Эзгулик шарофати

2021-01-29T06:06:36+05:0029 Yanvar, 2021|Бухоро вил.|

Президентимиз то­мо­нидан “замонамиз жа­диди” дея эътироф этилган ­Тўхтамурод Жумаев “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланиб, у ҳақда каттагина очерк ёзиб, ту­маннинг “Қоракўл садоси” таҳри­риятига олиб борганимда, йўл-йўлакай “Тўхтамурод муаллимнинг аллақачон ҳаётда ўз ўрнини топган етук шогирдлари ҳақида туркум очерк-ҳикоялар ёзсам қандай бўларкин…” деган ўй-хаёл шууримдан нари кетмади.

Таҳририят аъзолари газетанинг навбатдаги сонини “пишитиш” билан овора экан. Муҳаррир “Муҳаммад ака, бирпас ичкарига кириб туринг”, — деди. Ичкарида истарали бир йигит аллақандай қоғозларга кўз югуртириб турган экан. Салом-аликдан кейин син солсам, кўзимга иссиқ кўринди.

— Яхши йигит, сизни қаердадир кўргандекман… — дедим.

— Академик лицейнинг 25 йиллик юбилейида мен сизларнинг даврангизга хизмат қилганман, — деди йигит самимият билан.

“Қаранг-а, хотираси кучли экан, тўрт-беш йил бурун бир кўрганини эслаб қол­са-я”, — ўйладим мен.

— Сиз ҳам менга ўхшаб ёзиб-чизиб турасиз, шекилли.

— Ҳа, хизматчилик, онда-сонда ҳисобот тариқасида баъзи бир “антиқа” жиноий ишлар борасида ёзиб, халқимизни воқиф қилиб, бошқаларни, айниқса, ёшларни бундай касофатлардан нари юришга ундаймиз.

— Ҳуқуқшуносман, денг…

— Шунга яқинроқ.

Алқисса, гапимиз қовушиб, гурунгга шўнғидик.

— Қаранг-а. Бу ёққа келаётганда, Тўхтамурод муаллим ва унинг шогирдлари ҳақида туркум мақола-очерклар ёзишни кўнглимдан ўтказган эдим. Фаришталар “Омин” деган эканми, мана, Сиз учраб турибсиз. Малол келмаса, ўзингиз ҳақингизда батафсилроқ сўзлаб берсангиз, бекор ўтиргандан кўра — бекор ишлаган яхши, дейдилар-ку, — ҳазилга йўйдим мен.

— Лицейимизнинг 25 йиллиги ҳамда устозимиз Тўхтамурод Жумаевнинг 70 ёшга тўлиши муносабати билан ўтказилган юбилей сўнгида Сизнинг шоира ­Хосият Бобомуродова билан биргаликда яратган “Саккизинчи мўъжиза” китобингиз юзга яқин собиқ лицей битирувчиларига совға қилинган эди. Ҳозир ҳам ўша китоб жавоним тўрида туради. Бот-бот варақлайман, муаллимлар, синфдошларимни эслаб, хотираларимни янгилайман. Ўтган йили биздан кейинроқ лицейни тугатган бир гуруҳ собиқ ўқувчилар устозлари ҳазрат домла Раҳимовга енгил машина совға қил­ганликла­рини эшитиб, ҳая­жондан тўлқинланиб кетдим. Кейин эшитсам, бу камсуқум инсоннинг ҳатто ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам йўқ экан…

— Ўзингиз ҳам тез-тез устозларни йўқлаб турсангиз керак?

— Албатта! Айниқса, Тўхтамурод домла бош мия жарроҳлигини ўтказгандан кейин тез-тез гоҳ ўзим, гоҳ дўстлар билан бирга бориб кўриб турамиз.

Тўғриси, биз, шогирдлар “Устоз отангдан улуғ” деган ақидага амал қилган ҳолда устоздан ўзимизни бир умр қарздор деб биламиз. Ахир, мактаб-интернатни ташкил қилиш учун бор-будини ­сарфлаб, мактабни очиб, ота-оналар ишончига кириш учун қанчадан-қанча тўсиқларни енгиб ўтишларига тўғри келганини биламиз. Устозимизнинг қийинчиликлари эвазига яратилган мактаб нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёга маш­ҳур бўлди. Бу инсонни бошимизга кўтариб юрсак ҳам камлик қилади…

— Ҳаёт йўлингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

— 1984 йилда Қоракўл тумани, “Қозон” қишлоқ фуқаролар йиғинида туғилганман. Дастлаб Ҳамид Олимжон номидаги 19-сон мактабда ўқиб, 9-синфни битиргач, танлов асосида овозаси оламни тутган ўша машҳур лицейга қабул ­қи­линдим. Салоҳиятли устозлар илмидан, меҳридан, тарбиясидан баҳраманд бўлдим. 2001 йилда Ички ишлар академиясига юқори баллар билан киришга муваффақ бўлдим. Ўқишни тугатиб, Қоракўл туманида терговчи бўлиб иш бошладим, Когон тумани ва шаҳри ички ишлар бўлимида 2005 йилдан 2017 йилгача терговчи, тергов бўлинмаси бошлиғи лавозимларида ишлаб, 2014 йилда Президентимиз Фармони асосида “Шуҳрат” медали билан тақдирландим.

— Демак, Когон шаҳрида 2008 йилда содир бўлган ­воқеалар гирдобида ҳам бўлгансиз.

