояти мухбири Тўлқин Аҳмадалиев журналистларнинг ҳамиша бирдам бўлиб, ягона мақсадни кўзлаб, олдинги сафларда боришлари кераклиги ҳақида ажойиб фикрларни ўртага ташлади. “Университет овози” газетаси бош муҳаррири Мунаввар Пардаевлар ҳам ўзларининг ёрқин фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Йиғилиш сўнгида барча кўрилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.

Дилором Исмадиёрова,

Сирдарё вилояти.