— Ҳа, собиқ тузумдан қолган, маънан эскирган қурол-яроқлар захираси ҳаракатга келиб, халқимизга анча ташвиш орттирган эди, ўшанда. Қаровсиз қолган кўчалар, корхона-ташкилотлар бино-ҳовлиларини кеча-кундуз назоратда сақлашга тўғри келди. Давлат, ҳукумат раҳбарларининг қатъий саъй-ҳаракатлари боис, қалтис вазият қисқа муддатда бартараф қилинди. Узоқ йиллар терговда ишлаб орт­тирган тажрибамни янада бойитиш мақсадида 2017 йилда Ички ишлар вазирлиги Академиясининг раҳбар кадрлар тайёрлаш муассасасига ўқишга кириб, 2018 йилда таҳсилни якунига етказдим. Бухоро туманида қисқа муддат ишлагач, Ромитан тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг 1-ўринбосари лавозимида бир йилдан ортиқ фаолият юритдим. 2020 йилнинг даст­лабки кунларидан буён ўзим туғилиб-ўсган, жиноятчилик бўйича оғир ҳудуд ҳисобланган Қоракўл туманида ички ишлар бўлими бошлиғининг 1-ўринбосари вазифасида ишлаяпман.

— Қандай экан, ўз туғилиб-ўсган жойингда ишлаш?

— Ҳам шарафли, ҳам масъулиятли ва оғир. Лекин мақсадимиз битта — жиноятчиликнинг олдини олиш ва кескин камайтириш.

— Фаолият давомида қизиқарли воқеалар ҳам бўлиб турса керак?

— Бир воқеани айтиб берсам, таажжубдан ёқа ушлайсиз. Туманимиздаги қишлоқларнинг бирида Дилфуза (исми ўзгартириб берилмоқда) деган аёл уйи­дан жамғариб қўйган 4700 АҚШ доллари йўқолганлиги ҳақида ички ишлар бўлимига мурожаат қилди. Воқеа жойига бордик, из олувчи “Вулкан” лақабли ит ҳам олиб келинган эди. Ит ўғрилик бўлган уйдаги ўғил ­болага тегишли бўлган ки­йимларни искаб, нуқул бе­зовта бўла бошлади. Суриштирсак, кийим эгаси шу оиланинг 21 яшар ўғли эканлиги, у яқинда Тошкент шаҳрига кетганлиги маълум бўлди. Гумонланувчининг мазкур ишга алоқаси бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида Тошкентга бориб, яшаш жойида у билан учрашиб, далиллар воситасида жиноятни фош этдик. Асадбекнинг ўз уйидан пул ўғирлаб кетиб, Тошкент шаҳрида ушбу пулларга машина сотиб олганлиги, кира қилиб юрганлиги аниқланди. қизиғи шундаки, уйида ўғрилик бўлган оила аъзолари ўғлини суриштирганимизда, бизнинг устимиздан юқори органларга арз қилишдан ҳам тоймадилар. Жиноят фош этилгандан кейин, масала улар яшаётган маҳаллада кенг муҳокама қилинди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

— Қизиқ воқеа экан. Қадимдан қолган бир мақол бор. ўғри мол топмаса, ўз телпагини узоқроққа отиб, писиб бориб “ўғирлар” экан… Қоракўлга келишингиз пандемия даврига тўғри келди…

— Дарҳақиқат, халқимиз бошига синовли кунлар тушди. Бу вазият шифокорлар билан бир қаторда, ички ишлар ходимлари зиммасига ҳам жуда катта масъулият юклади. Аввалига анча қи­йин бўлди. Айниқса, ёшлар ўртасида карантин тартиб-қоидаларини бузиш ҳоллари кўп учради. Ходимларимиз сабр-бардош билан профилактика ишларини олиб бордилар. Касалликни даволашдан кўра унинг олдини олган афзал деганларидек, бизнинг ишда ҳам ҳуқуқбузарликни жазолашдан кўра унинг олдини олган яхши. Ходимларимиз бозорларда, маҳаллаларда, кўчаларда, қолаверса, хонадонларда аҳоли билан учрашиб, тушунтириш ишларини олиб бордилар. Зарур бўлганда, қатъий чоралар ҳам кўрилди. Бунинг натижаси ўлароқ, ниқоб тақиб юриш, гигиена қоидаларига риоя қилишга кўникиб қо­лишди. Тўй-ҳашамлар ҳам тартибга кирди. Натижада эпидемиологик вазият сокинлашиб, ишчи ишини, деҳқон юмушини бемалол бажариб, баракали ҳосил учун замин яратмоқда. Болажонларимиз боғчаларга, катталари мактаб-лицейларга, ­талабалар олийгоҳларга ўқишга қатнай бошлагани биз учун ҳам қувончли воқеа бўлди. Буни, аввало, Президентимизнинг оқилона ва доно сиёсати ҳосиласи, деб биламан.

Жамшид Тангриев билан бўлган суҳбат давомида аён бўлдики, бугун дунё тан олаётган мактабда олинган илм, шакллантирилган қобилият ва қаттиққўллик билан берилган тарбия унга ўқиш ва масъулиятли фаолият даврида такрор-такрор асқотган ва бугун ҳам унга қўл-қанот бўлиб хизмат қилмоқда.

Шубҳасиз, Тўхтамурод Жумаев шогирдлари орасида мамлакатимиз иқтисодий ва ижтимоий-маънавий ҳаётининг турли жаб­ҳаларида самарали хизмат қилаётган Жамшидбек каби юзлаб йигит-қизларнинг борлиги барчамизга фахр-ифтихор бағишлайди. “Замонамиз жадиди” сингари фидойи инсонлар меҳнати йиллар давомида ўз мевасини беришига қайта-қайта амин бўламиз.

Муҳаммад ПИРРИЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Бухоро вилояти.